Бош саҳифа / Маданият / Булбулдайин сайраб чиққан дўмбирам

Булбулдайин сайраб чиққан дўмбирам

Дўмбирамни қўлга олиб сайрадим,
Созни чертиб кенг даврада яйрадим.
Чечан тилим, сўзларимни қайрадим,
Булбулдайин сайраб чиққан дўмбирам…

Бахшининг азалий ҳамроҳи, юрагини элга очган, куйланган терма-достонлардан дилдаги бор ғуборлар ариган — нари қочган, булбулдай тилининг калити бўлган дўмбира мудом эътирофда. Шу термани куйлаб турган Зулхумор бахшининг ҳам элга танилишида олтин дўмбиранинг катта улуши, ҳиссаси бор.

Зулхумор бахши Шерназарова сурхондарёлик аёл бахшилардан биринчилардан бўлиб катта сахнага чиққан бахшилардан бири. ҳозирги Шўрчи туманида ҳудуди бўлган Какан қишлоғида туғилган. Ҳаёт тақозоси билан уларнинг оиласи Қумқўрғон туманининг Хандал қишлоғига кўчиб боришади. Отаси Жума Шерназаров чўпон таёғини тутиб, бир умр сурув ортидан юрди.

Ҳув, ўша чўпон сурувларининг ортидан таёқ ушлаб юрган фарзандларнинг иккиси — Омон ва Зулхумор юраги тошган бахшилардан бўлишди. Омон бахши чечанликда, соз чалишда ва ижрода ўз номига эга бўлди-ю, отасидаги камтаринлик унда бўлди. Зулхумор андишанинг зўридан бахшичиликка бўлган ҳавасини фақат Омон акасига айтди, бошқалардан сир тутди. Сирдош ака-сингил дарди бир бўлди, бахши куйлаган даврада юраги ёнди, уларни ҳамма ерда излаб юрди. Чўпоннинг уйида Ҳазратқул бахши, Туркманистондан Ҳожимурод бахши кўп меҳмон бўлди. Кунларнинг бирида оиланинг яқин қариндоши, қашқадарёлик машҳур Қодир бахши Раҳимов меҳмон бўлди. Ўшанда рутубатли қиш кунлари эди. Жума чўпон меҳмоннинг ҳурматига қўй сўйиб, элни уйига чорлади. Ҳамма афсонавий бахши ижросида достон эшитиш истагида ўша лаҳзаларни кутиб турарди.

— Шу кунни ҳозиргидек хотирлайман, ўшанда 12 ёшда эдим, — дейди Зулхумор бахши. — Қодир бахши бир илоҳий одам эди. Беш ёшли бола билан ҳам, нуроний чоллар билан ҳам бирдек мулозамат билан салом-алик қиларди. Ўзини юқори олмас эди. Қишлоғимизнинг ёшу қариси жам бўлишди. Оқсоқоллар кечки ибодатларини якунлаб, давра олдилар. Қодир бахши Алпомишни шу оқшом сел бўлиб куйлади, одамлар юрагидан йиғладилар. Дунёнинг равишини англаган ёши улуғлар достон айтиб бўлингунича юраги чидаш бермай, даврани тарк этган экан, кейин билсам. Бахшининг тинг ловчиси бўлиб фақат болалар, ўспиринлар қолишди. Бахши достонни бир айтишда 10 соатлар давомида тўхтамасдан айтди. Тонг яқин келди, саҳарда онам печга ўтин қалади, қиз бола бўлганимдан ташқарига чиқолмаганман, Алпомишни онам ёққан шу печ ёнида ўтириб, бедор тинглаб чиқдим. Орадан 10-15 кунлар ўтиб, достоннинг тўхтаган жойидан келиб, айтиб, бериб кетдилар. Достон шу тариқа хотирамга муҳрланди. Бахшининг нолалари инсон қалбини сеҳрлаши мумкинлигини шунда сезганман. Шу сабаб бахшичиликка катта ҳавасим уйғонганини ҳаммадан сир тутдим. Омон акам эндигина дўмбира олиб, терма-достонларни ўрганаётгани учун келажакда бахши бўлиш истагим борлигини акамга айтдим. Мени тушунган бўлиб, билганларини менга ҳам ўргатарди. Менинг келинлик сандиғимга гўё олтин дўмбира совға қилган эди. Яна магнит лентасига ёзилган Қодир бахши Раҳимов ижросидаги достонларни ҳам менга тортиқ қилди. Янги тушган келинман, қайнота-қайнонам меҳмон бўлиб чиқар кунни интизорлик билан кутадиган бўлдим. Уйда ўзим қолганимда, дўмбира солинган сандиқ устидаги юкларни тезда дўмбирани қўлга олиб, хуморимдан чиққунича чалиб, терма-ю достонлардан парча айтиб, юрагимни бўшатиб олардим. Қайнота-қайнонам келар маҳалгача уй юмушларини ҳам дўндириб, уларнинг хизматига шай турардим. Дўмбира чертишимдан хабар топган қишлоғимизнинг жажжи болалари келин кўрдига келиб, терма эшитиб кетаверишди. Шу зайл бу сирни узоқ сақлаб бўлмади чоғи, уйимизга меҳмон бўлиб келган Хушбоқ бахши Мардонақулов, Абдуназар бахши Поёновлар даврасига ёш келиннинг таклиф этилиши билан сир очилди. Қайнотам келиним ҳам соз чертади, қизиқиши бор деб эшитаман, бир эшитиб кўрсаларинг, деб таклиф билдирди. Келинлик чиллам чиқмаган, катта рўмолни бошимдан олмаган эдим. Не бир истиҳолалар билан Хушбоқ бахши узатган дўмбирани қўлимга олиб, Алпомишни айтиб берганман. Катта бахшилар эшитиб бўлгач, мени шогирдликка оладиган бўлишди.

Дарҳақиқат, Зулхумор Шерназарова вилоятимизда аёллардан чиққан биринчи бахши. У Гўрўғли туркумидаги “Алпомиш”, “Хондалли”, “Гўрўғли”, “Олланазар Олчинбек”, “Нурали”, “Равшанхон” каби достонларни ва 400 га яқин термаларни маҳорат билан куйлаб келмоқда. Вилоятимизда ўтказиладиган танловларда, тадбирларда фаол иштирок этиб, эл ҳурматига сазовор бўлаяпти. Мамлакатимизда биринчи бор Термиз шаҳрида ўтказилаётган Халқаро бахшичилик санъати фестивалига қизғин тайёргарлик кўраётган Зулхумор бахшига омад тилаб қоламиз.

Баҳром НОРМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ноанъанавий сабоқ

Милоддан аввалги II асрда Юнон-Бақтрия подшолиги чегара ҳудуди қандай ҳимоя қилинганини биласизми? Оғир ва енгил …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan