Бош саҳифа / Жамият / Дафтарга киритилганлар тақдири

Дафтарга киритилганлар тақдири

У билан кимлар қизиқяпти?

Қизириқ туманидаги “Халқобод” маҳалласида 677 та хонадонда 770 та оила истиқомат қилади. Аҳоли сони эса 3577 нафар бўлиб, 18-30 ёшдаги ёшлар 784 нафарни, 30-55 ёшдаги аёллар 513 нафарни ташкил этади. Мазкур маҳаллада яшовчи 92 нафар ёш “Ёшлар дафтари”га, 24 нафар хотин-қиз эса “Аёллар дафтари”га киритилган. Хўш уларни бирор касбга йўналтириш, муаммоларини ўрганиш, саломатлиги билан боғлиқ мурожаатларни ечиш бўйича қандай амалий ишлар олиб борилмоқда?

Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи, 3-сектор раҳбари, полковник А.Исмоиловнинг ишчи гуруҳи Қизириқ туманидаги “Халқобод” маҳалласида аёллар ва ёшлар дафтари бўйича олиб борилаётган ишларни ўрганди. Бу ҳақида вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Ишчи гуруҳ айнан юқоридаги масалаларга эътибор қаратди. Мисол учун, улар секторда ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича ташкил қилинган пазандалик ўқув курсларининг жиҳозланганлигини кўздан кечирди. Шу билан бирга, ишчи гуруҳ қабулига келган хотин-қизлар ушбу ўқув курси иш жараёни билан яқиндан танишдилар.

— Маҳалламиздаги Маданият ва Шодлик кўчалари анча йиллардан бери нотекис тупроқ кўчалар эди, — дейди “Халқобод” маҳалласида яшовчи Зокир Алламуродов. — Тупроқ кўчанинг айниқса, ёғингарчилик мавсумида лой бўлиб, одамларга ноқулайлик туғдиришини биласиз. Шу боис, вилоят ИИБ бошлиғи ишчи гуруҳидан шу иккита кўчани тошлашни илтимос қилдик. Улар келиб, кўчаларни кўздан кечиришгач, тезда тош тўктиришди ва кўчалар текисланди.

Яна ҳудудда аҳолининг тиббий ёрдамга муҳтож қатламини ўрганиш бўйича малакали тиббиёт ходимлари томонидан 848 нафар фуқаро шу ернинг ўзида тиббий кўрикдан ҳам ўтказилиб, юрак қон-томир касалликлари бўйича 21 нафар, нафас йўллари билан боғлиқ касалликлари бўйича 52 нафар, марказий нерв тизимида муаммоси бор 8 нафар, буйрак ва сийдик касалликлари бўйича 16 нафар, кўз касалликлари билан оғриган 8 нафар фуқаро чуқурлаштирилган кўрикдан ўтказилди. Шундан сўнг, амбулатор шароитда даволаниш учун 88 нафар, стационар шароитда даволаниш учун 17 нафар фуқарога тавсиялар берилди ва зарур тиббий муолажалар қилинди.

Ишчи гуруҳ томонидан  ёшлар ва аёллар дафтарига киритилган ёшлар ва аёлларнинг муаммолари хонадонларига бориб ўрганилди. Ёшлар томонидан қилинган 41 та мурожаатнинг 12 таси жойида ижобий ҳал этилди. Қолганлари бўйича масъул ташкилотларга топшириқлар берилди.

Феруза Раҳмонқулова

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Яхшилар кўмаги Бехзодни ҳаётга ишончини қайтарди

Бир куни Бехзод мактабда тўсатдан бошланган оғриқдан кўксини чангаллаганча йиқилди. Синфдош дўстларию ўқитувчилари бир амаллаб …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan