Бош саҳифа / Жамият / Буюк жасоратнома

Буюк жасоратнома

Бахшичилик бу буюк жасоратномадир. Ватан ва эли юртга муҳаббат изҳоридир. Унда тенги йўқ самимийлик ва инсонийлик мужассам. Уни ёдлаган, айтган, эшитган одамлар бахт топадилар, иқбол топишади.

Унда инсоний аҳлоқ, эътиқодларнинг булоқлари мужассам. У мукаммаллик намунасидир. У донолик, самимийлик ва инсондаги энг гўзал фазилатлар тараннуми ва даъватчисидир. Бахшилар эса чорловчилардир. Бу санъат ёки инсоний маданият белгиси инсоният тафаккури рамзидир.

Қадим Сурхон воҳасида эса достончилик мактабининг тамал тошларини кўрамиз. Ўзбекистон телевидениеси мусиқа бош муҳарририяти раҳбари Ўрол Ўтаев бахшичилик санъатини телевидениега олиб чиққани, Ўзбекистон санъат арбоби Убай Бурхонов қўллабқувватлагани эсимда. Бу ўтган асрнинг 80-йилларига тўғри келади. Бахшичилик санъати ҳақиқий туркий халқлар санъати, қўнғирот уруғларининг севимли анъанаси бўлган. Шу каби бизнинг “Алпомиш”, қирғизларнинг “Манас”и ва бошқа достонларнинг асоси буюк эпосларга, аниқроғи, қадимий эътиқод анъаналарига бориб тақалади.

Агар ўқиган бўлсангиз, «Қулаган тош» деб номланган достонимда Фирдавсий билан, яъни доно форсиён бобо билан учрашув бор. Катта Наврўз сайлида Манаснинг отаси Жақип ва Алпомишнинг отаси Бойбўри учрашадилар. Шунда бахшилар айтишув билан куч синашадилар.

Сенинг фолинг очарман Жақип,
Жуфтинг туғиб берар бир ўғлон.
Қабилангнинг чироғин ёқиб,
Мангу яшар Манас паҳлавон.
Бойбўри сен кўксинг баланд тут,
Нени ўйлаб, бўлдинг фаромуш.
Келгуси кўкламда ўғил кут,
Уни элда дерлар Алпомиш.

Достондаги таассуротлар бахшичилик санъати мозийнинг қат-қатида қалбдошлигу илтифот, ғурур, мардлик ва садоқатнинг намунаси, илиқ нафаси аслида юксак эзгу фазилатлар ибрати эканлигидан далолат беради. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини, Алпомишлар юрти Сурхондарё элини нуфузли Халқаро фестиваль билан муборакбод этиб қоламан. Бундай ширин тўйлар, тадбирлар бизга ҳамиша ярашади.

Дадахон ЁҚУБОВ,
Ўзбекистон санъат арбоби, журналист

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan