Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Чирой очаётган Шарғун

Чирой очаётган Шарғун

Сариосиё туманидаги Шарғун шаҳарчаси хусусида гап борганда, кўпчиликнинг кўз ўнгида кўмир конлари гавдаланади. Дарҳақиқат, ўтган асрнинг қирқинчи йилларида геологлар Шарғун тоғларида қидирув ишларини олиб бориб, бу жойда катта кенгликда улкан миқдорда кўмир захиралари мавжудлигини аниқлашган.

Кон очилгач, собиқ иттифоқнинг кўп гўшаларидан мутахассислар жалб этилган. Кончиларнинг унумли ишлаши ва яшаши учун қулай шароитлар яратишга киришилган. Шу тариқа олтмишинчи йилларнинг боши ва етмишинчи йиллар охиригача жами 55 та, жумладан, 18 та тўрт қаватли, 37 та икки қаватли яшаш уйлари қурилиб, Шарғунга қўрғон мақоми берилган.

Кончиларга қулайликлар яратиш мақсадида кўплаб хизмат кўрсатиш объектлари, маъмурий бинолар, шахтёрлар фарзандлари учун мактаб, боғчалар барпо этилган, янги йўллар қурилиб асфальтлаштирилган. Қисқаси, Шарғун ҳам энига, ҳам бўйига кенгайиб борди, кўмир қазиб олиш ҳажми йил сайин кўпайди. Четдан жалб қилинган мутахассислар билан ишлаш жараёнида маҳаллий аҳоли орасидан етук шахтёрлар авлоди камолга етди.

Афсуски, собиқ иттифоқ тарқагач, мустақилликнинг дастлабки йиллари Шарғун шаҳарчаси бироз эътибордан четда қолди. Иш сусайгач, забойларга ҳар хил тоғ жинслари ўпирилиб тушавериб, конларнинг кўзи ёпилди, кўмир қазиб чиқариш ҳажми озайди. Таъминотдаги узилишлар ҳамда кўмирга харидорнинг камайганлиги сабабли ишчиларнинг маоши пасайди, малакали мутахассислар шаҳарчани тарк эта бошлади.

“Шарғун кўмир” АЖ охирги йилларда турфа ташкилотлар тасарруфига ўтди, маҳсулот чиқариш 30 фоизга ҳам етмади. Корхонанинг фаолияти сусайгач, кўп қаватли уй-жойлар анча вақт таъмирланмади, яшаш учун энг зарур сув таъминоти ҳам издан чиқди. Уй-жойлар ва конга хизмат кўрсатувчи иморатларнинг бир қисми хусусийлаштирилди, бир қисмидан бошқа мақсадларда фойдаланилди. Бир сўз билан айтганда, ҳамма ҳавас қиладиган Шарғун шаҳарчасига эътибор сусайди-қолди. Кон ва забойларда иш тўхтагач, ишсизлар сони кўпайди.

Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи чоғида Шарғун кўмир конини қайта тиклаш ва шаҳарчани обод гўшага айлантириш бўйича қатор вазифалар белгиланди. Аввало айтиш керакки, Шарғун тоғидаги кўмир захираси 39993 минг тонна эканлиги аниқланди ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳамда Хитой давлатининг Эксим банки томонидан ажратилган маблағлар ҳисобига конда 2021 йилгача кенг кўламли қайта тиклаш ишлари бажарилиб, йилига 900 минг тонна кўмир қазиб олиш йўлга қўйилади. Шу ҳисобда 600 нафар киши учун иш ўринлари яратилади. Шунингдек, 150 нафар кишига мўлжалланган иш ўринлари очилиб, 2019-2020 йилларда йилига 500 минг тонна брикет ишлаб чиқариш ташкил этилади. Бундан ташқари, йилига 200 минг тонна кўмир брикетини саралаб, қопларга жойлаштириш имкониятига эга асбоб-ускуналар ўрнатилади. Йилига 300 минг тонна активлаштирилган кўмир ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. “UZ CARBON CHEMICALS” МЧЖ томонидан 1,7 миллион АҚШ доллари эквиваленти миқдорида ажратиладиган сармоя ва банк кредити маблағи эвазига 60 нафар кишини иш билан таъминлайдиган, йилига минг тонна активлаштирилган кўмир ишлаб чиқариш ташкил қилинади.

Мутахассисларнинг аниқлашишга қараганда, пишиқ ғишт ишлаб чиқариш учун Шарғун атрофида 23,882 миллион куб метр ҳажмда хомашё захираси мавжуд. Шу ҳисобда 2019-2020 йилларда салоҳиятли хорижий инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорлар маблағини жалб этиб, йилига 100 миллион дона қурилиш учун ўта зарур хомашё-пишиқ ғишт ишлаб чиқаришни ташкил этиш режалаштирилаяпти.

Шарғун тоғлари ва тепаликлари остида геология-қидирув ишларини олиб борган мутахассислар 5, 128 миллион тонна оҳактош захираси мавжудлигини аниқлашган. Бу ер ости бойлигидан унумли фойдаланиш мақсадида 2019-2020 йиллар орасида салоҳиятли хорижий инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорлар маблағини жалб қилган ҳолда йилига 100 минг тонна қурилиш учун зарур оҳак ишлаб чиқаришни ташкил этиш белгиланган. Бундан ташқари, кўмир конига туташ тепаликларда 17,148 миллион тонна гипс ва ангидрит захираси борлиги аниқланган. Шу ҳисобда йилига 50 минг тонна қурилиш гипси ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Бундан ўн-ўн беш йил муқаддам Сариосиё тумани деҳқонлари ғўза, ғалла етиштириладиган майдонларига фосфорит ўғитини солиб, мўл ҳосил етиштиришганда, бошқа туманларнинг деҳқонлари ҳавас қилиш билан бирга Сариосиё тоғларида фосфорит конлари борлигига шубҳа билан қарашганди. Бугунги кунга келиб Шарғун тоғларида 9,2 миллион тонна фосфорит захираси мавжудлиги мутахассислар томонидан исботланди. Жорий йилда “FOSFORITE CHEMIKAL” МЧЖнинг 6 миллион АҚШ долларли маблағи ҳисобидан 30 нафар кишини иш билан таъминлайдиган корхона очилиб, йилига 80 минг тонна фосфорит минерал ўғитини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

 Дарҳақиқат, заминимиз остида кўплаб бойликлар мавжудлиги кишини қувонтиради. Мутахассислар кўмир конларига туташ жойларда кумуш хомашё захираси 357,5 тоннадан кўпроқ эканлигини аниқлашган. Энди бу бойликни қазиб олиб, халқ хўжалигини ривожлантиришда фойдаланиш зарур. Шу ҳисобда Шарғун шаҳри атрофидаги бўш жойларга янги корхона барпо этилиб, салоҳиятли хорижий инвесторларни жалб қилган ҳолда маҳаллий тадбиркорлар билан ҳамкорликда йилига 10 тонна кумуш хомашёсини қазиб олиш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари кўрилаётир.

 Албатта, ер ости бойликларини қазиб олиш, улардан халқ хўжалигига зарур маҳсулотлар ишлаб чиқаришда фаол қатнашадиган ишчи — хизматчиларнинг иш унуми юқори бўлиши учун биринчи галда улар яшайдиган шаҳарчадаги уй-жойлар, хизмат кўрсатиш шахобчаларида ҳар томонлама қулайликлар яратиш талаб этилади. Шу мақсадда Шарғун шаҳри “Обод маҳалла” дастурига киритилиб, икки ойдан буён шаҳар ҳудудида кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилаяпти. Олдиндан мавжуд бўлган барча кўп қаватли уйлар мукаммал таъмирланмоқда. Айрим уйларнинг қурилган пайти усти шиферланмай, томига қорасақич ва қорақоғоз тўшаб кетилган. Йиллар давомида эскириб, томидан хонадонларга чакка томадиган бўлиб қолган, шиферланган уйларнинг ҳам шифери эскирган. Шу боис, барча кўп қаватли уйларнинг том қисми замонавий тунука ва шиферлар билан ёпилаяпти.

Насослар ва қувурлар эскиргани, шунингдек, бир қисми тешилиб қолгани учун, айниқса, юқори қаватдаги хонадонларга сув чиқмай қолганди. Канализация тармоқлари издан чиқиб, ертўлаларга оқова сувлар тушиб, ҳамма ёқни чивин, пашша босиб ётарди. Кўп қаватли уйларнинг сув ва канализация тармоқлари янгиланмоқда. Бунинг учун шаҳар ҳудудида жами 16,6 километр узунликда канализация қувурлари тортилаяпти. Тажрибали қурувчи Фахриддин Турсунов бошлиқ “Муҳаммадмуҳсин келажаги” МЧЖ ишчи-хизматчилари 11,7 километр узунликдаги ичимлик суви қувурларини ўрнатишмоқда. Кўп қаватли уйларни узлуксиз сув билан таъминлаш мақсадида аввалдан мавжуд сув йиғиш ва сақлаш маскани (водозабор) қайта реконструкция қилинди ва янгиси барпо этилмоқда. Хонадонларни электр қуввати билан таъминлашни янада яхшилаш мақсадида олтмишинчи йилларда ўрнатилган ёғоч симёғочлар темир-бетон устунлар билан алмаштирилди.

Шарғунда яшайдиган аҳоли фарзандлари спорт билан мунтазам шуғулланиши учун “Шахтёрлар” ўйингоҳи қайта қурилди. Ўйингоҳ базасида янги ва замонавий БЎСМ барпо этилди. Айни пайтда бу жойда ташкил қилинган тўгаракларда ёшлар ўзлари қизиққан футбол, бокс, стол тенниси, волейбол, баскетбол, гимнастика билан шуғулланишаяпти .

Аҳолининг соғлигини мустаҳкамлашга хизмат кўрсатадиган туман тиббиёт бирлашмасига қарашли шифохона деярли қайта қурилди. 150 ўринли касалхона замонавий тиббиёт асбоб-анжомлари билан таъминланиб, тажрибали врачлар меҳнат қилишаётир. Эндиликда бу жойда 80 ўринли перинатал маркази барпо этилмоқда. Шунингдек, шахтёрларга тиббий хизмат кўрсатадиган поликлиника ва хусусий клиника, диагностика марказлари қурилмоқдаки, келажакда Шарғун шаҳри аҳолиси туман маркази ва бошқа жойлардаги тиббиёт муассасаларига сарсон бўлиб юришмайди.

Аҳолининг маданий дам олиши, китоб ўқиши, санъаткорларнинг чиқишларидан баҳраманд бўлиши учун шаҳарчада 250 ўринли маданият ва аҳоли дам олиш маркази қурилаяпти, янги кутубхоналар ташкил этиш чоралари кўрилаяпти.

 Шарғун шаҳрида қўним топган 5-умумтаълим мактабида бундан тўрт йил илгари бўлгандик. Бу илм даргоҳида шаҳардаги “Маъданкор”, “Боғишамол” ҳамда “Тоқчиён” СИУга қарашли “Ҳулкар” маҳалласидан жами 803 нафар ўғил-қиз таълим олади. Мактаб раҳбарларининг айтишича, илм маскани 1176 нафар ўқувчига мўлжалланган бўлиб, бино ва синфхоналар ўта сифатсиз қурилган. Ҳатто, бир корпуси тўлиқ битмай ҳам қолган. Ҳар йили ёзги таъмирлаш пайти мактаб жамоаси синфхоналарни сифатли таъмирдан чиқара олмай, анча қийналарди. Шарғун шаҳрида “Обод маҳалла” дастури бўйича кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бошлангач, шаҳарчадаги мактаб ва мактабгача таълим муассасаларини мукаммал таъмирлаш ва янгиларини барпо этишга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Биз сўз юритган биргина 5-умумтаълим мактабини мукаммал таъмирлаш учун 8 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Айни пайтда мактабда моҳир қурувчи Сафарали Султонов етакчилигидаги “Сафар ёр” МЧЖнинг 63 нафар қурувчиси таъмирлаш ишлари билан банд.

 Тажрибали педагог Санобар Шукурова директорлик қилаётган 60-умумтаълим мактаби ўқитувчиларининг қувончи чексиз. Чунки 1977 йил қурилган мактаб биносининг том қисми ярми чала ёпилган, ҳар йил қишу баҳорда қор-ёмғир суви томчиламаслиги учун ўқитувчилар пул тўплаб, синфхоналар том қисмига плёнка харид қилиб, бир амаллаб ёзга чиқишарди. Шарғун шаҳрини ободонлаштириш баҳонасида мактаб биноси ҳам мукаммал таъмирланмоқда. Ҳозирда бу ерда Олим Ёров бошлиқ “Фозилжон барака” МЧЖ бунёдкорлари таъмирлаш ишларини давом эттиришаяпти. Келажда мактаб ҳудудида замонавий спорт зал ва қўшимча синфхоналар қурилиши ҳам давлат дастурига киритилган.

 Шаҳарчадаги мавжуд мактабгача таълим муассасаларини мукаммал таъмирлаш ва янгиларини қуришга ҳам алоҳида эътибор берилаётир. Бундан таш қари, “Кончилар” ва бошқа маҳалла фуқаролар йиғини учун ҳамма қулайликларга эга бўлган бинолар бунёд этилмоқда. “Қишлоқ қурилиш лойиҳа” МЧЖ буюртмасига асосан тажрибали қурувчи Баҳодир Қодиров бошлиқ “Термиз саноат қурилиш-таъминот” хусусий корхонаси бунёдкорлари 30 оилага мўлжалланган янги уй барпо этишаётир. Йўлларни таъмирлашга ҳам етарлича маблағ ажратилган, шаҳар марказида янги бозор қуриш режалаштирилмоқда. Қисқаси, бугун Шарғун шаҳрини ҳар томонлама намунали масканга айлантириш учун кўплаб техника сафарбар этилган ва минглаб қурувчилар ҳамжиҳатликда хизмат қилишаётир.

Саидвафо БОБОЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Муқобил энергия-даромад манбаи

Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Энергетика Вазирлиги ҳузуридаги «Ўзнефтгазинспекцияси» Сурхондарё ҳудудий бўлими ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE