Бош саҳифа / Жамият / Бундай эъзоз қайда бор?!

Бундай эъзоз қайда бор?!

Кўзёшлар… Кўзёшлар… Бировнинг кўзида ёш кўрсак бефарқ ўтиб кетолмаймиз. Гарчи у нотаниш бўлса ҳам. Унинг изтироблари боиси не экан, деб ўйлаймиз. Ёрдам бергимиз келади. Кўзлар қайсидир бағритош дастидан ёшланади. Ё қай бир мудҳиш хабар кўзларимизни ёшлайди.

Соддадил, самимий ва меҳрибон халқимиз: Доимо кулиб юринг, кўзларингиз ёшга тўлмасин, деган яхши тилаклар билдиришади.

Гапни сал узоқдан бошладим. Аслида мен севинч кўзёшлари ҳақида гапирмоқчиман. Сезаяпман, чеҳрангиз ёришиб кетди “Э, хайрият, бу бошқа гап. Қанийди ҳар биримиз ҳар куни ана шундай кўзёшларга гувоҳ бўлсак”, деган фикр шубҳасиз хаёлингиздан ўтаяпти. Албатта, бу жуда мароқли. Бунга ҳам қайсидир дарёдил инсон сабабчи бўлади. Хушхабарлар ёшлаб қўяди гоҳо кўзларимизни.

Юртбошимиз Ш.Мирзиёев томонидан одамлар дилидаги фармон ва қарорлар чиқарилмоқда. Ечимини кутаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш йўлида тинимсиз кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганлигидан халқимизнинг руҳи баланд. Раҳбарларнинг халқ ичига кириб бораётганлиги ўз самарасини бера бошлади. Аҳолининг кам таъминланган қатлами, ногиронлар, имконияти чекланган инсонларнинг турмуш шароитлари ўрганилмоқда. Халқимизга хос бўлган меҳр-мурувват кўрсатиб, уларга моддий ва маънавий кўмак берилаётганлиги янада қувонарли. Ҳар бир вилоятда, ҳар бир туманда шароити оғир бўлган одамларга барча қулайликлари муҳайё  бўлган уйларнинг калитлари топширилаётганлигини айтмайсизми? Бу тадбирлар жойларда ҳақиқий байрамга, тантанага айланиб бораётганлигига гувоҳ бўлаяпмиз.

Фараз қилинг, улар шундай оғир аҳволда қолиб кетишлари мумкин эди. Ўзлари ҳам, норасида фарзандлари ҳам тенгдошларидан ортда қолиб, ўксиб ўтишлари мумкин эди-да. Уй калити билан бирга тикув машиналари берилаётганини айтмайсизми. Уйларнинг бошланғич тўловлари давлат томонидан ўтказилиши-чи?

Ойнаи  жаҳон  орқали  ана шундай ғамхўрлик  шукронасини дил сўзлари билан, севинч кўз ёшлари билан ифодалаётган юрдошларимизни кўриб тўлқинланиб кетаман. Табиатан кўнгли бўшлигимданми, рости баъзан таъсирланиб, кўзларимга ёш ҳам келади. Бу қадриятларимизга хос инсон парварликнинг  ҳақиқий намунаси эмасми? Дунёнинг ҳеч бир ерида бундай эътибор бўлмаса керак. Бундан нафақат меҳр кўраётганлар, ҳар биримиз шукрона келтиришимиз лозим.

Тўғри, орамизда эҳтиёжмандларга ёрдам қўлини чўзиб келаётган саховатли юртдошларимиз ҳам оз эмас. Аммо, бундай савоб иш Президентимиз томонидан кенг қамровда изчил олиб борилаётгани етти иқлимга ибратдир. Буни фақат ва фақат олқишлашимиз керак! Қувончдан кўзлари ёшланган инсонларни кўриб ҳазрат Навоийнинг машҳур байти бод-бод қулоқларим остида жаранглагандек бўлади.

Кимки бир кўнгли
бузуқнинг хотирин
шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон
бўлса обод айлагай.

Шоирнинг орзуси, армони подшоларни саховатпеша, одил ва раиятпарвар кўрмоқ эди.  Улуғ мамлакатда улуғ шоирнинг армонлари кўз ўнгимизда ушалмоқда. Илло, бу каби хайрли ишлар ҳали кўп бўлади. Бардавом бўлаверади…

Абдумурод Худойбердиев,
Бойсун тумани “Ўрта Мачай” маҳалласи,
халқ таълими фахрийси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Uchovlonning to’rtinchisi

Ommaviy axborot vositalari odatda to‘rtinchi hokimiyat sifatida tilga olinadi. Jurnalistlar esa bevosita jamiyatda mavjud uch …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan