Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Бўлғуси нон тараддуди

Бўлғуси нон тараддуди

Куз. Кўпинча уни деҳқонларимизу боғбонларимиз олтин куз, деб таърифлайдилар. Бу бежиз эмас. Чунки айни куз фасли деҳқону боғбоннинг ҳосили пишиб етилади.

Шу кеча-кундузда бободеҳқоннинг бош қашишга вақти йўқ. Буёғи, асосий бойлигимиз — пахтани тез кунларда ёғин-сочинга қолдирмай йиғиштириб олиш вазифаси турибди. Полиззорларда қовун, тарвуз ғарқ пишган, соҳибкорлару боғбонлар узуму сархил олмаларни териш билан банд. Анорзорларда пешма-пеш ҳосил етилаяпти. Энг асосий ташвишлардан бири — келгуси йил халқимизни нон билан таъминлаш, дастурхонларимизнинг шоҳ таоми — нонни кўпайтириш учун айни кузги ғалла экишни зудлик билан бошлаш талаб этилади. Чунки бошқа экинлардан кўра, буғдой, арпани ҳозир далага сочмаган деҳқон ёзда армонда қолиши ҳеч гап эмас.

Халқимизни ўз еримизда етиштирилган буғдой нони билан таъминлаш бош вазифа қилиб қўйилган бугунги кунда воҳамиз миришкор деҳқонлари ҳар йили эртачи ғалла экиб, мўл ҳосил бун ёд этишмоқда. 2019 йил учун 93 минг гектар майдонга бошоқли дон экинлари экиш режалаштирилган. Омилкор деҳқонлар кузнинг ҳар дақиқасидан самарали фойдаланиб, очиқ майдонларни пешма-пеш шудгорлашмоқда ва сифатли текислаб, уруғ қадашаяпти. Деҳқонларни шошилтираётган яна бир жиҳати шуки, бугун ариқларимизда сув лиммо-лим. Оби-ҳаётнинг ҳар қатрасидан унумли фойдаланиб, ерга ташланган уруғни тезроқ кўкартириб олиш чоралари изланаяпти. Бугун вилоятимиз далаларида 198 та сеялка ёрдамида ҳар куни икки-уч минг гектар майдонга тажрибада синалган ва серҳосил буғдойнинг “Краснодар-99”, “Гром”, “Яксард”, “Таня” каби навлари уруғи қадалмоқда. Кузги буғдой экишда, айниқса, Қизириқ, Ангор, Термиз туманлари миришкорлари пешқадамлик қилишаётир. Бугунгача ғалла экиш учун ажратилган майдоннинг 16 минг гектарига уруғ қадалди. Деҳқонлар октябрнинг иккинчи декадасигача барча майдонларга буғдой экиш ва тезроқ суғориш учун бир тан, бир жон бўлиб меҳнат қилишаётир.

— 2018 йил ғалламиз мўл бўлди. Давлатга 103 ўрнига 114 тонна сара дон топширдик. 25 тонна ҳосил аъзоларимизга тақсимлаб берилди, — дейди Термиз туманидаги “Давлатов Асадбек” фермер хўжалиги етакчиси Фарҳод Жумаев. — Шу боис, бу йил ҳам 30 гектар майдонга буғдойнинг “Яксард” уруғини барвақт экаяпмиз. Уруққа кўп нарса боғлиқ. Деҳқонларимиз буғдойнинг супер элита навини танлашди. Қисқа муддатда экишни якунлаб, суғоришни бошлаймиз.

Ўз мухбиримиз

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мўл ҳосилга замин

Денов туманида агросаноат мажмуи ва уруғчилик фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5 …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE