Бош саҳифа / Жамият / Бўйларингдан айланай, Ватан!

Бўйларингдан айланай, Ватан!

Термиз шаҳридаги амфитеатрда бўлиб ўтган Мустақиллик байрамидан репортаж

Ҳазрат Навоий айтганларидек, одамлар қалбини, кишилик жамиятини адолат, самимият, илму-ирфон, зукко тафаккурга қорилган Сўз қудрати билан эгаллаш мумкинлиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир.

Муҳтарам Президентимизнинг, биз шундай ишлайликки, токи халқимиз бугунги ва эртанги кунидан, биздан рози бўлсин, деган даъватлари сиёсатимизнинг, давлатимизнинг, асримизнинг бош шиорига айланганлигига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Ўтган икки йилдан ортиқроқ вақт давомида республикамизнинг барча ҳудудларида мислсиз ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Қишлоқ ва шаҳар, энг чекка ҳудудлардаги аҳоли пунктларида давлат дастури асосида равон йўллар, мактаб ва боғчалар, газ, электр энергияси, бир сўз билан айтганда ўзига хос замонавий инфратузилма барпо этилди ва этилаяпти. Бугун энг чекка ҳудуд Сина, Вахшивор, Қўрғонча, Мачай, Қизилнавр, Кентала каби қишлоқларга борсангиз, аҳолига яратиб берилган шарт-шароитни кўриб, юқоридаги сўзларнинг нақадар ҳаётбахш эканлигига имон келтирасиз.

Заҳматкаш ва закий халқимиз 28 йил давомида Мустақиллик туфайли давлатимиз ва Президентимиз томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаол иштирок этиб, ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшаётганидан юртнинг ҳар бир фуқароси ифтихор қилаётганлиги ҳам айни ҳақиқатдир. Буни Термиз шаҳридаги “Шоҳсарой” тантаналар саройига эрталабдан юзида табассум ва мамнуният билан келаётган кишиларнинг хатти-ҳаракатларидан ҳам сезса бўларди. Жон ва нондек азиз бўлган Мустақиллигимизнинг 28 йиллик шодиёналари “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида шукрона оши билан бошланди. Тўкин дастурхон устида катта-ю кичик бир-бирини байрам билан самимий муборакбод этди. Тантаналар саройида Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси Сурхондарё вилоят вакили, ҳожи Алиакбар Сайфиддинов барчани байрам билан табриклаб, Мустақиллигимизнинг бардавомлигини тилаб, фуқароларимиз, Президентимиз, юрт оғаларимиз ҳақига дуолар этиб, Қуръон тиловат қилди.

 Тадбирга вилоят ҳокими Т.Боболов бошчилигида ташкилот, корхоналар раҳбар ва мутасаддилари, фахрийлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди. Шу куни вилоятимизда ўнлаб янги бунёд этилган ижтимоий объектларнинг очилиш маросимлари бўлиб ўтдики, бу ҳам халқимизнинг Мустақиллик байрамига ўзига хос туҳфаси ҳисобланади.

Вилоятимиз марказидаги кўчалар, хиёбонлар ҳар доимгидан жозибали ва шукуҳли. Шаҳримизнинг муҳташам боғида жойлашган амфитеатр томон катта-ю кичик байрамона кайфиятда келишмоқда. Карнай-сурнай садолари, доира зарби бутун боғлиқни чулғагандай. Фуқароларнинг кўксида Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан зарб этилган кўкрак нишони ярқираб, қўлида давлат байроғи ҳилпирайди. Ниҳоят, барчамизга таниш бўлган мусиқа садолари янграб, байрам тантаналари бошланди. Давлат мадҳиясини ТерДУ талабалари тантанавор ижро этишди. Шундан сўнг вилоят ҳокими Тўра Боболов сўзга чиқиб, воҳамизда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Обод марказ” Давлат дастурлари асосида амалга оширилган ва оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб, бунинг бари Мустақиллигимиз шарофати эканлигини алоҳида таъкидлади. Жорий йилда фойдаланишга топширилган ишлаб чиқариш объектлари, турар жойлар, маданий-маиший объект ларни санаб ўтди. Айниқса, Музработ тумани ва Шарғун шаҳрида кенг кўламда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари таҳсинга сазоворлиги бутун эл-юрт кўз ўнгидадир. Шунингдек, вилоят ҳокими юртимиз фуқароларини, байрамда иштирок этиш учун қўшни давлатлардан келган меҳмонларни Мустақиллик шодиёналари билан самимий табриклади.

Байрам тантаналарини Шеробод туман маданият маркази хонандаси Дилдора Тўраева бошлаб берди. Вилоят “Баркамол авлод” болалар ижодиёти маркази, Термиз шаҳридаги “Сурхон саболари”, “Нурафшон” болалар рақс дасталари, шаҳардаги БЎСМ ўқувчиларининг чиқишлари иштирокчиларнинг кайфиятини кўтариб юборди.

Вилоят мусиқали драма театри, Термиз ҳарбий гарнизони оркестри, чегара қўшинлари ҳамда миллий гвардия хизматчиларининг кўргазмали чиқишларини томошабинлар қарсаклар билан олқишлашди. Айниқса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Сайёра Қозиева, Лола Аҳмедова, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Ҳосила Раҳимова, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Маҳмуд Номозовлар саҳнага чиққанда томошабинлар жўр бўлишиб, рақсга тушишди. Байрам тадбирига Термиз, Жарқўрғон болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси вилоят бўлими хонандалари Бобомурод Бекназаров, Азиз Эсонов, Ойбек Халилов, Зоҳид ва Жамшид Турсуновларнинг чиқишлари алоҳида жозиба бахш этди.

Шодиёна сўнгида мушакбозлик бошланиб, барча иштирокчилар қўлларидаги байроқларни ҳилпиратиб, фахр билан қарсак чалганда, дилимдаги шукроналар шеърга айланди.

Алпомишлар авлоди, менинг туркий Туроним,

Ал Бухорий, Термизий Ғарбу Шарқда сўроним,

Олам тутгай томоша, тантана, тўй суроним,

Ватан муборак бўлсин, улуғ Соҳибқироним!

Ёмон кўздан асра деб,жоним тумор айладим,

Эй, севгилим, бўстоним, жоним, ЎЗБЕКИСТОНИМ!

Сафар ОМОН,

“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan