Бош саҳифа / Жамият / Чорак асрлик меҳнат

Чорак асрлик меҳнат

Термиз халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш алоҳида батальонида Ички ишлар вазирлиги Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари ташкил топганининг 25 йиллиги муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Мана чорак асрдирки, мазкур қўшин тури “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг Тошкент, Самарқанд, Қарши, Навоий, Бухоро, Урганч, Нукус, Наманган, Фарғона, Андижон ҳамда Термиз халқаро аэропортларида хавфсизликни таъминлаш, транспорт ва телекоммуникация тизимини ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг иш фаолиятига қарши қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш, замонавий техника воситаларини қўллаган ҳолда халқаро аэропортларни турли террористик, қўпорувчилик ва бошқа жиноий тажовузлардан ҳимоя қилишдек масъулиятли вазифаларни шараф билан адо этиб келмоқда.

—     Биз хизмат қилаётган ҳарбий қисмда барча шароитлар яратилган, — дейди катта сержант Муҳаммадали Аҳмедов. — Хизмат бурчимизни ўташимизда асқотадиган замонавий техника воситаларидан тортиб, шинам хизмат хоналари билан таъминланганмиз. Бу эса мен ва ҳамкасбларим ўз вазифасини сидқидилдан адо этиши учун қулайлик яратади. 23 йилдирки, шу соҳада меҳнат қиламан. Касбим тақозоси билан республикамизнинг турли ҳудудларида яшасам-да, бундай шарафли вазифани адо этаётганимдан яқинларим фахрланишади.

Тадбирда ҳарбий қисм хизматчилари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Унда санъаткорларнинг чиқиши тадбирга шукуҳ бағишлади.

— Байрам олдидан спортнинг ҳарбий эстафета, футбол, волейбол, стол тенниси турлари бўйича бўлинмалар ўртасида мусобақалар ташкил этилганди, — дейди ҳарбий қисм командирининг кадрлар, ҳарбий ватанпарварлик, маънавий-ахлоқий тарбия ва ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари, подполковник Муроджон Шокиров. — Бугун эса мусобақалар ғолиблари аниқланиб, Ички ишлар вазири номидан 6 нафар, қўшин қўмондони номидан 11 нафар, ҳарбий қисм командири номидан 9 нафар ҳарбий хизматчилар фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Шунингдек, тадбир давомида хизмат вазифасини сидқидилдан бажариб, алоҳида ўрнак кўрсатган, жанговор ва маънавий-маърифий тайёргарликда юқори натижаларга эришган намунали ҳарбий хизматчилар ҳам тақдирланишди.

Ф. УМИДУЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE