Бош саҳифа / Жамият / Дада, сиз ягонасиз

Дада, сиз ягонасиз

— Қизим, уйғон ташқарида қор ёғаяпти, — дея уйғотишингиз ҳеч ёдимдан чиқмайди, дада. Шу гапларингиздан кейин югуриб деразадан кўчага қарардим. Борлиқ оқ либосга бурканган. Худди эртаклар мамлакатига тушиб қолгандек бўлардим, қувончим ичимга сиғмасди. Мана кунлар, ойлар, йиллар ўтди. Улғайдим. Болалигим, болаларча шўхликларим ҳам болаликнинг чанг кўчаларида қолиб кетди. Ўша кунлар ё хотирамда, ё тушларимда акс этиб, баъзан ширин ҳаёлларга, баъзан эса оғриқли нуқталарга айланади.

Дада, сира улғайишни истамасдим. Охирги бир неча йил туғилган кунингизда ёнингизда бўлолмадим. Энди шу қутлуғ кунда ёнингизда бўламан деганимда эса сиз дийдорни насия қилдингиз.

Ўша куни ош пиширдим, дада. Мен пиширган ошни мақтаб ердингизку. Бозордан сиз яхши кўрган егуликларни харид қилдик. Ахир анча йиллардан бери тобингиз йўқ. Ош тайёр бўлгач эса:

—     Эрта ерман, — дедингиз.

Юрагим алланечук ғаш. Ўша кунги тун ҳеч эсимдан чиқмайди. Ўша чинқириқ, ўша даҳшатли ун мендан чиқдими, ҳали ҳануз англай олмайман.

Дада, ёши улуғлар ҳаётни тарк этса, тўй дейишади. Аммо сиз энди олтмиш учни қаршилагандингиз. Сиз ётадиган хонада оёқ учингиз томонда жимгина ўтираман ва олдин шу ерда ётганингизни ҳаёл қиламан. Ҳозир ҳам ётибсиз, уйғониб қолмаслигингиз учун унсиз йиғлайман. Музлатгичда эса сиз, “Эрта ерман”, деган мен пиширган ош…

Тун борлиқни қоплашидан қўрқаман. Зулмат қалбимни эгаллаб олиб, қарғалар юрагимга чанг солаётгандек. Ҳовлимиз тўрида ўсадиган номозшом гул ёнида арвоҳ капалак ҳар тунда айланади. Мен эса яна хотиралар домига ғарқ бўлиб, хонам томон шошаман.

Ўша кунларга ҳам мана беш йил бўлаяпти. Аммо ҳаммаси кечагина бўлгандек. Дада, дада, дея ёшлигимдан саволларга кўмиб ташлардим. Энди эса мана беш йилдирки, бу сўзни айта олмайман. Бошқалар айтганида эса ҳавасим келади.

* * *

Қани эди вақтни ортга қайтаришнинг иложи бўлса… Қайтара олганимда, ҳовлимиздаги гулларга қўнаётган капалакларни қувиб, беармон ўйнаб юрган Сайёрага қайтиб қолардиму, вақтни тўхтатиб қўярдим. Чунки, мени ҳаёлий девлару ажиналардан ҳимоя қила оладиган тоғдек таянчим, сиз бўлардингиз.

Дада, эсингиздами ўқишдан қайтарканман, ёнингизга шошардим. Хонангизда эканингизни билсам-да, онамдан: “Она, дадам қани”, -дея сўрардим. Сўнг сизни хурсанд қиладиган хабарлардан воқиф қилардим. Негаки, мен ҳақимдаги кичиккина фикр ҳам кўнглингизни осмон қадар кўтарар эди.

* * *

Дада, назаримда сиз нафақат суянган тоғим, балки энг яхши дўстим ҳам бўлган экансиз. Афсуски, буни кеч тушуниб етдим. Қизлар учун ота дўст бўлиши кам ҳолларда учрайдиган ҳодиса, тўғрими… Дада қизингиз турмушга чиқди. Ҳамма қизларингизга оқ фотиҳа берардингиз ва уйимиздан кўзда ёш билан кузатардингиз. Менга-чи, дада? Ёнимда қўлларини қовуштириб, онажоним титраганча йиғларди… Тўйларда энг таъсирли, ҳаяжонли дақиқалар қизнинг ота уйидан кузатилиши. Мен энг бахтиёр дамларимда қалбда кемтиклик билан яқинларимдан узоқлашардим. Аммо биламан, дада, сиз бўлганингизда менинг тўйим энг яхши тўй бўларди.

* * *

 Дада, ота-она бўлиш нима эканини фарзандли бўлибгина тушуниш мумкин экан. Унгача эса фақат фарзанд бўлиб ўйларкансиз. Оналик бахти мени кўп нарсаларга ўргатди. Ўғлим кўзларидаги қувончни кўрсам, қанотим бору бахтдан самоларга учадигандекман. Аммо жони оғриса, мен ундан кўпроқ қийналаман. Демак, сиз ҳам мени шунчалар кучли меҳр билан суйган экансиз-да. Ҳатто, берган танбеҳларингизда ҳам оталарча бағрикенглик, ғамхўрлик ва куюнчаклик бўлган экан. Нодон қизингиз эса баъзида сиздан хафа бўлибман, ўпкалабман. Кўзларимга дунё тордек, ҳафсалангизни пир қилгандек ҳаёлга борибман. Аслида эса ҳеч нарса ўзгармаган экан…

Дада, ўғлимни кўра олмадингиз. Фарзандим эса сиздек бобоси борлигини фақат биздан эшитади, холос. Аммо биламан, бобоси у учун энг яхши қаҳрамон сифатида хотирасида қолиши учун сиз ҳақингизда сўзлаб беришни ҳеч ҳам канда қилмайман.

* * *

Дада, фарзандини суйган, қизи камолидан бахт топа олган бир ота сиздай бўлар-да! Энг танти, ота наздида энг яхши қиз бўлса, балки мендек бўлар! Дада, сизни эрта йўқотганим учун қалбим ўксийди. Аммо, ҳеч бир қиз туймаган меҳрни, эътиборни, муҳаббатни туйдимки, буларнинг бари жуда қисқа тушда кечгандек содир бўлган бўлса-да, бу туйғулар бир умрга татийди… Ўзгалар наздида, дадам оддий инсон бўлгандир, аммо мен учун ҳеч кимнинг отасига ўхшамаган отасиз. Мен эса бир умр сиз истагандек энг суюкли, энг қадрли қиз бўлиб қоламан.

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳидоят деб залолатга кетманг!

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар кузатилаяпти. Муқаддас динимизга қаратилган эътибор …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE