Бош саҳифа / Жамият / Дабдаба жамиятни хароб қилади

Дабдаба жамиятни хароб қилади

Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар афсуски, кейинги пайтларда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмаслик, ачинарли тарздаги исрофгарчилик билан ўтаяпти.

Мазкур долзарб масала неча ўн йиллардан бери халқимизнинг ўткир муаммоларидан бири бўлиб келмоқда. Яқин ўтмишда ҳам бугунги кун учун ўз аҳамиятини йўқотмаган жадид боболаримиз тўй-маъракаларимиздаги исрофгарчилик ва дабдабабозликнинг миллатимизни маънавий таназзул ва қашшоқликка етаклайдиган иллат экани ҳақида куюниб ёзганлар. Улуғ маърифатпарвар Беҳбудий миллатимиз тараққиётига тўғаноқ бўладиган жиҳат хусусида сўз юритиб “Тўй ва таъзияга қилинадиган дабдабали харажатлар жамиятни хароб қилади”, деб айни ҳақиқатни ёзган эди.

Тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатлар минглаб оилаларнинг моддий аҳволи ёмонлашувига, уларнинг қарз ва ғам-ташвиш ботқоғига ботишига, гулдай оилаларнинг ажримига, энг хавф-лиси, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитни бузишга олиб келмоқда. Бундай нохуш ҳолатлар жамоатчиликнинг ҳақли эътирозини уйғотмоқда, маҳалла-кўй, аҳоли ўртасида кенг муҳокама қилинмоқда.

Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида қабул қилинган “Тўй ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва  маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари ҳақида”ги қарори   юзасидан кенг жамоатчиликнинг фикрини   ўрганиш мақсадида воҳамизнинг шаҳар ва туманларида сўровнома ўтказилди. Сўровномада иштирок этганларнинг 80 фоизи тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни қатъий тартибга солиш зарурлигини билдирган бўлса, тўйга таклиф қилинадиган меҳмонлар неча кишидан иборат бўлиши керак, деган саволга 73 фоиз иштирокчи 120-150 нафар оралиғида, деб жавоб берган.

Умуман сўровнома натижаси шуни кўрсатмоқдаки, тўй-маъракаларни дабдабали тарзда, кўп харажатли бўлиб    ўтаётганидан аҳолининг ҳафсаласи пир бўлганини сезиш мушкул эмас. Тўй-маърака ва маросимларни тартибли, камхарж қилиб   ташкил этилишига ҳамма бирдай бош қўшиши лозим, ҳеч ким ўзини четга олиши, менга бунинг дахли йўқ, деб лоқайд бўлиши мумкин эмас.

Тўй-маъракаларни юксак маънавий мезонларга муносиб тарзда ўтказайлик.

Фирдавс ШАРИПОВ, вилоят Маънавият
ва маърифат бўлими раҳбари, халқ
депутатлари вилоят Кенгаши депутати

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan