Бош саҳифа / Адабиёт / Бўронли тунда

Бўронли тунда

Чоршанби ДЕҲНАВИЙ

Буви бутун вужуди билан ташқарига қулоқ тутарди.

Назарида ўғли шу заҳотиёқ келиб қолиб, айвон тагида тўхтайди-да, одатига кўра ерни тап-тап тепиб, этикларининг қорини қоқиш баҳонасида соғ-омон етиб келганидан огоҳлантиради. Буви  ўшандагина осуда нафас олар, изтироблардан эзилган вужуди тин олиб, кун бўйи  ўғлининг йўлига термула-термула кўклари узилган кўзларига бир пас бўлса-да, уйқу қўнарди. Бироқ у кутган оёқ шарпасидан дарак йўқ, унинг  ўрнида бўроннинг даҳшатли изғирини кучайгандан кучайиб, увиллаган шамол муз кукунларига ўхшаш қор учқунларини дераза шишаларига чарс-чарс урарди.

Бувининг қалбида интиқлик билан турфа хаёллар қоришиб, ваҳимасини тобора орттирарди. Гўё Қосимжони йўлдаю қутирган бўрон исканжасида ит азобини тортмоқда. Боз устида қишнинг чилласи,  бўриларнинг қонсираган пайти… Буви тоқатсизланиб, иккинчи томонига ўгирилди. Кўзларини юмиб, ҳеч нарсани ўйламасликка ҳаракат қилди. Мижжалари илинса-чи! Кўз ўнгида ваҳимали воқеалар саҳна олиб, тоқати тоқ бўларди. Охири устидаги ёпинчиғини оёқларига туширди ва тиззаларини қучганча ўтириб олди. Гўё шуниси маъқул эди.

Дераза тирқишларидан ичкарига урилаётган шамол уйнинг ўртасида осиғлик турган чироқнинг  пилигидан чўзилиб чиқаётган оловни ўйнатиб, тутуни чироқшишани анчагина қорайтирганди. Электр чироғи йилнинг шу пайтида ҳаммани ўйнатади — биров қаттиқроқ аксирса тамом, лип этиб ўчадию шунинг билан одамлар бир ҳафта-ўн кун керосин искашади. “Тоғнинг шароити шу-да!”

Буви йўталди. Димоғидан тутун ҳиди анқиди. Совуқдан бўлганда қачонлар ўлиб кетарди. Келини болали бўлдию буви уларни печкали уйига ўтказди. Ўғли янги печка олиб келди, буви қўйдиртирмади. “Мени балоям урмайди, ўғлим. Иссиқ-совуқ бўлишдан ёмони йўқ” деб. Аслида илиққина уйда иссиққина ухлашни, бошқа оналар қаторида иззат-икромда бўлишни истарди. Яна фикридан қайтиб, ўзини ношукурга йўярди. Тўғри-да, бояқиш ўғли ўзини нечага бўлсин?! Давлат иши, рўзғор ташвиши! Баҳорда ўт ўриш, кузда ўтин ташиш. Кошкийди тоғда мошин юрса! Топгани эшак! Болаларининг суяги қотгандаям бир нав эди. Ёлғиз ўзи элдан ортда қолмасликка урингани уринган. Сочлари эрта оқаргани, юзларининг ажини машаққатлар харитасига ўхшаши азобнинг зўридан. Тағин тоғнинг қаҳри қаттиқ бўлмаса! Айниқса қиши! Тулкининг думидай узун. Газ дегани анқонинг уруғи. Йил ўн икки ой ўтин ёқишади. Култўдалари уюми уйдай-уйдай. “Бечора, ўғлим дунёга келиб, ҳаловат кўрмади… Хайрият тўрт мучаси бут. Шунисига ҳам шукур… Ҳозир қаерда экан? Қаерданам сўрадим? Шаҳарда демаганида… Тергашларим қурсин! Яқин ўртада деганидаям жоним бунчалик бўғзимга тиқилмасди. Э, Худойим! Болагинамни сенга топширдим. Омонатимга хиёнат қилма…”

Бувининг одати шу — Қосимжон бирон жойга жўнагудек бўлса қачон қайтишини билгиси келарди. Айтган вақтидан кеч қоладиган бўлса тамом — ичида илон ўрмаларди. Қайтганича минг марта ўлиб тирилади. Назарида қачон ўлса ҳам уни тоқатсизлиги ўлдирар ва Қосимжоннинг йўлига термилиб жони чиқарди.

(Давоми бор)

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

ҚЎНҒИРОҚ БОНГ УРДИ

Қўнғироқ бонг урди. Соч-соқоли чанг, Жиловни қўйвормай мудрайди сарбон. Ҳар ён пучмоқларда бораётир жанг, Жанглар …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan