Бош саҳифа / Адабиёт / БУЛОҚ БЎЙИДАГИ УМР

БУЛОҚ БЎЙИДАГИ УМР

Ҳаётнинг  оғир ва синовли дамларини бирга ўтказган ёстиқдоши дунёдан ўтгач чол бирдан «синди»…  Камгап, камсуқим, маъюс ва шикаста одамга айланди. Тирноққа зор бўлган умри, бу бешафқат дунёнинг инсон бошига тушадиган неки залворли юки бир томону аёлини сўнгги манзилга кузатиш улардан-да азобли бўлди… Том-тоши, обод боғи, мол-ҳолидан-да кўнгли қолди…

«Ёлғизликнинг куни қурисин» дея чол ҳеч кимга ўхшамайдиган,  қандайдир бир ғалати одат чиқарди: ҳар тонг эрта турар, қишлоқ бошидаги булоқ бўйига борар, у билан дийдорлашиб, сирлашадиган бўлди:

 «Салом қадрдон булоғим! Мен келдим.  Яна қошингда турибман. Кўряпсанми, мен тирикман. Юрагим уриб турибди, нафас олаяпман… Сен билан кўришиб, зилол сувларингдан тўйиб-тўйиб ичаётганимдан Яратганга шукрона қиламан.
Ўзинг ҳам шуни сезасанми, йўқми?  Сен бир бағрикенг, меҳрлисанда… Сенга ҳавасим келади.  Одам ажратмайсан. Бу серфарзанд экан,  буниси  тирноққа зор, мана бу бой,  униси камбағал демайсан…  Ҳалол ва пок сувингни ҳеч бир жонзотдан аямайсан, миннат қилмайсан.  Шунинг учун ҳам сенинг олдингга тирик жон борки, ийманмасдан, тортинмасдан, қўрқмасдан келади… Мен эса сенинг ёнингда ўзимни хотиржам тутаман, сувларинг танамга қувват, меҳринг қалбимга ёруғлик олиб киради…  Онамга:  ҳа,  онажонимга ўхшайсан..!  Биласанми?  Биз инсонлар туғилганимизда ҳам, умр бўйи, ҳатто сўнгги манзил сари кетар чоғимизда ҳам сенинг сувингга, меҳр-муҳаббатингга муҳтожмиз!»

 Чол бу гапларни  айта-айта  булоқ атрофини ўраб турган ялпизларнинг хушбўй ифорини тўйиб-тўйиб  ҳидлайди. Қўлларини икки ёнга чўзиб-чўзиб  ҳидлайди. Кўзларини юмиб-юмиб ҳидлайди. Негадир ана шу дамда олис хотиралари, болалиги, ота-онаси, меҳрибон ва мунис аёли кўз олдига келади…

Чол узоқ йиллар ушбу булоқни ўзига дардкаш, юпанч ва суянч қилиб яшади. Унинг олдига кулиб-кулиб борарди, одимлаб-одимлаб борарди… Булоқ бўйида бемалол, беҳижолат, ҳавотирсиз ўтирарди. Намланган кўзини ҳам, хурсанд чеҳрасини-да унинг сувига юварди…  То уйига келгунича ариқ ёқалаб, булоқ сувга ҳамроҳ бўлар; кимдир уни телбанамога ўхшатса, яна биров ёлғизликка йўярди…

Заҳматкаш, камтар ва ориятли бу чол ҳам ёруғ дунёга меҳмон экан. Куни келиб жон омонатини топширди…  Қавму қариндошлар, ҳамқишлоқлар  уни сўнгги  жойига кузатдилар… Кимдир пинхона йиғлади..,  яна биров кўз ёш кўрсатди…  Мозор ёнидаги ариқдан эса булоқ суви шилдир-шилдир оқарди…

Салоҳиддин Норқобилов

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Янги шеърлар

Билиб бўлмас Яхшилар ҳеч эсдан чиқмас, ёмонотни билиб бўлмас, Турфа феълу, турфа аъмол, одамзотни билиб …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan