Бош саҳифа / Адабиёт / Бўронли тунда

Бўронли тунда

Чоршанби ДЕҲНАВИЙ

1 қисм
2 қисм
3 қисм
4 қисм
5 қисм

(Давоми. Боши ўтган сонларда)

Гоҳ кўз ёши қилиб, гоҳи қарғаб, дунёнинг барча азоб-уқубатларини ўғрига тилади. Фақат Қосимжон…   Силласи қуриганмиди ё ҳаётнинг шафқатсиз тепкиларига бардошини синармиди, ҳарқалай ҳайкалдек қотиб, ҳеч нарсага муносабат билдирмасди. Бу мусибатга яна Ғойибжон эга чиқди. Милиса чақирди. Ҳатто ички ишлар ходимларининг совуққонлиги туфайли бева-бечоралар қайта-қайта таланаётганликлари ҳақида шикоят хати ёзди. Бу гал ходимлар ишга жиддий киришдилар. Текшириш узоқ чўзилди. Бироқ Қосимжон ҳеч кимдан гумонсирамагач, иш яна ёпилди. Бувига ночорлиги алам қилиб, узоқ-узоқларга кўчиб кетмоқчи бўлди. Қосимжон кўнмади. “Юртнинг айби нима, эна,— дерди ҳар гал маъюсланиб, —айб одамларда”. Бувининг ҳоври босилмасди. Рост-да, очдан тинкаси қуридиям, бундан батарларидаям ўғирлик қилмади. Оз бўлсаям — ҳалол еди, ҳалол яшади, келиб-келиб… “Эй Парвардигор, — беихтиёр осмонга қараб, нидо қилди,— кимсасиз, ночор банда яратгунча, тош яратсанг бўлмасмиди?!”

Буви вақтида турмуш қурмаганидан афсусланди. Ёш эди, чиройли эди. Йигирма тўрт ёш аёлнинг етилган пайти эмасмиди?! Қаерлардан совчи келмай, кимлар етса молини, етмаса жонини гаровга қўймади?! Мар- ҳум эрининг руҳини чинқиратишни истамади, етимчаларининг наздида содиқ ва покиза қолмоқчи бўлди. Йўқ, ҳаёт бошқаю туйғулар бошқа экан. Энди бир пайтлар сиғинган садоқатнинг азобини тортмоқда. Қосимжонини айт майсиз! Бировнинг эшигига олиб боришга кўзи қиймай ёлғизлик, кимсасизлик азобу изтиробларини раво кўргани нимаси? Лаънат бундай олийжанобликка! Олийжаноблик қилмаганда укали, сингилли бўлиб, ёлғизлик азобига маҳкум этилмасди. “Ҳеч қурса… — Оҳ, буви кўксини чанчаллаганча бужмайди, — ҳеч қурса синглиси тирик бўлганда! Қаватида тик туриб, изтиробларига шерик бўларди!”

Ит яна аккилади. Буви ташқарига қулоқ тутди. Ит ғўшингдан ғўшиниб аккилади. “Қишлоққа бўри ораладимикан?” Бувининг эсига қўйларнинг аввал оқшом таш қарида симтўрдан қилинган қўтонда экани ва қўйхонанинг занжири ўтказилмай қолгани тушди. Сўнг электр чироғи ўчиб, болалар қамашдими йўқ, суриштирмади. Қўйхонанинг эшиги  очиқ қолган бўлса, бўри кириб, бир четдан ёриб ташлайди. “Одамнинг боши ташвишдан чиқмаскан-чиқмаскан-да!” — буви ўрнидан туриб, чопонига  ўранди ва шу баҳонада ўтинхонадан керосин олиб келиб, чироққа қуймоқчи бўлди.

Ташқарида шамол ва қор гўё яқалашарди.

Буви ҳамишагидай деворни пайпаслаб, уйнинг ёнбошига ўтди. Қўтон томон юрмоқчи бўлган эди, ковушига қор кирди. Чинданам қор анча кўтарилган, эҳтиёт қилган билан ковушини қуруқ сақлаёлмасди. Сўнг таваккал қилиб, қўтон томон юрди. Негадир қўтоннинг эшиги ланг очиқ эди. “Наҳот Қосимжон келган бўлса?”

(Давоми бор)

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Китоб офтоб

Ҳақиқатдан ҳам китоб туфайли дунёни теран англай бошлаймиз. Унинг ёрдами билан ҳаётда ўз ўрнимизни топамиз. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE