Бош саҳифа / Адабиёт / Бўронли тунда

Бўронли тунда

Чоршанби ДЕҲНАВИЙ

1 қисм
2 қисм
3 қисм
4 қисм
5 қисм
6 қисм

(Давоми. Боши ўтган сонларда)

Шу пайт нимадир шундоққина оёғи остига келиб тушди. Буви энгашиб, ер пайпаслади. Муштдек тош экан. Бувини ваҳима босиб, ён-верига аланглади. Изғиринда бирон нарсани кўролса-чи! Чопонини бошидан олиб, симтўр устига қўйди-да, ичкари юрди. Қўйхонанинг эшиги ҳам очиқ эди. У ҳали хаёлини йиғмай ичкаридан бир қўй уриб чиқди. Кейин иккинчиси, учинчиси… Буви юз бериши мумкин бўлган воқеани тахминан англади. Англадию қандайдир бир саросималик билан қўйхона эшиги ортида қўйиладиган белкуракни олди ва боши узра икки қўллаб кўтариб ичкаридан қўй ҳайдовчининг чиқишини кута бошлади. Юраги қаттиқ уриб, қўллари тинимсиз қалтиради. Булар қўрқувдан эмас, ваҳима босганидан эмас, аксинча, нафратини бошқара олмаганидан эди. Фарзандлари учун, невараларининг суннатига атаб боққан бўрдоқилари учун. Яна ўзининг ва ўғлининг бир умр хўрликда пушт-паноҳсиз яшагани учун… Қўйларнинг ортидан кимдир бошини эҳтиёткорлик билан энкайтириб чиқмоқчи бўлди. Буви бор кучини билакларига тўплаб, қўлидаги залворли белкурак билан урди. Урдию жон жаҳди билан чинқираган “Оҳ!!” гўё изғиринни тўлқинлантириб юборди. Сўнг қоп-қора кийинган, уст-боши узун барваста киши йиқилди. Жон талвасасида турмоқчи бўлди. Яна йиқилди, яна турди, яна йиқилди. Шу алфозда дарё томонга энкайди.

Буви ўзига келганда, белкурак қўлида ҳамон муаллақ турарди. Ўзини қўлга олган бўлса-да, кўрганларига ишонгиси йўқ эди. Ўғри ёлғиз эмас, қўтон ортидан отилган тош шериги борлигидан далолат беришини англаган бўлса-да, ваҳимага тушмади. Қўлидаги белкурак билан қўйларнинг олдини тўсиб, қўйхонага қайтарди. Занжирини ўтказиб, бир оёғида ковуши йўқлигини сезди.

Буви уйга қайтиб, чироқнинг ўчай-ўчай деб қолганига парво қилмади. Уйнинг баттар совиганини ҳам ҳис этмади. Тўшагига чўзилиб, раҳмини Худо еганидан шукрона қиларди: “Борингга шукур. Энди ўлсам армоним йўқ. Ўзинг ёрлақамаганингда эртага ҳолим нима кечарди? Ўғлимнинг аҳволи-чи? Милисима-милиса югурадиган яна Ғойибжон! Илоё болаларининг роҳатини кўрсин! Лекин бизнинг милисалардан умид йўқ. Гумондорларни бир-икки тергайдию, кетаверади. Куядиган куяверсин, тутайдиган тутайверсин…

Бувининг хаёлини аввал зўраки йўтал, сўнг оёқнинг ерга тап-тап урилган товуши бўлди. “Келди”. Унинг вужудига жон кирди. Эшикни келини очди. “Бек, энамнинг феълини била туриб кечикканингиз нимаси,— келингинасини эшитиб, бувининг унга бўлган меҳри ошди. Шу чоққача йўлингизга тикилганлари тикилган!”.

“Йўлда мошин бузилди, — деди Қосимжон энасига ачиниб. — Уйғоқмилар?” “Сизни кўрмай уйқулари келармиди?” “Чироқлари ўчирилган”.

Керосинни тежашларини биласиз-ку. Нега тик турибсиз? Киринг.”

“Йўқ, буфетнинг калитига келдим. Молларни тушириб, Ғойибжонникига бораман”. “Бемаҳалда?”

“Ҳа, Ғойибжон ўлибди”.

“Ўлибди”.

“Ким айтди?”.

“Ўзим”. Ҳовлисида одамлар тўпланган экан. Хавотирланиб, мошинани тўхтатдим. Сўрасам, аҳвол шу. Пешинга яқин дарё бўйида юрганини кўрувдим. Соппа-соғ эди. “Нима бўлганини ҳеч ким билмайди. Фақат боши қаттиқ шикастланган дейишди. Энамга айтма, эшитсалар қишлоқни бошларига кўтарадилар”.

Буви чўзилган жойида қотиб қолган эди. Хаёлида… Йўқ, хаёллари ҳам карахт эди. Фақат эшитилар-эшитилмас “Иккинчиси ким бўлди экан?” дея пичирларди, холос.

(Тамом)

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Адабиётшунослар анжумани

Адабиёт барча замонларда ҳар бир миллатнинг бадиий-эстетик тафаккурини, дунёқараши, миллий ўзлигини белгилайдиган санъат тури ҳисобланади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan