Бош саҳифа / Жамият / Чегарадаги мактаб бегона…ми?

Чегарадаги мактаб бегона…ми?

ЁХУД “ОҚ ТЕРАКМИ, КЎК ТЕРАК…” БАҲСИДАН БИР ШИНГИЛ

Боланинг бегонаси бўлмайди, деганларидек иморатлар ичида энг сарбаланди, энг муқаддаси саналган мактабларнинг ҳам бегонаси бўлмас. У шаҳар марказида ёки чекка ҳудудда бўладими, бунинг заррача аҳамияти йўқ.

 Газетамизга келган шикоят хатидаги бир жиҳатга аниқлик киритишни сўраб вилоят халқ таълими бошқармасига мурожаат қилгандик. Шу масаладаги оғзаки сўровимизга икки ой кутиб ҳам (неча бор уринмайлик) жавоб ололмадик. Негаки, ҳар сафар масъуллар биз сўраган маълумотни беришни ваъда қилишарди. Бу орада ўқув йили ҳам поёнлади. Сўнгра бу нақл уларнинг наздида бироз эскирганмикан, — деган хаёлга бордик ва кеч бўлса-да, қўлимиздаги далилларга таяниб, хат муаллифларига ушбу мақола орқали юзланишни лозим топдик.

Таҳририятимизга жорий йилнинг 18 февралида Музработ тумани “Чегарачи” маҳалласидаги 22-ўрта таълим мактаби ходимларидан шикоят аризаси келиб тушган. Унда муаллифларнинг мактаб директори вазифасида ишлаб келаётган Муҳиддин Нурматовнинг “қайта директорлик вазифасига келганлигидан норози”лиги акс этган. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, М. Нурматов 2014 йили мактаб директори лавозимига тайинланган. Шунгача узоқ йиллар собиқ қишлоқ фуқаролар йиғинида раҳбар бўлиб ишлаган. Амалдаги директор 2018 йилнинг февраль ойида туман “Маҳалла” хайрия жамоат фондига ишга ўтгач, лавозимидан озод этилиб, (айнан шу буйруқни вилоят халқ таълими бошқармасидан ололмадик. Мазкур буйруқда директорнинг бошқа вазифага ўтказилиши билан ўрни сақланишиши кўрсатилганмикан? Агар кўрсатилган бўлса, қонунчиликда шунга йўл қўйилиши, яъни бир одамни вақтинчалик вазифасидан олиб, бошқа амал курсисига ўтказиш, сўнгра истаган вақтда уни яна “эски ишига қайтариш тажрибаси”ни айтаяпмиз) шу йили ноябрь ойида яна вазифасига қайтиб келади. Мактаб раҳбари вазифасидан озод этилганида ҳам бу ҳолат жамоага етарлича тушунтирилмайди. Директор вазифасига қайтганида яна ҳамма лол, ҳайрон қолади. Жамоадагиларнинг “қўлтиғидан тарвузи тушади…”

Юртимиздаги ислоҳотлар туфайли барча соҳадаги катта-кичик ишларда шаффофлик, очиқлик тамойилларига амал қилинмоқда. Афсуски, бу ижобий ўзгаришлар шабадаси Музработнинг олис “Чегарачи” маҳалласига етиб бормаган кўринади. Акс ҳолда бу тўғрида адолат истаб, Президент номига шикоят аризаси ёзмаган бўлишарди (нусхаси таҳрирриятимизга йўлланган).

Шикоят аризасини ўрганиш жараёнида амин бўлдикки, гап раҳбар ва ходимлари ўртасида пайдо бўлган совуқлиқлар ва унинг мактабдаги ўқув-тарбиявий жараёнга секин-аста кўрсатаётган салбий таъсири ҳақида кетмоқда. Ўтилмай барбод бўлаётган дарслар, “хоҳласам ўтаман, хоҳламасам йўқ” қабилидаги бошбошдоқлик, педагогларнинг дарс беришдек муқаддас бурчидан бўйин товлашлари, оқибатда бунинг ҳисобидан “боши айланаётган” ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари-ю кўзлари интиқ бўлиб ўқитувчисини кутаётган ўқувчиларнинг ҳолати бизни ҳам ўйлантирди. Ўзинггиз бир ўйлаб кўринг, ахир халқнинг боласи мактабга билим оламан, деб умид билан келади. Ота-оналар: “болам одам бўлсин, нуфузли жойларда ўқисин, ишласин”,— деб орзу қилишади. Шундай экан, бу ҳолатда мактаб раҳбарияти борингки, дарс ўтмаган ўқитувчининг ойлигидан чегириб қолар, жарималар қўллар. Вазият ўқув йили давомида ҳам ўнгланмасачи? Бунга сабаб “қайта вазифасига тайинланган” директор билан жамоадагиларнинг ишлаш кайфиятининг, хоҳишининг йўқлиги. Директор ва ходимлари ўртасида рўй берган келишмовчиликлар, орадан оқибат пардасини кўтариб юборган.

Мана, кўринг “томоша”ни: директор қаттиққўллик қилиб дарс ўтилишини назорат қилади, “майдон”нинг иккинчи тарафида турган айрим педагоглар зўр бериб дарсга келмайди ёки бемалол ташлаб кетаверади. Шу аснода ўз кайфиятини раҳбариятга билдиришни ёки таъсир ўтказишни исташади. “Сиз билан ишлашни истамаймиз, муҳтарам директор!” деган гапни шу тарзда ҳаракатлар билан кўрсатадилар. Аслида бу гапни директор М. Нурматовга қайта вазифасига тайинланган куни бўлган йиғилишда жамоадагилар айтишган, туман халқ таълимидан иштирок қилган вакиллар эса “шикоятингизни юқорига айтинг”,— деб маслаҳат солишган. Шундан мактабда саросималик, совуқ муносабатлар даври бошланган. Ва у ҳануз давом этмоқда.

Шикоят дастлаб 2018 йил 12 ноябрда туман ҳокими Э.Алимов, туман халқ таълими бўлими мудири Т.Ўтаев номларига, сўнгра 15 ноябрда вилоят халқ таълими бошқармаси собиқ раҳбари А.Эргашев номига мактаб жамоаси ва ота-оналар номидан йўлланган. Шундан сўнг туман халқ таълими бўлими раҳбарияти мактаб жамоаси билан 2019 йилнинг 24 январь куни йиғилиш ўтказади. Йиғилиш баёнида директорнинг хатти-ҳаракатларидан норози мактаб жамоасининг шикоят аризалари кўпайиб кетганлиги, хусусан ўқитувчиларга қўпол муомалада бўлиши, ўқитувчиларнинг дарсларини бузиши, жамоа ўртасида мактаб раҳбарлари ва ўқитувчиларни ҳақорат қилишини ёқламаслиги қайд этилган. Йиғилиш қарорига кўра, М.Нурматовга тегишли чора кўриш таклифини вилоят халқ таълими бошқармасига киритиш белгиланган. Йиғилишдан бир кун аввал туман халқ таълими бўлими мудири Т.Ўтаев вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи И.Сапаровга билдириш хати билан мурожаат қилади. Унда тумандаги 29-умумий ўрта таълим мактаби директори А.Кенжаев вазифасидан бўшаш тўғрисида ариза берганлиги сабабли уни вазифасидан озод этишни ва тумандаги 22-умумий ўрта таълим мактабининг директори М.Нурматовни ўтказув йўли билан 29-умумий ўрта таълим мактабига директорликка тайинлаш, 22-умумтаълим мактаби директори вазифасини муносиб номзод топилгунча шу мактабнинг математика фани ўқитувчиси Тошматов Акмалга юклаб туришда амалий ёрдам сўралган.

— Мен вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи И. Сапаров ҳузурида бўлдим,— дейди М. Нурматов. — Фаолиятимни бир текширтириб беринг, ўғирлигим бўлса, жазо олай, ишламасам ишламайман, бу ерга қадрим учун келдим, дедим. У киши “мен сизни ишдан олмоқчи эмасман, жойингизда ишлайсиз. Ишлаб туринг, жойингизда ишланг, “ёзувчилар” ёзаверса, олаверсак, кейин уларнинг айтганини қилишимиз керак. Мактабда қаттиққўллик ва тартиб бўлиши лозим. Халқнинг боласи билим олиши зарур…” деб жавоб берди.

“Иш вақтида жамоадагиларга ҳақоратли сўзлар ишлатганмисиз?” деган саволимизга, М. Нурматов дастлаб “йўқ” дея қатъий жавоб берган бўлса-да, аризадагилар билан юзма-юз ҳолатда “тўғри, жаҳл устида айтган бўлишим мумкин”, — деди. “Айтганманки, мактабнинг 693 ўқувчиси 3 баҳо олсин, 4-5 тасини билимлар беллашуви, олимпиадага тайёрлайлик. Бу қандай бедодлик, шармандачилик, ойлик маошини давлат тўхтатгани йўқ, дарсингиз қониқарсиз, қониқарли бўлса ҳам ойлик олаяпсиз, гала виждонсиз, аҳмоқ экансизлар, деганман… Улар эски ҳолатга ўтмоқчи, хоҳласа, дарс ўтади, хоҳламаса, йўқ. Олдин шундай бўлган, 3 соат дарсини ўтиб, тўй бўлса, дарсини ташлаб тўйга кетган…”.

“Сизгача ҳам “ёзув-чизув” билан раҳбар алмашган ҳолат бўлганми?” деган саволимизга эса мактаб директори “Йўқ, уларнинг айби ўзига аён, мен жамоанинг ҳақини емаганман”, — деди қизариб.

Дарвоқе, таҳририятимизга келган шикоят хатида мактаб хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари Эшмурод Мирзаев, тарих фани ўқитувчиси Асомиддин Чориев, чет тили фани ўқитувчиси Абдивоҳид Норматов, Ёшлар иттифоқи етакчиси Муҳаммади Болтаев, маънавий ва маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Гулсара Эшмаматова ҳамда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Гулбаҳор Миёроваларнинг исми-шарифи келтирилган. Улар билан суҳбатда аризага қўйилган имзоларини Э. Мирзаев, А. Чориев, А. Норматов, М. Болтаев тан олган бўлса, Г. Эшмаматова ва Г. Миёровалар авввалги шикоятларга қўл қўйгани, бу шикоятдаги имзолар уларга тегишли эмаслигини айтишди.

— Муҳиддин ака билан тўн ёпишган ака-ука эдик, — дейди хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари Эшмурод Мирзаев. — Мана юзи, директор бўлиб келган вақтда менга: “Эшпўлат, жойни бўшатиб қўй, мен бу жойни бир кишига ваъда қилганман” деган гапни айтганди. Ишимдан норози бўлса айтсин, иш ҳақидан фақат менинг иш ҳақим тушиб қолади, қарасам, турмуш ўртоғимнинг иш ҳақидан ҳам туширилади. Ўқув йилининг бошланиши — “Биринчи қўнғироқ” тадбирида ҳақоратли сўзларни микрофонда ҳам айтаяпти. Олдинги иш фаолиятида “хунаса”, “кидай сенларга” деган сўзларни кўп ишлатган… Техник ходимларнинг табелини ёпаман десам, бошқа табель бўлиб туради, менга қўл қўйдирмайди. Шу масалада “ўзи нима гап” деб олдига ҳам кирганман.

— 4 йилдан буён ишлайман, директорнинг ёш мутахассисга ҳурмати, муомаласи йўқ, бюрократ, — дейди тарих фани ўқитувчиси Асомиддин Чориев. — Одамларнинг сиртига қараб муомала қиларди аввал. Шахсан мени ўқувчилар олдида ҳақорат қилган, шундан орамизда тортишув бўлганди. Гапингизни ўйлаб гапиринг, деганман. Мактабда жамоа ўртасида аҳиллик йўқолди, мана, шикоят аризага қўл қўйиб берганлар тан олмай турибди. Нима учун? Чунки улар “Нурматов эртага яна раҳбар бўлиб, мени сиқади” деган фикрда… Ҳозиргача педагогик кенгаш нима эканлигини билмайман, ҳеч бирида педагогик масала кўтарилмаган, бошқа масалалар кўрилган. Мактабда маънавий муҳит умуман йўқ, бу ҳолат ўқув жараёнига ҳам таъсир қилади, албатта. Шу ҳолимда ҳозир кўнгилланиб дарс ўтолмайман. “Ўқитувчинг киму сенлар гўр бўласанми?” деган гапни айтган директорга нима дейсиз. Ҳатто, менга “дипломингни фальшивий, сохта қилдириб ташлайман, қўлимдан келади” деган. Ахир дипломни менга давлат берган-ку!

— Бу шикоят хатига “қўшил-қўшил” бўлганда кўпдан қолмайин деб қўл қўйиб берганман, — дейди мактаб Ёшлар иттифоқи етакчиси Муҳаммади Болтаев. — Директор билан аслида икки-уч ойдан буён ишлаяпман, эътирозим йўқ.

Ушбу ҳолатни вилоят, туман халқ таълими вакилллари билан мактабнинг ўзида муҳокама қилдик. Уларнинг айтишича, мактаб директорига туман ҳокимининг фармойишига кўра, туман “Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди раиси вазифаси юклатилган, фармойиш вилоят халқ таълими бошқармасига юборилган. Чунки директорларни вазифасидан озод этиш, қўйиш бевосита вилоят халқ таълими бошқармасига тааллуқли. Фармойишга кўра, М. Нурматов мактаб директорлигидан вақтинча озод этилган, ўрнига ўқитувчилар директор вазифасини бажариб турган. М. Нурматов маълум муддат ишлагач, ишнинг яшаш жойидан узоқлиги, шароити тўғри келмаётгани учун ариза ёзган ва вазифасидан озод этилиб, асосий иш жойи — мактабга қайтарилган. Бу ҳолат мактаб жамоасига тушунтирилган. Аммо улар бошқа кайфиятда.

Мактабга борганимизда ҳаммаси гўё рисоладагидек кўринди: обод ва кўркам. Ичкарига, унинг ички муҳитига кириб борганингиз сари кўркам қиёфа ортида, парда орқасида ҳақиқий манзарани кўрасиз. Ишончсизлик, бир-бирига оқибатсиз жамоадошлар. Тағин бу “муҳораба”га ота-оналар, маҳалладошлар ҳам аралашган. Айрим ота-оналар, мактабнинг собиқ ўқитувчилари билан бўлган суҳбатимизда ҳам мактабда ҳамжиҳатлик, бирдамлик йўқлиги, таълим жараёни издан чиққанлиги айтилди. Улар ҳам сиртдан “директор танлаш” иши билан овора. Шикоят аризасини ёзганлар бир томон, директорни ёқлайдиганлар бир томон. Хуллас, гўё масъуллар ҳал этмаётган, долзарб саналган “директор танлаш” масаласи “Оқ теракми кўк терак, биздан сизга ким керак?” баҳсига айланган. Бирлари шу мактабда арзийдиган директор топилади дейишса, бошқалари “мактабга М. Нурматовдек қаттиққўл директор керак”,— дейди. Кимки шу масалани ечиш учун мактаб остонасини ҳатласа, тарафдор ҳам ҳозиру нозир бўлиб, ўз муносабатларини билдиришга шай. Бир қарашда мутлоқ эътиборсиз бўлгандан кўра, яхши-ку дерсиз. Аммо бу баҳс қишлоқ одамлари орасида тарафкашликка, ноаҳиллика сабаб бўлмасмикан, деб ўйлаб қоласиз.

 Вилоят халқ таълими бошқармасидан аризани ўрганишга борган ходим билан дарсга кирдик. Таажжубимиз 7-“а” синфга кирганимизда рўй берди. Алгебра дарси экан, ўқитувчи йўқ. Синфдаги 31 нафар ўқувчидан 13 нафари бор. Қолганлари биология, она тили фанларидан онлайн тест топшираётган экан. Мактаб ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Г.Миёрова ҳолатга изоҳ берар экан, онлайн тестни ўтказишни ташкил этадиган мутахассиснинг шу вақтга фурсати борлиги сабаб ўзаро келишилганлигини айтишди. Вилоят, туман халқ таълимидаги мутахассислар ҳам елка қисишиб, онлайн тестни дарсдан ташқари вақтда ташкил этиш мақсадга мувофиқлигини айтишди.

СЎНГ СЎЗ ЎРНИДА. Умумий ўрта таълимга, педагоглар фаолиятига давлатимиз томонидан алоҳида ғамхўрлик қилинаётган бир даврда вилоятнинг чекка ҳудудидаги мактабнинг маънавий муҳити наҳот мутассаддиларни ташвишга солмаса? Масаланинг доимо икки тарафи бўлган. Раҳбарият мактабда тартиб-интизом бўлиши учун қаттиққўл директорни қўйганмиз, дея мактаб ичкарисида бўлаётган вазиятни тўғри баҳолашдан кўз юмаётган бўлса, қаттиқ адашади. Тўғри, кимни директор сифатида ишлатиш ёки тайинлаш вилоят халқ таълими бошқармаси ихтиёрида. Биз бунга дахл қилмаган ҳолда холис кузатувимизни баён этмоқдамиз. Қайта бўлса-да, таъкидлаймиз, мактаб директорини тайинлаш вилоят халқ таълими бошқармасининг иши, аммо таълим сифатига путур етишига “томошабин” бўлиб туриш уларга эмас. Башарти шундай экан, чекка мактабдаги ҳолатга бегона кўз билан қараш, уни ўзи бўларга ташлаб қўйиш, фарзанд тарбиясидаги муҳим ва ҳал этувчи мактаб давридаги жараённи бир лаҳзага қўлдан бой беришга, назаримизда ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Миллат эртасига, унинг маънавий қиёфасига дахлдор масалада бир-биримизга, аслида ўз-ўзимизга холис кўмак берайлик, азизлар.

Баҳром НОРМУРОДОВ,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan