Бош саҳифа / Маданият / БУЮК АЛЛОМАГА ЭХТИРОМ

БУЮК АЛЛОМАГА ЭХТИРОМ

Шерободнинг Яхтийўл қишлоғи бугун яна гавжум. Қишлоқнинг ёнидаги Исо Термизий мақбараси мамлакатимиз Президенти Ш. Мирзиёев ташаббуси билан тубдан таъмирланиб, катта зиёрат мажмуаси барпо этилмоқда. Олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишмоқ ва улуғ мақбарасини яна бир бор зиёрат қилиш мақсадида йўлга тушдик. Янги қурилаётган дарвозадан ичкарига қадам қўйишимиз билан қурувчиларга йўл-йўриқ кўрсатаётган эски қадрдонимиз Рўзимурод Авазовга дуч келдик. Ичкарилар эканмиз, қилинаётган ишлар кўламидан ҳайратга тушдик.
—“Президентимиз 2016 йилнинг ўзида уч бор улуғ ватандошимиз зиёратида бўлдилар,— деб гап бошлади Р. Авазов,— ҳар келганларида, Исо Термизийнинг ҳадис илмини яратганлардан бири эканлигини, бу жой энг обод жойлардан бири бўлиши лозимлигини таъкидладилар. Мени қурувчи бўлганлигим учунми ёки Биринчи Президентимиз И. Каримовнинг ташаббуси билан амалга оширилган дастлабки тиклаш-таъмирлаш ишларида қатнашганимдан хабардормиканларми, хуллас, шу ишга мутасадди бўлишни топширдилар.

Дарвоқе, Р. Авазов Шеробод туман ижрокўм раиси муовини бўлиб ишлаганида (1989-1990 йилларда) вайрона, йўқ бўлиб кетиш арафасида турган мақбарани тиклашда бевосита иштирок этган. Мақбара тикланиб, Исо Термизийнинг 1200 йиллиги халқаро миқиёсда нишонланганди. Ўн йилдан кўпроқ муддатда ҳоким бўлиб ишлаган кезларида ҳам ушбу масканни ободонлаштиришда жонбозлик қилган.

—Аллоҳ насиб қилибди, яна иш устидамиз,—дейди меҳнат фахрийси, қурилаётган биноларни оралаб борар эканмиз.—Давлатимиз раҳбари раҳбарлигида ҳукуматимиз йиғилиши ўтказилиб, “Буюк муҳаддис абу Исо Термизийнинг бой меросини ўрганиш ва хотирасини абадийлаштиришга доир чора тадбирлар” қабул қилинди. Барпо этилаётган мажмуада 500 кишини сиғдира оладиган масжид қад кўтармоқда. Масжид ёнидаги таҳоратхонада кексалар ва ногиронлар учун алоҳида қулайлик яратилмоқда. Зиёратчиларнинг “айтган, бойлаган” молларини сўйиб, саранжом қиладиган қушхона, ошхона мажмуаси ҳам зарурий шароитлардан биридир. Бунга қўшимча нонвойхона ҳам бўлади. Ҳозир газ, ичимлик суви, доимий электр қуввати келтирилмоқда. Мақбара реконструкция қилиниб, атрофи девор билан ўралади. Бу улуғ ишда нафақат шерободликлар, сурхондарёликлар билан бирга пойтахтимиз Тошкентдан “Ижод” корхонасининг қурувчилари ва “Ижод чашмаси” лойиҳа институти ходимлари ҳам қатнашишмоқда. Барча ишларни қадимий байрамимиз “Наврўз” кунигача битириш режамиз бор,—дейди Рўзибой ака.

Қадим Термизда ҳам иш қизғин. ТерДУ олимлари имом Термизий меросини ўрганишга астойдил киришган. Ул зотнинг ижодига бағишланган халқаро илмий анжуманни ўтказиш, кинофильм яратиш, суратлар кўргазмасини ташкиллаштириш режалаштирилган.

А. Қаюмов марказий газеталарининг бирида: “Биз маънавиятни имом Бухорийдан, Термизийлардан ва албатта, Навоий каби улуғлардан ўрганишимиз лозим”, деганларида барча сурхондарёликларнинг фахр туйғулари жўшиб кетгани бор гап. Муҳаддислар султони имом Бухорий билан, мутаффакири имом Исо Термизий каби боболаримиз ғояларини, таълимотларини, ўгитларини, шеърларини китобларга киритишимиз, синфхоналарда, аудиторияларда уқдиришимиз, суҳбатларда, маърузаларда баён этишимиз лозим. Дунё назарига тушган бу улуғ зотдан кўп нарсаларни ўрганишимиз кераклигини давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлади.

Ҳижрий 209 (милодий 824 йилда) Шеробод яқинидаги Буғ қишлоғида таваллуд топган абу Исо Муҳаммад Термизий дастлабки билимини киндик қони тўкилган қишлоғидаги мактабда олди. Бу ҳол юртимизда нафақат шаҳарларда, балки қишлоқларда ҳам савод чиқариш имконияти бўлганлигидан дарак беради. Таҳсилни шаҳри ғулғула (шаҳардаги шовқун –сурон, ғала-ғовур 60 чақирим узоқликдаги Балхда эшитилиб турган) Термизда давом эттирди. Абу Исонинг Термизий тахаллусини олганлигининг сабабларидан бири ўша даврда ҳам “мардлар шаҳри” Термиз нуфузи юксак эканлиги нишонасидир. Шаҳардаги мадрасаларда риёзат, қироат, фиқҳ, баён, тарих ва бошқа илмларни кўплаб устозларидан ўрганади.

Аммо ул зотнинг эътибори пайғамбаримизнинг ҳадисларини тўплашга қаратилди. Ҳадис илмини мукаммал эгаллаш мақсадида Моварауннаҳр, Хуросон, Ироқ, Ҳижоз каби шаҳарларга ижодий сафар қилади. Кўплаб муҳаддислар, уламолар билан учрашди, ўрганди, ўргатди, мунозараларда қатнашди. Ўз илму истеъдоди билан хорижлик олимларни ҳайратга солди. Сафарларда олган билими, ўз юртидаги муҳит тарбияси, ўзининг тиришқоқлиги ва зукколиги уни ҳадис илмининг пешвоси, муҳаддислар имоми даражасига кўтарди.

Тақиддин ибн Таймия “имом Термизий биринчи бўлиб ҳадисни саҳиҳ, ҳасан ва ғарибга бўлганлар, деган эътирофи ул зотнинг ҳадис илмида “илал” (иллат) масаласи муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлайди. Устозлари таълимини ўзига жо қилган имом Термизий ҳадисларини саҳиҳ (тўғри, ишончли), ҳасан (яхши маъқул), заиф (бўш, хато) каби гуруҳларга бўлиб тадқиқ қилади. У ўзининг “Ал –илал фил ҳадис” ҳадислардаги иллатлар ёки нуқсонлар, оғишлар асарида ҳадисларда ҳар хил сабабларга кўра ровийлар томонидан содир этиладаиган заифлик, ноаниқлик, талай хато, янгиланишда тад- қиқлар этилади.

—Исо Термизий ҳадис илмида “Сунан” йўналишига асос солган муҳаддислардан бўлгани учун унинг шоҳ асари асосан “Сунани Термизий номи билан шуҳрат қозонган”,—дейди замонамизнинг йирик уламоларидан бири — Абдуллазиз Мансур.

Абу Исо Муҳаммад Термизий ўзининг “Сунани”ни нафақат Моварауннаҳр, балки Ҳижоз, Ироқ, Хуросон уламоларининг назаридан ўтказиб, тақризларни олган, саҳиҳлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилгандан кейингина асари ҳақидаги фикрини аён қилади: “кимнинг уйида бу китобдан бўлса, ўша хонадонда Пайғамбар (с.а.в) гапираётгандек бўлади”.

Шайхулислом абу Ислом ал Ансорийнинг “Мен учун Термизийнинг китоби (“Сунани Термизий” ) Бухорий ва Муслим китобларидан кўра фойдалироқ. Чунки Бухорий ва Муслимдан фақат теран илмли мутахасис, олимларгина истифода этади. Термизийдан эса ҳар ким фойдаланиши мумкин” деган фикрлари бу буюк муҳаддиснинг асарлари барчага тушунарли, ўзлаштириш енгил услубда ёзилганлигидан дарак беради.

Абу Исо Муҳаммад Термизий ҳақида Самъонийнинг “у ўз асрининг имоми, турли таснифлар соҳибидир,” Ибн ҳалқоннинг “ҳадис илмида иқтидо этиладиган имомлардан биридир” ёки абу Аҳмаднинг “ал Бухорий вафотларидан кейин у кишининг ортидан илм, ҳифз, вараь ва зуҳд бобида абу Исо (Термизий)дек бошқа бир зот қолмади”— деган каломлари улуғ ватандошимизни ислом илмида ва мусулмон оламида юксак мавқега эга бўлганининг ифодасидир.
Шеробод ислом дини етиб келгунга қадар ҳам илму ҳунар маркази бўлиб келган. Қадимшунос олимлар Сополлитепа, Жарқўтон харобаларини тадқиқ қилиш жараёнида бунга гувоҳ бўлмоқдалар. Чунки илм ва ҳунар асоссиз, бўш жойда пайдо бўлмайди; пойдевор керак. Бундай пойдевор бўлган ва бугун ҳам бор. Илму ҳунар равнақи мамлакатнинг, давлатнинг буюклиги асосидир.

АҚШдаги Диопс холкинс университети қошидаги Марказий Осиё ва Кавказ бўйича институти раҳбари Фредрик Старнинг ушбу заминда истиқомат қилган қомусий олимлар амалда жаҳон тафаккурининг даҳолари бўлганлар. Бу зотларнинг ақл заковати туфайли, уйғониш араб дунёсида эмас, балки айнан Марказий Осиёда, Ўзбекистон ҳудудида юз берган,— деган сўзлари бежиз айтилмаган.

Н. СУЛТОНОВ,
“Олтин мерос” халқаро хайрия жамоат фонди вилоят муассасаси раҳбари
И. БОБОХЎЖАЕВ,
ТерДУ тарих факультети талабаси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Элчи билан учрашув

Ўзбекистон ва Афғонистон Президентларининг олий даражадаги учрашувлари икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар, айниқса, савдо айланмаси-нинг …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE