Чеканка барвақт ўтказилса…

0
70

Деҳқонларимиз жорий йилда бепоён далаларда ғўзанинг истиқболли навлари чигитини экиб, мўл ва юқори ҳосил етиштириш нияти билан меҳнат қилмоқдалар. Ғўза парваришида бошқа агротехник тадбирлар қатори чилпиш муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади. Чигит экиш муддатлари, ҳосилнинг эртапишарлиги ва ўсимлик ривожини ҳисобга олиб,  чеканкани эртачи ўтказиш лозим.

Ғўзанинг эртапишар нав- ларини, шунингдек  ўсимлик ғовлаган далаларда ва чигит эрта экилган майдонларда зироатнинг ривожига қараб чилпишни бошлаш тавсия қилинади.

Чеканкани барвақт ўтказишдан мақсад ўсимликда тўпланган ҳосил элементларини кўпроқ сақлаб қолиш ва эртачи ҳосил етиштиришдир. Вилоятимизда ғўза асосан қўлда чеканка қилинади. Ўсимликнинг ривожланиш ҳолатидан келиб чиқиб, чилпиш муддатларини ҳар бир дала учун алоҳида белгилаш зарур. Чигит эртачи экилган далаларда чилпишни айни ҳозир бошлаш лозим. Унумдор тупроқли далаларда ғўзанинг бўйи 85-95 сантиметрга етганда, ҳосил шохлари 13-14 тадан ошганда, кўсаклар сони 5-10 тага етганда зудлик билан чилпиш тавсия қилинади. Чунки  чилпиш қулай муддатларда ўтказилганда, тўпланган ҳосил элементлари чилпиш ўтказилмаган далаларга нисбатан 18 фоизгача кўп сақланиши, кўсаклар 5-10 кун илгари очилиши, энг муҳими, етиштириладиган хом ашёнинг сифати юқори бўлиши исботланган.

Кўчат қалин қолдирилган, шунингдек, қўшқаторлаб чигит экилган ва тупроғининг унумдорлиги паст далаларда ғўзада 12-13 ҳосил шохи пайдо бўлиши билан чеканка қилиш яхши самара беради.

Чеканкани қўлда бажаришда ғўзанинг ўсув нуқтасидан 1-1,5 сантиметри юлиб ташланади. Юлинган ана шу ўсув нуқтасини фартукларга жойлаб, даладан ташқарига чиқариб кўмиб ташлаш лозим. Чунки ғўзанинг чеканка қилинган ўсув нуқтасида жуда кўп миқдорда кўсак қурти ва бошқа зараркунандалар ин қурган бўлади. Ҳар бир далада ғўзани икки марта чеканка қилиш тавсия қилинади. Биринчи марта чеканка қилинганда бўйи баланд ғўзаларнинг ўсув нуқтаси юлиб ташланса, иккинчи мартада бўйи паст ғўзалар чеканка қилинади.

Охирги йилларда ғўзани кимёвий усулда ҳам чеканка қилишга алоҳида эътибор берилаётир. Кимёвий перепаратларни қўллаётганда ғўза ривожининг  муддатини аниқлаш муҳим. Кимёвий перепаратлар ғўзани қўлда чеканка қилишдан 10-15 кун олдин қўлланса, ўсимлик бўйи мўътадиллашади. Айрим фермер хўжаликлари кимёвий перепаратларни кеч қўллаши туфайли самара паст бўлиши кузатилади. Шунинг учун ўсимлик ўсув нуқтасини чилпишда Далпикс, ПИКС, СОЖЕАН ва ЭНТОЖЕАН перепаратларини қўллаш тавсия қилинади ва уларнинг самараси яхши бўлади.

Чеканка қилишда деҳқонларимиз механизмлар ёрдамидан ҳам кенг фойдаланишмоқда. Ғўзанинг бўйи 90-100 сантиметрга етганда, ўсимликнинг ривожланиш фазаларига эътибор бериб механизмлар ёрдамида чилпиш ўтказиш тавсия этилади. Иқтисодий самарадорликка эришиш ва харажатларни камайтириш ниятида ғўза қатор ораларида культивация ва озиқлантириш ишлари амалга оширилаётган пайтда тракторга чилпиш аппаратларини тақиб чеканкани бир йўла бажариш тавсия қилинади. Механизмлар ёрдамида чеканка биринчи марта ғўза бўлиқ ўсган далаларда бажарилса, иккинчи марта қолган ғўзалар  чеканка қилинади.

Деҳқонларимиз чеканкани тезпишар ва серҳосил “Беш- қаҳрамон”, “Наманган-77” навлари чигити экилган майдонларда барвақт бошлашлари шарт. Қисқаси, муҳим агротехника тадбирлардан бири чеканкани барвақт ва сифатли бажарган деҳқон эртачи ҳосил етиштиради, пахтаси сифатли бўлиб юқори навларга сотилади.

М. ТОЖИЕВ,
ПСУЕАНТИ Сурхондарё илмий-тажриба станцияси
бўлим мудири, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг