Бош саҳифа / Жамият / Даҳолар ҳам шогирд бўлишган

Даҳолар ҳам шогирд бўлишган

Вилоятимиз раҳбари сентябрнинг бошида билимлар куни муносабати билан барча раҳбарларни мустақиллик ва хотира дарсларини ўтишга даъват этган эдилар. Ахир, дотациядаги вилоят бўлсак, буёғи, қишлоқ хўжалиги ишларининг айни авж пайти бўлса, бош қашилашга вақт йўқ бир пайтда бундан зарурроқ ишлар йўқ эдими, дегувчи раҳбарлар ҳам бўлди. Энг қизиғи, вилоятдаги ҳамма раҳбарлар, ҳатто вилоят раҳбари ҳам билимлар кунида жойлардаги таълим муассасаларида келажагимиз эгалари билан юзма-юз бўлдилар.

Нафақат вилоятимиз балки, бутун мамлакатимиз миқёсида ВОҚЕЛИК бўлган ушбу кунни эсласам вужудим яйрайверади. Бола — ПОШШО, бола — келажак, эртанги нурафшон кунларимизнинг эгаси, бунёдкори. Боланинг буюклиги шундаки, у нурдайин тоза, дердилар отажоним. У фариштадек бегуноҳ. Шунинг учун у дунёни қандай бўлса шундайлигича кўра олади, унинг кўзлари рангларни тиниқ ажратади, яхши ва ёмонни тезда фарқлайди. Хотираси чексиз уммон. Кўрган эшитганини бағрига сингдира олади, сиғдира олади. Катталар илғай олмаган, катталар ҳис қилмаган мўъжизаларни англай олади, шунинг учун болалар ҳамма нарсани ҳайрат ва ҳаяжон билан қабул қиладилар. Уларнинг ёнига бориш, улар билан самимий суҳбат қуриш, гарчи устоз бўлмасалар-да, раҳбарларнинг уларга дарс ўтишлари нақадар шарафли иш! Шу шарафли иш орқали келажакка таъзим, келажакка эҳтиром!

Ҳокимимиз нега барча раҳбарларни болаларга рўбарў бўлишга даъват этдилар? Чунки улар эртага ҳазрати инсон бўлади. Ҳоким бўлади. Ҳунарманд бўлади. Чунки улар эртага миллатимиз фарзандларига ота бўларлар, она бўларлар. Сизу биз 45 дақиқа вақтимизни аяётган илму толиблар ажабмаски бир кун келиб эл-юрт сўрасалар. Бундай нурли келажак олдига бормай бўладими?

Ҳамиша ҳурмат ва эҳтиром талаб бўлиб юрган раҳбарлар болаларга дарс ўтди. Муқаддас дарс. Болаларнинг юраклари ҳаприқди, уларни дунё қучгандай бўлди. Уларни ҳайрат қуршагандай бўлди. Кўйлакларини тўғирлаб-тўғирлаб қўйди, ёдлаган шеърларини эслаб- эслаб қўйди. Шеър сўрашса биринчилар қаторида айтаман деб, ютиниб-ютиниб қўйди. Ахир унинг камтаргина синфхонасига раҳбар келди, ахир унга жудаям КАТТА одам дарс ўтди. У бу таассуротларини ҳаммадан олдин онасига етказишни ўйлаб қўйди. У ана шундай КАТТАКОН бўлишни кўнглига тугиб қўйди. Мана, мақсад нима эди. Боланинг борлигига урғу бериш, сени Ватан кутаяпти, деган бир оғиз сўзни билдириш, унга салом  бериш, бола кутмаган  эътибор, сазоворлик орқали уни кашф этиш эди. Болани атрофга ихлос ва ҳавас билан қарашга ўргатиш эди. 45 минутлик дарс орқали бир умрлик тарбияга эришиш эди, мақсад!

Эсимда, 1986 йилда 6-синф ўқувчиси эканлигимда Тошкент шаҳрида ижодкорлар билан ёшлар учрашувига борадиган бўлдим. Учрашувда Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовлар, Ойдин Ҳожиева сингари таниқли шоирлар билан самимий суҳбатларда иштирок этгандим. Юқорида санаб ўтган болалик ҳаяжонларини ўшанда туйгандим. Шундай инсонлар билан бир даврада ўтирган ўзимманми, дея ўзимни бир неча марта чимчилаганларим, учрашув тафсилотларини бир неча йиллар ҳаяжонланиб айтиб юрганларим ёдимда. Ижодкорликка, шеър ёзишга иштиёқ ўша учрашувларда уйғонган бўлса не ажаб. Ҳаётда бирор нарсадан  зарар кўриш-кўрмаслигим катталарнинг дили, тили ва қўлидаги амалларига боғлик эканлигини, яъни болаларга эътибор, эътироф ва яхши инсонларнинг дуоларигина ҳимоя бўла олишини анг- лаганман ўшанда.

Ҳамма раҳбарлар “Мустақиллик ва хотира дарсларини ўтиш учун таълим муассасаларига бориши шарт!” раҳбаримизнинг ушбу айтган гапларида  ҳикмат бўлди. Ҳикмат эса бамисли ёмғир: бир жойда сийрак, бир жойда ғуж-ғуж чечак ундиради, бу заминга, яъни инсоннинг қабул қилиш имкониятига — наслига, аслига боғлиқ!

Бир неча йиллар йирик ишлаб чиқариш корхоналарини бошқарган, бугунги кунда ҳам ободонлаштириш, йўл қуришдек катта  савобли ишларда эл корига камарбаста бўлаётган халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутати Бўрон ака Менгбоев ўша дарс ўтган кунини завқ билан сўзлайди:  “Мен  болаларга нуқул ўргатибгина қолмай, улардан ўрганиб ҳам туришимиз керак”, деган  ғояни кашф қилдим. Болаларнинг табиат ҳодисаларига, ҳашорот-у жониворларга, айниқса, капалакка қизиқишини, муҳаббатини кичкинтойларга хос сўз ва оҳангда ифодалаб, кичкинтойнинг ҳаётга диққат эътиборини ошириш, инсоний туйғуларни шакллантиришга ҳаракат қилдим: тўғриси уларнинг хатти-ҳаракатларини, орзу-интилишларини яхши билмас эканман. Шу жиҳатдан қарайдиган бўлсак, болаларнинг техникага интилиши ва қизиқишларини қизғин қўллаб-қувватлаш, улардаги олий ҳис-туйғуларни ўстириш, ватанпарварлик ҳисларини таркиб топтиришга ёрдам бериш керак экан.

Райҳон РАҲИМОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Gulmiraning yoqimtoy qo’g’irchoqlari

Sizningcha bola tarbiyasida u o’ynayotgan qo’g’irchoqning ahamiyati qay darajada? Farzandlaringizga qanday o’yinchog’u qo’g’irchoqlar sovg’a qilasiz? …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan