Бош саҳифа / Жамият / Буюк ҳақиқатни англаш

Буюк ҳақиқатни англаш

Инсон эзгу ва ҳақ сўзни яхши кўради. Айниқса, бу фоний дунёнинг бевафолигини англаган киши ўзини буюк савол-жавоб кунига тайёрлаб боради. Қуръони каримда “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар! Ҳар ким эрталик учун нима тақдим қилганига назар солсин. Аллоҳга тақво қилинглар! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир.”(Хашр сураси, 18-оят)

Ақлли мусулмон ўша куни тилига бирор калима келмай, шарманда бўлишдан қўрқади. Ҳар куни нафсини тергайди, гуноҳкорлигини, бандалигини эслаб туради. Аллоҳнинг каломини қалбига муҳрлайди. Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадисларини дастурул амал қилиб олади.

Ҳозирги кунда Қуръони Каримнинг бир неча таржималари ва тафсирларидан, ҳадиси шариф ва унинг шарҳларидан халқимиз руҳий озуқа олиб келмоқда.Ҳар бир мусулмон бу бебаҳо хазинадаги маънавий гавҳарлар билан умр мазмунини безатиш ҳаракатида юрибди. Кимлар биргина оят моҳиятини англамай, умрини ўтказиб юбормоқда. Албатта, Аллоҳ ҳидоят қилган бандани ҳеч ким адаштира олмайди ва айни чоқда Яратган адаштирган кимсани ҳеч бир банда ҳидоят йўлига сола олмайди.

Аллоҳнинг буюк қудратини англаш учун одам умр бўйи китоб ўқиган олим бўлиши шарт эмас. Балки инсон ўз нафсига назар солиши, кўзгудаги аксига боқиб, охиратни эслашининг ўзи етарлидир. Инсон дунёга келиб қанча-қанча гапларни гапиради. Оғиздан чиққан ҳар бир гапнинг жавоби бор, албатта.

“Эй одам фарзанди, сўзинг мулойим, амалинг қабиҳ бўлса, унда мунофиқларнинг раисисан”.(Ҳадиси Қудусияда)

Илм-маърифатнинг қадр-қиммати жуда муҳим. Олимнинг илмига амал қилиши ундан муҳимроқ. Шу маънода ҳадисда айтилади: “Эй одам фарзанди! Амалсиз илм худди ёмғирсиз чақмоққа ва момақалдироққа ўхшайди. Илмсиз амал худди мевасиз дарахтга ўхшайди. Амалсиз олим худди ўқсиз камонга ўхшайди”. Ҳар бир олим зоти бу буюк ҳақиқатни англаши лозим эмасми?

Бу дунёда ҳалол билан ҳаромнинг фарқига бормай юрган ғафлат бандаларига “Эй одам фарзанди! Билгин, албатта, ҳалол нарса қатра-қатра бўлиб келади. Ҳаром нарса эса селдек бўлиб келади. Сен бойликка хурсанд бўлма, чунки у абадий эмас”, деган ҳақиқат таъсир қилмаслиги мумкинми?

Аллоҳ берган умрни ғанимат билинг, дунё омонатдир, азизлар!

А.ҲАБИБУЛЛАЕВ,

Шўрчи тумани имом-хатиби

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Янги масжид муборак

Кеча Термиз шаҳрида Ҳаким Термизий номидаги янги жомеъ масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Янги жомеъ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan