Бош саҳифа / Жамият / Чала ишлар қачон битади?

Чала ишлар қачон битади?

ёхуд Қумқўрғон туманидаги муаммолар хусусида

Таҳририятимизга келган мактуб юзасидан Қумқўрғон туманида бўлиб, унда келтирилган маълумотлар ва камчиликлар билан яқиндан танишдик. Дастлаб,  муаллифлар билан учрашдик. Шундан сўнг, туман йўлдан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбари Қ. Нурматов ҳамроҳлигида мактубда келтирилган “Улуғбек” маҳалласидаги Ш.Рашидов, М.Абдуллаев, Ойбек кўчаларидаги ўнқир-чўнқир, ички йўлларни кўздан кечирдик.

— Шаҳардаги бу каби муаммолардан “Дўстлик” маҳалласида яшовчи Олим Тожиев, Парда Сувонов, Бойсоат Марданақулов, Мамараим Мусурмонов каби фуқароларнинг ҳасратларидан чанг чиқади. “Оқсой” маҳалласида ҳам аҳвол шу. Икки қаватли уйларда канализация ишламайди. Ноқонуний қурилишларни бузиш ишлари охирига етмай қолди. Натижада, ноқонуний қурилишдан қолган чиқиндиларни ташиб кетиш ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилган, — дейди мақола муаллифлари меҳнат фахрийси Тилла Нормуродов ва Юсуфжон Нортожи.

Минг афсуски, маҳалладаги бу хунук манзара айни ҳақиқат эди. Бундан икки йил олдин бошланган ва чала қолган ноқонуний қурилишларнинг бузилишидан қолган қолдиқ худди ҳарбийларнинг дала машқи майдонини эслатади.

— Туман марказидаги ички автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш давлат  дастурининг биринчи босқичига асосан, амалга оширилади, — дейди  туман  йўлдан  фойдаланиш унитар  корхонаси  раҳбари  Қ. Нурматов  — “Улуғбек” маҳалласидаги Ш.Рашидов, М.Абдуллаев, Улуғбек кўчаларида 1,5 километрга яқин “Сурхон соҳили” ва “Оқсой” маҳаллаларининг Бобур ҳамда Н. Раҳмонқулов кўчаларида бир километр масофа қора қопламали йўлларга айлантирилди. Ҳозирги вақтда жорий таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, Президентимизнинг  2017 йил 14  февралдаги “2017-2018 йилларда минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш Дастури тўғрисида”ги қарорига асосан 16,1 километр хўжаликлараро ички йўлларга тош-шағал аралашмасини тўшаш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳақиқатдан ҳам бу йўл масаласидаги амалий ишларга гувоҳ бўлдик. Канализация ва тоза ичимлик суви масаласида эса, “Сувоқова” ДУК туман филиали маълумотларига қараганда туманда истиқомат қилаётган 239 861 нафар  аҳолининг 56 фоизи ичимлик суви билан таъминланган бўлиб, 30 фоиз аҳоли ташиб ичувчи, 14 фоизи табиий сув манбаларидан фойдаланувчи ҳисобланади. Айни кунларда филиал ҳисобидаги сув йиғиш иншоотларини, сув миноралари ва сув қувурларини таъмирлаш ишлари олиб борилаяпти.

— Туман аҳолисининг ичимлик суви таъминоти самарадорлигини ошириш мақсадида жорий йилда “Имомтепа”, “Пахтаобод”, “Умид ниҳоллари” маҳаллаларидаги сув иншоотларини тиклаш ва таъмирлаш ишларига 1 миллиард 424 миллион, қўшимча чора-тадбирлар режасига асосан эса 8 та аҳоли пунктларида сув иншоотларини тиклаш ва қуриш учун 6 миллиард 60 миллион сўм бюджет маблағлари сарф- ланиши кўзда тутилган, — дейди “Сувоқова”ДУК туман филиали бошлиғи И. Хурсанов.

У-бу дегунча кун кечга оғиб қолганини сезмаймиз. Бизга йўлланган мактубда туман марказида кутубхона ташкил этиш, шаҳарнинг ички йўлларида автобус қатновини йўлга қўйиш, туманда бир пайтлар футболсевар ёшлар учун ташкил этилган махсус спорт мактаби фаолиятини тиклаш таклифи билдирилган. Шунингдек,  бундан бир неча йиллар бурун туман иқтисодиёти соҳасига жуда катта ҳисса қўшиб келган “Сурхон комбинати” корхонасининг ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, тумандаги икки қаватли “Маиший хизмат кўрсатиш уйи”ни  маиший хизмат кўрсатувчи шохобчага айлантириб, янги иш ўринлари яратиш, туманда жун ва терини қайта ишлайдиган корхона ташкил этиш, “Жанубий Сурхон сув омбори” ҳавзаси атрофида чайқовчи “браконьер”ларга қарши курашиш ва арзон нархларда балиқ сотиладиган махсус савдо шохобчалари ташкил этиш, Қарсоқли ҳамда Янгиер қишлоқларини шаҳар ҳудуди билан боғлаб келган, 1947 йилда қурилган узоқ йиллардан бери яроқсиз ҳолга келиб қолган катта кўприк масалалари бўйича фикр-мулоҳазалар ҳам қайд қилинган. Ушбу масалалар юзасидан туман ҳокими Нор- мўмин Чориев ва туман ҳокими ўринбосари Фахриддин Абдурасуловлар қабулида бўлиб, яқин орада бу борада бир тўхтамга келишлари ва бу ҳақда хат муаллифлари ва таҳририятга аниқ фикрларини баён этишларига умид боғлаб қайтдик.

Алиёр РАЖАБОВ 

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ногиронлар – эътиборда

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, айниқса, уларга сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш, зарурий тиббий-ижтимоий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE