“Дамас”лар бормайдиган бекатлар

0
43

Бугун чўнтагида йўл кираси бўлган одам чекка қишлоқда бўладими, ярим тунда бўладими кўчада қолиб кетмайди. Ҳатто хизмат кўрсатаётган техникалар кўплигидан йўловчи йўналишидаги “Дамас”нинг орқа ўриндиғига ўтишга эриниб, кейингисини кута бошлайди.

Мободо, шу техника воситаси танқис бўлсин-чи, ана шундай кимсалар орқа-олдига қарамай орқа ўриндиққа бўлса ҳам қандай чиққанини билмай қолиши тайин.

Яқинда ишдан қайтаётиб, 305 йўналишли  давлат рақами 75 С 710 СА бўлган  “Дамас”га чиқдим. Мен чиққан жойда 5-6 нафар йўловчи ҳайдовчидан янги “Шоҳбекат”га борасизми, дея сўради. Ҳатто биттаси уйига шошилганидан, ҳайдовчининг “йўқ” жавобини эшитмай чиқиб олганидан, “уҳ” тортиб тушиб қолди? Бу эса ҳар куни такрорланадиган ҳолат. Ишим сабабли доим шу йўналишдаги автоуловларда қатнайман. Билиб қолганманки, уларнинг кўпчилиги Мангузарга ва янги “Шоҳбекат”га бормайди. Бугун камина чиққан 305-маршрут “Дамас”, ҳатто эски шоҳбекатдан сал нарироқдаги Ангорга кетадиган таксилар турган бекатга ҳам бормаслигига нима дейсиз?

Темир йўл вокзалига келгунча бошқа йўловчилар тушиб, фақат мен қолганимдан кейин ҳайдовчи эски Ангор бекатига бормаслигини айтиб, ўшқира бошлади. Мен эса эшитмаганимни айтиб қолавердим. Минг афсуски, ҳайдовчининг қарори қатъий, мени машинадан тушириш эди. Сабаби поезд келган, кўчада йўловчилар тирбандлиги бошланган, машинани шу ердан қайтариб олиб, мижозлар кўпроқ бўлиб турган томонга “хизмат” қилиб фойда олиш ниятида эди. Энг алам қиладиган гапи минг сўм бермаслик учун тушмай тортишаяпсиз, дегани бўлди. Бир ўйлаб кўрингчи, ҳайдовчи сабаб манзилга  етмай туриб, нега унга йўл ҳақини беришим керак? Хуллас, машинадан тушмасам, уриб туширишга шай турган ҳайдовчи онаму ўзимни ҳам бақириб сўкиб, машинасини ҳайдаб кетди. У мендан йўл ҳақи ололмаганидан, мен эса йўловчиларнинг ҳуқуқлари поймол этилаётганидан,  оналаримиз минг сўм учун ҳақоратга қолиб кетаётганлигидан дарғазаб эдик.

Тўғри, йўлда ҳар хил ҳолатлар бўлади. Баъзида ҳайдовчиларга шошилинч қўнғироқлар бўлиб қолади ёки бир киши учун вақт ва ёнилғи сарфламаслик учун “акажон, опажон бош- қасига ўтиб олинг”, де- йишади. Ҳатто баъзи ҳайдовчилар бошқа “Дамас”ни тўхтатиб, “олиб кетинг”ни жойига қўйиб, бошқа уловга чиқариб қўйишади. Халқ тушунади, хафа ҳам бўлмайди.

Ҳалиги ҳайдовчининг онаси, балки момосига тенгдошдирман. Қари кампир, қўлингдан нима келади, қабилида иш тутаётган айрим зўравонлар учун хоҳласа борадиган, хоҳламаса бормайдиган ҳайдовчиларнинг бундай хурмача қилиқларига кўз юмиб, ўзбекчилигимиздаги бағрикенглигимиз, майли буниси бўлмаса, бош қаси бор-ку, дея қўл силтаб кетаверишимиз сабабдир балки.

305-йўналиш бўйича қатнайдиган “Дамас”лар шунчалик кўпки, бекатда уларни ҳатто 5 дақиқа кутмаймиз. Аммо уларнинг сифатли хизматини таъминлаш кимнинг зиммасида? Бу ҳақида ОАВ орқали жуда кўп бор бонг урилаяпти. Аксарият ҳайдовчилар муомала маданиятини билишмайди. Ойда бир марта маош оладиган ишчи билан кунлик пул топадиган ҳайдовчи “эгар”да туриб, беписандлик билан муносабатда бўлиши керакми? Минг сўм учун оналаримиз ҳақоратланиши, асабимизнинг бузилиши қандай одобсизлик, маданиятсизлик!

Ким хулоса қилиши керак? Ҳайдовчиларнинг бундай хатти-ҳаракатини мутасаддилардан тартибга солишларини сўраб қоламиз.

Шоира ДАВЛАТОВА,
ТерДУ ўқитувчиси

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг