Бош саҳифа / Жамият / Чиқинди муаммоси

Чиқинди муаммоси

ёхуд экологик маданият қандай шаклланади?

Воҳамизнинг қайси ҳудудига борманг, улкан қурилиш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилаётганлигига гувоҳ бўласиз. Бу албатта, яхши. Аммо шундай ҳолатлар ҳам борки, уни кўриб, таъбимиз хира тортади.

Сўнгги пайтларда юртимизда маиший чиқиндилар билан боғлиқ қарор ва фармонлар қабул қилинганлигига қарамасдан, ҳанузгача соҳага бир томонлама ёндашилмоқда. Натижада, аҳоли ва айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан белгиланмаган жойлар, очиқ сув ҳавзалари ва қирғоқ бўйи минтақалари ҳудудига маиший чиқиндиларни кўр-кўрона ташлаб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 21 апрелда қабул қилинган “2017 — 2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан маиший чиқиндиларни ташиш билан шуғулланадиган “Тоза ҳудуд” ДУК ва кластерлар ташкил этилган эди. Мазкур қарорга асосан, аҳоли пунктларида чиқиндиларни вақтинчалик сақлаш пунктлари қурилиб, ишга туширилди. Санитар тозалаш тизимлари замонавий техникалар билан таъминланди. Шоли курмаксиз бўлмаганидек, айрим фуқароларда экологик-санитар маданиятнинг етишмаслиги оқибатида чиқиндилар белгиланмаган жойларга тўкиб кетилмоқда. Бу, ўз навбатида, атроф-муҳитнинг ифлосланишига ҳамда турли хил юқумли касалликларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бош қармаси мутахассислари томонидан мазкур қарорнинг ижроси ўрганилганда, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Термиз туманлари ҳудудидан оқиб ўтувчи Сурхондарё қирғоқ бўйи муҳофаза зонаси, Термиз ҳамда Жарқўрғон туманларидаги “Каттақум” массивидаги ўрмон фонди ерларида аҳоли, айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан ноқонуний равишда маиший, қаттиқ, айрим жойларда суюқ чиқиндилар ташлаб кетилганлиги аниқланди.

2018 йилнинг 8 ойи мобайнида вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси чиқиндиларни назорат қилиш инспекцияси давлат инспекторлари томонидан чиқиндилар билан боғлиқ ишларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида оммавий ахборот воситаларида телекўрсатувлар, радиоэшиттиришлар берилди ва газета саҳифаларида мақолалар чоп этилди. Шунингдек, маҳаллаларда кенг жамоатчилик иштирокида кўплаб давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилишига қарамасдан, ҳали-ҳамон чиқиндиларни дуч келган ерга тўкиб кетиш ҳолатлари учрамоқда. Инспекция ходимлари томонидан ўтказилган рейдлар натижасида 299 фуқаро ва 12 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жарима қўлланилди.

Атроф-муҳитни асраш, ободонлаштириш мусаффо табиатимизни келажак авлодларга ўз ҳолича етказиш Ватанимизнинг ҳар бир фуқароси учун муқаддас бурч эканлигини унутмайлик!

Шу сабабли, таълим муассасаларида ҳафтанинг бир кунида, диний идораларда эса жума кунлари ўқитувчилар ва имом хатиблар томонидан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилиши орқали фуқароларнинг экологик маданиятини ошириш, бунинг натижасида ҳар бир фуқаро воҳа табиатини асраш, турли хил зарарли чиқиндилардан тозалаш, ободонлаштириш каби хайрли ишларга бош қўшса, нур устига нур бўлар эди.

У. ҲИДАЕВ,
вилоят чиқиндиларни
назорат қилиш
инспекцияси бошлиғи
ўринбосари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Битирувчилар МИБда ишлаши мумкинми?

Бу саволга талабалар Термиз давлат университетида Маж-бурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси вакиллари билан ўтказилган …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan