Бош саҳифа / Сиёсат / Чегарадан товар олиб ўтиш

Чегарадан товар олиб ўтиш

тартиби яна ўзгарди

Амалдаги тартибларга мувофиқ жисмоний шахслар айрим турдаги товарларни истисно қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси чегарасидаги автомобиль йўли (пиёдалар йўли) ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда, 300 АҚШ доллари миқдоридаги товарларни мамлакатимизга бож тўловларини тўламасдан олиб киришлари мумкинлиги белгиланган.

Божхона тўловлари ундирилмайдиган товарларнинг миқдор нормалари эса Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 июндаги “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб ўтиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 463-сонли қарори билан тасдиқланган эди. Бироқ сўнгги пайтда айрим фуқароларимиз божхона тўловларидан қочиб, берилган имтиёздан тижорат мақсадида фойдаланишга уриниш ҳолатлари ортиб борди.

Айрим шахслар товар олиб ўтиш мақсадида бошқа фуқароларни жалб этиш, соддароқ айт ганда маълум бир ҳақ эвазига уларни ёллаш йўлига ўтишди. Оқибатда, тижорат мақсадидаги сифати кафолатланмаган товарларни, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотларини қўшни давлатлардан чегара божхона постлари орқали ташиб беришни ўзига касб қилиб олган шахслар қайта-қайта ҳаракатланишлари ҳисобига чегара божхона постларида сунъий равишда тирбанд- ликлар юзага келди.

Мисол учун, фуқаро Раим Наримонов (исм-фамилияси ўзгартирилган) жорий йилнинг ўтган даврида 413 маротаба, Маннон Эгалиев (исм-фамилияси ўзгартирилган) эса 331 маротаба қўшни давлатларга ўтиб қайтишган. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Шунингдек, тез бузиладиган ва совутгичларда сақлашга мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш ва ташиш қоидаларига риоя этилмаган ҳолда “ташмачилар” томонидан тижорат мақсадида республикамиз ҳудудига олиб кирилиши истеъмолчиларнинг соғлиғини хавф остига қўймоқда.

Божхона органлари томонидан шахсий эҳтиёж ниқоби остида тижорат мақсадлари учун товарларни етказиш билан шуғулланаётган шахсларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда чоралар кўрилмоқда. Ўтган даврда ўтказилган тезкор тадбирларда божхона расмиятчилиги соддалаштирилганидан фойдаланиб, “ташмачилар” ёрдамида божхона чегарасидан ўтказилган 23,8 миллиард сўмлик товарларни тижорат мақсадида ички бозорга чиқариш билан боғлиқ 1354 та ҳолатнинг олди олиниб, 1321 нафар шахсга нисбатан юритилган маъмурий иш материаллари кўриб чиқиш учун судларга юборилди. Қўпол тарз- да божхона қонунчилиги бузилиш ҳолатлари юзасидан эса жиноий ишлар қўзғатилди.

Масалан, фуқаролар Д.Р. ва А.И. ўзаро жиноий тил бириктириб, катта миқдордаги божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш мақсадида, “ташмачилар” ёрдамида республикамиз ҳудудига 193 миллион сўмлик “Alfa” ўсимлик ёғини олиб ўтгани учун уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органларига юборилган.

Бу республикамиз ички бозорига сифати кафолатланмаган товарлар кириб келиши ортидан, нафақат мамлакатимиз иқтисодий манфаатлари, балки юртдошларимиз саломатлигини ҳам маълум бир даражада хавф остига қўя бошлади. Шу сабабли, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 октябрдаги 828-сонли қарори билан жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдор нормаларига ўзгартиришлар киритилди.

Ўзгартиришларга мувофиқ, чегарани биринчи маротаба кесиб ўтаётганда рўйхатдаги 20 турдаги маиший техника буюмлари ва офис техникаларини 6 календарь ойида, ҳар бир номдаги товардан эса 1 календарь ойида 2 килограмгача (бўлинмайдиган товарлар бундан мустасно) божсиз олиб киришга рухсат этилди. Аммо уларнинг умумий оғирлиги 10 килограмдан ошмаслиги керак.

Албатта, ушбу ўзгартиришлар энг аввало, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ички бозорга сифатсиз товарлар кириб келишининг олдини олиш ҳамда мамлакатимизнинг иқтисодий манфаатларини инобатга олган ҳолда киритилди.

Ш.ЎРАЛОВ,
вилоят божхона бошқармаси ходими

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Элчи билан учрашув

Ўзбекистон ва Афғонистон Президентларининг олий даражадаги учрашувлари икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар, айниқса, савдо айланмаси-нинг …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE