Бош саҳифа / Жамият / Бўёқларда муҳрланган тарих

Бўёқларда муҳрланган тарих

Тарихдан маълумки, Бобурийлар сулоласи Ўиндистонда 3 асрдан зиёд ҳукмронлиги даврида кўплаб эзгу ишларни амалга оширганлар. Давлатни 50 йил мобайнида бошқарган Акбаршоҳнинг Ҳиндистонда амалга оширган ишлари юрт тарихида ўчмас из қолдирган. Бобурнинг вафотидан сўнг мамлакатни бошқарган ўғли Ҳумоюн Мирзо санъатга ошуфта инсон бўлган. Ҳумоюн Табризда бўлган кезлари машҳур мусаввир Камолиддин Беҳзод ва унинг шогирдлари асарларидан илҳомланади. Табризда ўша даврнинг машҳур мусаввирлари Мир Саид Али Табризий ва Ҳожа Абдусамад Шерозийлар билан яқиндан танишди. Қайтар чоғида уларни ўз саройига таклиф қилади. Шу тариқа бу икки машҳур мусаввир Бобурийлар минатюра санъатига асос солдилар ва сарой кутубхонаси қошида Ҳумоюн томонидан ташкил этилган минатюра санъатининг янги мактабига йўлбошчилик қилдилар.

Ҳумоюннинг вафотидан кейин унинг 14 яшар ўғли Акбар тахтга чиқади. Акбар табиатан ёшлигидан тасвирий санъатга қизиққанлиги учун тожу тахт ишларидан бўш вақтларида минатюра санъати билан астойдил шуғулланди ва натижада машҳур мусаввир бўлиб етишди. Тасвирий санъатга нафосат ва гўзаллик дурдонаси сифатида қараган Акбаршоҳ мусаввирларни доим қўллаб-қувватлаш билан бирга унинг ривожи учун беқиёс ҳисса қўшди. Маълумотларга қараганда, Акбаршоҳнинг вафотидан кейин ўғли Жаҳонгир, набираси Шоҳ Жаҳоннинг кутубхона ва қироатхоналарида Ҳинд ўлкасининг турли ҳудудларидан келган санъаткорлар ижод қилганлар.

Ҳозирги пайтда Британия музейидаги “Бобурнома“ қўлёзмасида 96 та минатюра бор ва улар яхши ҳолатда сақланмоқда. Бу асарларни яратишда Акбар саройидаги 40 дан ортиқ мусаввирлар иштирок этганлар. Энг муҳими, Акбаршоҳ чизган минатюралар ҳам улар орасидан ўрин олган. “Бобурнома“га чизилган бу минатюралар марказида Бобур Мирзо турли ҳолатларда тасвирланган. Бу минатюраларда куч-қудратга тўла, иродали, жасур, довюрак, маънавий дунёси бой, меҳрибон ва юмшоқ нигоҳли ўктам киши сиймосини кўрамиз. Бобурийларга хос бўлган яратувчанлик, адабиёт ва санъатни нозик англаш хусусияти асрлар ўтса-да, сулола вакиллари томонидан давом эттирилди. Бобур авлодлари томонидан яратилган моддий ва маънавий бойликлар ҳали-ҳануз ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Г.ЯДГАРОВА,
коллеж ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan