Бош саҳифа / Адабиёт / Бўронли тунда

Бўронли тунда

Чоршанби ДЕҲНАВИЙ

(Давоми. Боши ўтган сонда)

Телба шамол уйнинг тарновини тирнаб, бувининг хаёлларини чалғитарди. Осмадаги чироқ тебраниб, унинг девордаги суратини гўё аллаларди. Пилик учида ўйнаётган олов пасайгандан пасайиб, шишадаги тутун қатлами қуюқлашган сайин хона бутун бисоти билан гўё зулмат қаърига шўнғирди. “Ёғи тугади”. Келинига қош қораймасдан айтиб эди — бўрон кучаймоқда, сивит ўчади, чироқларни тайёрлаб қўй. Келини гапни ҳазилга бурди.

— Бек келмасалар, — келини Қосимжонни шундай атарди, — кўп бало чироқ нима керак? Биттаси етарли. Аввали сивит ўчмас, ўчса бизнинг уйга ўтасиз.

— Келиннинг парваси палак! “Бек келмасалар…миш!”

Бироқ кўнгилга олмади. Унинг одати шунақа — ҳазилиям тўғрисиям бир, дилидаги тилида! Товушини айтмайсиз! Тоғ тебратади. Қўни-қўшнилар унга “Жарчикелин” деб  лақаб қўйишган. “Товушим туғаси шундай бўлса, айбим нима, — дерди қўшни аёлларнинг ҳазилига жавобан. — Энамнинг ўзлариям мендақа келинни орзу қилганлар. Чунки қулоқларининг пардаси қалинлашиб, паст товушни яхши эшитмайдилар. Шундай эмасми, эна? Буви ми- йиғида кулиб, “ҳа” деб қўярди.

Келини шаҳарлик эди. Эрка ўсган эмасми, эйликгунча бувининг она сути бурнидан қайтди. Келинининг илдиз отиши учун “кар” бўлди, “соқов” бўлди, “сўқир” бўлди. Қариган чоғида қайта “қиз” бўлиб, овқатини пиширди, ҳовлисини супурди, сувини келтириб, кийим-кечагини ювди. Хайрият, хизматлари зое кетмади. Шаҳарнинг юриш-туришию эркаликларидан, баландпарвоз ҳою ҳавасларидан асар қолмай, асл тоғлик бўлди-қолди. Рўмоли ўн чораклик, кўйлаклари узун,  чорвадор, ўтин ёргич, урчуқ йигирувчи, ўрмак тўқувчи. Худога шукур, болалари бир этак. Барини  бувининг ўзи тетапоя қилди. Энди тунлари бувининг қучоғи учун талашганлари талашган.

Шу оқшом ҳам талашишди. Кичкина невараси тўшакка яшириниб олган экан, буви турғизди.

(Давоми бор)

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Китоб офтоб

Ҳақиқатдан ҳам китоб туфайли дунёни теран англай бошлаймиз. Унинг ёрдами билан ҳаётда ўз ўрнимизни топамиз. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE