Бош саҳифа / Жамият / Чилим чекиш эрмак..ми?

Чилим чекиш эрмак..ми?

..Ҳамроҳлар билан шаҳардаги тамаддихоналардан бирига кирдик. Кеч бўлгани учун одам кам. Шинам ва кўркам маскандаги қулай жойни эгаллаб, таомга буюртма берилди. Бир оз вақт ўтгач, хўрандалар кўпая бошлади. Уларнинг асосий қисми ёшлар, айримлари касб-ҳунар коллежи ўқувчи-лари эканлиги диққатимизни тортди.

Хорижнинг алламбало мусиқаси “заказ” қилинди, шекилли, қулоқни қоматга келтирадиган ажнабий мусиқа янграй бошлади. “Официант” ёшларнинг дастурхонини ноз-неъматлару салқин ва спиртли ичимликлар билан тўлдирди.Сал ўтиб, ширакайф хўрандаларга чилим келтирилди. Зиён келтиргувчи қусур бурқсиб-бурқсиб тутаган сари улар ҳузурланарди. Ўқувчига хос бўлмаган қилиқлар, тилга олиб бўлмас сўзлар, юриш-туришдаги “бежолик”нику таърифлашга тил ожиз. “Манзара”ни кўрган сари, хунобингиз ошади, ич-ичдан куюнасиз.

Хўш, “кальян” – чилим аслида нима? Нега у тобора оммалашаяпти?

Халқимиз, айниқса, кекса авлод вакиллари спиртли ичимлик истеъмол қилган, тамаки ва нос чекканларга доим дакки-дашном берган. Йўлдан қайтиришга ҳаракат қилинган. Бугунги кунда эса иллатлар “сафи”га чилим қўшилгани ортиқча. Кўплаб қаҳвахона, тамаддихона ва ресторанларда чилим бор. Буюртма берилса кифоя – бир зумдаёқ тайёрлашади.

Чилим чекиш аслида наркоманиянинг кичик кўринишидир. Унга тобелик талай кўнгилсизликларга эшик очади. Биринчидан, мубталолик одамни мутелик қурбонига айлантиради. Асаб тизими ишдан чиқа бошлайди. Юрак-қон-томир зўриқади. Ошқозон-ичак касалликларини пайдо қилади. Иккинчидан, у танани заҳарлайди. Энг ёмони, офат кишини такаббур, ожиз ва нотавонликка маҳкум қилади.

Чилим тамакиси ёпиш- қоқ масса кўринишидадир. Кўп ҳолларда гиёҳлар мева бўлаклари ва турли зираворлар билан бойитилади. Чилим идишига “фильтр” вазифасини бажарувчи суюқлик солинади. Чилимга мевалар таъмини берувчи аралашма ва сут қўшилади, десангиз адашасиз. Бугуннинг “эрмаги”га айланган “матоҳ”га сизу биз билмаган ва кўрмаган талай заҳарли оғу аралашаётгани беш қўлдай маълум. Йўқса, у одамзодни карахт, сармаст ва бечораҳол кўйга солмасди…

Чилимкашлик бугун роса “болалагани” оғриқли нуқталаримиздан бири бўлиб қолди. Тамадди қилиш эмас, чилим кўнгилхушлиги учунгина емакхонага кираётганлар борлиги эса янада ачинарли.

Мутахассислар чилим чекадиганларнинг 40 фоизи унга ўрганиб қолишини айтишмоқда. Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати эса кафе ва ресторанлардаги мижозларга, офисларга, уйларга чилим етказиб беришни маън қилди. Уни бузган шахс нафақат жарима тўлайди, балки қамоқ билан жазоланиши мумкин.

— Чилим чекилганда пешобдаги никотин даражаси 73 баробарга, катонин моддаси 4 ҳисса, ўпка ва ошқозон ости бези саратони келтириб чиқарувчи тамаки никотини 2 мартага кўпая ди, — дейди шифокор Мирзоҳид Саидов. — Бундан ташқари, бензол ва акроленнинг парчаланишидан ҳосил бўладиган моддалар саратон ва ўткир респиратор касалликларига сабаб бўлади.

Тан олиб айтиш керакки, бундай “оммавий маданият” қусурларининг айрим кўринишлари оилада шаклланаяпти, мактабда ниш урмоқда. Маҳаллада туп қўйиб, коллеж ёки олий ўқув юртида илдиз отмоқда. Хўш, бунга ким айбдор? Моҳиятан қараганда бунда ҳар биримизнинг ўз “ҳисса”миз бордек. Она қизининг калта куйлак кийишига монеълик қилмайди, ота ўғлининг тақдирига бефарқ. Устоз ойлик маошини олса бўлгани. Кенг жамоатчилик вакиллари ҳам лоқайд. Жойлардаги кафе, бар, ресторан, ошхона ва махсус жойларда эса чилим чекиш нуқталари тобора кўпаймоқда. Аслида “оммавий маданият”нинг бу кўриниши бизга керакми? Шу ҳақда ҳар биримиз, айниқса, мутасаддилар яна бир бор ўйлаб кўришса, айни муддао бўларди.

Муслимбек БОТИРОВ,
Денов тумани

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Осойишталик посбонлари эҳтиёжманд 1000 оилага ўн турдаги озиқ-овқат маҳсулоти етказиб бермоқда

Сурхондарё вилояти ички ишлар идоралари ходимлари Президентимиз томонидан илгари сурилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan