Бош саҳифа / Жамият / Чироқсиз бир йил

Чироқсиз бир йил

ёхуд Жарқўрғон туманида эътибордан четда
қолаётган  бир мурожаат хусусида

Агар туйқусдан Жарқўрғон туманидаги “Меҳнатобод” маҳалласида бир оила қарийб бир йилдан буён чироқсиз ўтирибди, десангиз, биров ишонади, биров ишонмайди. Наҳотки, шундай тўкин, омон-омон замонда, яна денг, ахборот асри, дея эътироф этилаётган ХХI асрда бир ўзбек оиласи бир йиллаб чироқсиз ўтирса…

Бундан хабардор бўла туриб, амал курсисида бемалол ўтирган маҳаллий раҳбарлар оддий фуқаронинг мурожаатига эътибор қаратиш, амалий ёрдам кўрсатиш ўрнига фақат қоғоздагина ёзма жавоб қайтариб, аризани ёпиш билан шуғулланса, шу адолатданми? Дарвоқе, сўнгги пайтларда айрим туманларда аксарият мутасадди раҳбарлар мурожаатларни ўрганиш ўрнига қоғозбозлик йўлига ўтиб олишган.

Шу маҳалла фуқароси Дилмурод Севаров ўтган йилнинг июль ойида янги уйга кўчиб ўтган экан. Ўтган давр мобайнида Жарқўрғон туман ҳокимига қилган мурожаатлари эътиборсиз қолиб кетаверган.

— Мана, 10 ойдан буён электр токисиз яшаб келмоқдамиз. Кечаси уйда фонар ёқиб ўтирамиз, — дейди Д. Севаров. — Бу ҳақда ўтган йили бир неча маротаба туман ҳокими Зиёдулла Давлатовга ва туман электр тармоқлари бошлиғи номига оғзаки ва ёзма равишда мурожаат қилганман. Аммо ҳалигача амалий ёрдам бўлгани йўқ. Мурожаатларим эътиборсиз қолиб келмоқда. 2017 йил 26 декабрда туман электр тармоқлари корхонаси бошлиғига киргандим, “Бўлди, ака, 2018 йилнинг биринчи чорагида режага киритганмиз, албатта, ҳал қилиб берамиз, фақат, ишим ҳал бўлди, деб битта тилхат ёзиб беринг”, деди. Аммо тилхат бермадим. Эртаси куни уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланган туман электр тармоқлари корхонаси ходимлари қизим орқали менинг номимдан айтиб туриб вилоят ҳокимининг номига ташаккурнома ёздириб олишган. Кўзбўямачиликни қаранг! Мана, биринчи чорак ҳам ўтиб бўлди, аммо натижа йўқ.

Туман ҳокими З. Давлатовнинг 2017 йил 21 январдаги 01-44/С-555-сонли хатидан кўчирма: “Сизнинг туман ҳокими номига 2017 йил 10 октябрдаги 01-44/С-555-сонли мурожаатингиз туман ҳокимлиги ва соҳа мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди.

Мурожаатда келтирилган мазкур масала амалдаги қонун ҳужжатларида белгилаб берилган тартиб ва меъёрлар асосида кўриб чиқилишини  ва натижаси бўйича  мутахассислар томонидан сизга қўшимча маълумот тақдим этилишини маълум қиламан”.

Туман электр тармоқлари корхонаси бошлиғи Х. Жўраевнинг 2017 йил 11 декабрда йўллаган жавоб хатида эса: “…Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги 2661-сонли қарорига асосан 2018 йил дастури бўйича янгиланган линиялардан чиқарилган материаллар ҳисобидан линия қуриб берамиз”, дейилади. Аммо аниқ муддат кўрсатилмаган. Энг ажабланарлиси, “Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” томонидан берилган маълумотнома ҳам туман электр тармоқлари корхонасидан олинган жавобнинг айнан нусхаси, дейиш мумкин. Туман ва вилоят раҳбарларига шу масала юзасидан мурожаат қилганимизда муддатни белгилаш бўйича аниқ жавоб ололмадик. Аён ҳақиқат шуки, фуқароларнинг мурожаатларини менсимасдан, унга нисбатан адолатсиз муносабатда бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Президентимизнинг таъбири билан айтганда, мутасадди раҳбарлар фуқароларнинг мурожаатларини адолатли кўриб чиқмас экан, халқ давлатдан рози бўлмайди.

Д. Севаровларнинг кўчасида бугунги кунда 18 га яқин хўжалик истиқомат қилади. Ачинарли жиҳати шундаки, уй эгалари ҳар бири ўзича хавфсизлик талабларига мутлақо жавоб бермайдиган қўлбола симёғочларни ўрнатиб олишган. Айрим  симёғочлар захлаб, чириб қолган. Сиртидан қарасангиз, қаттиқроқ шамол бўлса ағнаб қоладигандек таассурот уйғотади кишида. Қўшнилар бир-бирининг томи (чердаги) орқали сим тортиб келаверишган. Натижада, айқаш-уйқаш симлар хунук манзара касб этган.

Нуроний отамнинг баъзи-баъзида “Кунлик фойдангга чироқ сотиб ол!” деган гаплари қулоқларим остида бот-бот жаранглайверади. Нега, ёруғликнинг аҳамияти шунчалик муҳимми? Ҳақиқатан шундай. Нур кирмаган хонадонга хурсандчилик кирмайди.

Холмуҳаммад
ТОҒАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Қўриқлашда нима гап?

Шаҳардаги ресторанларда қўриқлаш пункти орқали “ташвиш” сигнали ўрнатилган бўлса, нохуш ҳолатда, масъул ходим “ташвиш” тугмасини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE