Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Чигит униб чиқди, навбат – парваришга!

Чигит униб чиқди, навбат – парваришга!

Шу кеча-кундузда вилоятимиз пахтакорлари чигит экишни якунлаш арафасида туришибди. Барвақт уруғ қадалган далаларда чигит униб чиққан. Ҳадемай ёш ниҳолларни сийраклаштириш ва дастлабки культивация ўтказиш тадбирлари бошланади. Шу боис ёш ниҳолларни парваришлаш бўйича интенсив агротехнологиялар хусусидаги тавсияларни айтиб ўтамиз.

FЎЗАНИ ЯГАНАЛАШ

Яганани ёш ниҳоллар 1-2 чинбарг чиқарган пайтда узоғи билан 4-5 кун ичида ўтказиш мақсадга мувофиқ. Сийраклаштиришнинг кечикиши ниҳолнинг меъёрида ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Бу тадбир кеч ўтказилса, ниҳолларнинг илдизи бир-бири билан бирикиб кетиши натижасида қатордаги ортиқча ниҳолни юлиб олишда қолдирилган ниҳолнинг илдизи шикастланади. Шунинг учун яганалашни белгиланган муддатларда ўтказишга фермер хўжаликлари раҳбарлари масъулият билан ёндошмоғи лозим. Туп соннинг ками ҳам, кўпи ҳам ҳосилга путур етказади. Ғўзанинг қаторларда якка-якка қўйилиши унинг кейинги ривожи меъёрда ўтишини таъминлайди. Ғўза якка ўсганда, унга ёруғлик ҳамма томондан тушади, ўсимлик танасида фотосинтез жараёни жадал кечади. Натижада, ғўза қисқа бўғинли, пояси, бақувват, ҳосил шохлари кўп бўлади. Бақувват, соғлом ўсимликларни танлаб қолдириш чоралари кўрилиши учун ҳам яганалашни назорат остида ўтказиш лозим.

Вилоятимиз далаларида парваришланаётган ғўзанинг «Бухоро-102», «Порлоқ-1» навларида унумдор тупроқларда гектарига 80-90 минг, ўртача унумдор тупроқларда 95-100 минг ва кам унумли тупроқларда 100-110 минг туп кўчат колдириш керак. «Бешқаҳрамон», «Наманган-77», «Султон» навлари чигити 90 сантиметр схемада экилган, тупроғи унумдор майдонларда 85-90 минг, кам унумли тупроқларда 105-110 минг туп ниҳол қолдириш кифоя. Ингичка толали, шохлаб ўсадиган «Иолатан-14» нави чигити 90 сантиметр схемада экилган далаларнинг гектарига 80-90 минг туп, 60 сантиметр схемада экилган пайкалларда 65-70 минг туп кўчат қолдириш талаб этилади.

Шохламай ўсадиган «ноль» типидаги маҳаллий ғўза навлари, яъни “Сурхон-14”, “Сурхон-16”, “Сурхон-18”, “Сурхон-103” навлари унумдор тупроқларда ҳар гектарига 120-130 минг, ўртача унумдор тупроқларда 130-140 минг, кам унумли қум ерларда 140-145 минг, “СП-1607” нави чигити экилган далаларда тупроқ тури ва унумдорлигига қараб 120-130 минг, “Термиз-202”, “Термиз-208”, “СТ-1651” каби ингичка толали ғўза навлари чигити экилган ерларда ҳам тупроқ унумдорлигига қараб 120-140 минг туп кўчат қолдириш мақсадга мувофиқ. Уруғлик пахта етиштириш учун парваришланаётган ғўзани гектарига (элита 1-2 авлод) 110-115 минг, ўрта толали ғўза навларида эса 75-80 минг туп кўчат қолдириш лозим бўлади.

ДАСТЛАБКИ ИШЛОВ МАСЪУЛИЯТИ

Униб чиққан ғўзалар баравж ривожланиши учун унинг илдиз тизимига яхши парвариш керак. Яхши ривожланган илдиз тизими ғўзанинг ер устки қисмини узлуксиз ва етарли даражада намлик ҳамда озуқалар билан таъминлай олади. Ўсимликнинг биологик хусусиятлари ҳисобга олиниб, ғўза парваришида хилма-хил агротехник тадбирлар ўтказилади. Тупроқда экишдан олдин ва чигит экиш даврида техникаларнинг қайта-қайта юриши ҳисобига ер зичлашиб қолади. Бу эса униб чиқаётган ва ер юзасига чиқиб улгурган ёш ниҳолларнинг меъёрда ривожланишига салбий таъсир этади. Ғўза илдизи атрофини юмшатишдан мақсад — илдизига ҳаво боришини яхшилаш, илдиз системасининг меъёрида ривожланишини таъминлашдир. Ғўза қатор ораларини культивация қилиш, юмшатиш натижасида тупроқда ҳаво алмашинуви яхшиланади. Чигит 60 сантиметр кенгликда экилган майдонларда ниҳолларнинг ёшини ҳисобга олиб, культиваторларнинг четки ишчи органларини ўсимликдан 5-7 сантиметр узоқлиқда ва 6-8 сантиметр чуқурликда, ундан кейин икки ёнига ишчи орган (наральник)ларни 8-10 сантиметр узоқликда ва шунча чуқурликда жойлаштириб, жўяк ўртасида 14-16 сантиметр чуқурликда ишлов берадиган ғозпанжа ўрнатган ҳолда ишлашни ташкил этиш лозим. Қатор ораси 60 сантиметр кенгликда бўлган далада 33-35 та ва 90 сантиметр кенгликда бўлган далада 37-39 та ишчи орган культиваторга тақилиши керак. Ғўза қатор орасига биринчи ишлов берилгандан кейин ҳар иккала схемада ҳам ғўза қатор ораларини махсус ясалган чизель-культиватор ёрдамида камида бир марта 30-35 сантиметр чуқурликда чуқур юмшатиш керак. Бу эса ғўза илдизи яхши ривожланишини таъминлайди. Экишдан олдин суғориб, чигит экилган майдонларда чуқур культивация ўтказилмаса, кейинги ишловларгача тупроқдаги намлик камайиши эвазига ғўза қатор оралари қотиб қолади. Бундай ҳол ғўзанинг илдизи ривожланишига салбий таъсир этиш билан бирга кейинги культивацияда ишчи органларнинг чуқур ботмаслигини келтириб чиқаради. Демак, тупроқнинг 10-12 сантиметр қатламидан сўнг сунъий “девор” ҳосил бўлади.

Ғўза биологиясидан маълумки, ниҳоллар ёш бўлсада, озуқа элементларига муҳтож бўлади. Илмий кузатувларга кўpa, ғўза 3-4 чинбарг чиқарганда, биринчи озиқлантириш даврида 20 фоиз миқдорда азотли ўғит бериш тавсия этилади. Азотли ўғитнинг қолган қисми — шоналашда 40 фоиз ва оммавий гуллаш пайтида 40 фоизи берилиши, фосфорли ўғитнинг шудгордан кейинги 50 фоизи ғўза гуллаган ва калий ўғитининг шудгордан қолган қисми эса тўлиғича шоналаш даврида қатор орасига солиниши зарур.

Б.ЖЎРАЕВ,
«Уруғчиликни ривожлантириш маркази» ДУК
Сурхондарё ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари,
қишлоқ хўжалик фанлари номзоди.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Хирмон тўлиб тўкилди дон…

Воҳамиз ғаллакорлари давлатга ғалла сотиш шартномавий режасини ошириб бажаришди. Қабул масканларига бугунгача 289,9 минг ўрнига …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE