Бош саҳифа / Жамият / Бугуннинг муаммоси: тупроқ унумдорлиги ва иқлим ўзгариши

Бугуннинг муаммоси: тупроқ унумдорлиги ва иқлим ўзгариши

Инсоннинг маънавий, иқтисодий, жисмоний, лозим бўлса, эстетик жиҳатдан комиллиги ва ақлий фаолияти бевосита табиат мусаффолиги билан боғлиқ. Жамият тараққиётининг барча босқичларида инсон табиатга турлича таъсир кўрсатган, оқибатда унинг атроф-муҳитга бўлган муносабати ҳам шунга ҳамоҳанг ўзгариб борган.

Швед кимёгари Аррениус 1896 йилдаёқ кўмирдан ёқилғи сифатида фойдаланиш оқибатида ҳавога чиқаётган карбонат ангидриднинг глобал исишга сабабчи бўлишини башорат қилган эди. Афсуски, олимнинг бу башорати узоқ даврлар мобайнида эътиборга олинмади, заҳарли газлар дунё океанига ютилади, деган асоссиз тахмин ҳукмронлик қилди. Бунинг оқибатида онасайёрамиздаги энг юқори ҳарорат ўтган асрнинг 1985-2000 йилларида кузатилди. Энг иссиқ бўлган 1998 йилда рўй берган табиий офатлар 80-йиллар мобайнида юз берган табиий офатлардан кўпроқ талофат келтирди.

Агар тажриба ва таҳлилларга, олимларнинг фикр ва фаразларига таянадиган бўлсак, 2100 йилга бориб денгиз ва океан сувлари сатҳи 95 сантиметрга кўтарилиши башорат қилинмоқда. Сўнгги юз йилликда иқлимнинг глобал исиши 0,5-1 даражага етган бўлиб, оқибатда Антарктидада йирик музлар парчаланмоқда. Кейинги уч йил ичида 2 триллион тонна музлик эриб, океан сув сатҳи 0,5 сантиметрга кўтарилган. Шунингдек, глобал исиш юқумли касалликлар, юрак ва ўпка хасталикларининг кўпайишига, биохилма-хилликнинг нобуд бўлишига сабаб бўлмоқда.

Тупроқ — бу табиатнинг бебаҳо неъмати. Бугунги кунда тупроқ унумдорлигини ошириш тўғрисида узундан-узоқ мунозара, мулоҳаза юритишдан кўра амалий ишга ўтиш зарурати туғилди. Аввало, суғориладиган майдонларда тупроқ таркиби қай даражада ўзгарганлигига тўхталиб ўтсак. Ер, айниқса, унинг ҳайдалма қатлами зичланиб қолган. Солиштирма оғирлиги меъёрдан 50 фоизга ошган. Тупроқнинг бу қадар зичланиб кетишига сабаб унда (гумус) чириндининг ҳаддан ташқари камлигидир. Шу ўринда жаҳон қишлоқ хўжалиги маълумотларига кўз югуртирсак. Масалан, Олмония, Голландия, Дания- да тупроқ таркибидаги (гумус) чиринди миқдори 4-4,6 фоизни, Россияда 3,6 фоизни, Украинада 3,2 фоизни, Белоруссияда 2,4 фоизни ташкил этгани ҳолда, вилоятимизда бу кўрсаткич 0,75 фоизни ташкил этиб турибди.

Воҳамиз тупроғи таркибидаги чиринди миқдори сўнгги 25-30 йил давомида кўпайиш ўрнига, аксинча, 0,35 фоизга камайган. Тупроғимизнинг сифат даражасини тиклаш учун қанча вақт керак бўлади? Тасаввур қилинг: ҳар гектар ерга ҳар уч йилда 30 тоннадан маҳаллий ўғит солиб борилса, тупроқ таркибидаги чиринди миқдори ўн йилда 0,1 фоизга кўпаяди. Бундан чиқадиган хулоса шуки, тупроқ таркибидаги чириндини кўпайтириш учун ерга доимий равишда маҳаллий ўғит бериш керак. Келинг, бу борада хориж деҳқончилигидан намуна олайлик. Францияда гектарига 23, Англияда 26, Олмонияда 26,5 тоннадан органик ўғит берилаётган бўлса, жаҳон деҳ- қончилигида намуна қилиб кўрсатилаётган Голландияда йилига ҳар гектар ерга 76-78 тоннадан чириган гўнг солинмоқда. Бизда режадаги 18,5 тонна ўрнига 5,5 тоннадан маҳаллий ўғит берилмоқда.

Алмашлаб экиш ишлари ҳам талабга жавоб берадиган даражада эмас. Фақат пахта ва ғалла билан чегараланиб қолинмоқда. Шу ўринда беданинг муҳимлиги ҳақида фикр юритсак. Биринчидан, у чорва учун энг тўйимли ва ҳосилдор экин. Иккинчидан, атмосфера ҳавосидаги эркин азотни тупроққа тўплайди. Ҳар йили 200-220, уч йилда 700 килограмм- гача эркин азотни тупроққа ўтказиб беради. Учинчидан, шу давр мобайнида тупроқда 15-20 тоннагача органик қолдиқ тўплайди. Натижада тупроқнинг сув, ҳаво, иссиқлик хоссалари яхшиланади. Тўртинчидан, ерни, ўсимликларни турли зарарли микроорганизм- лар ва касалликлардан халос қилади. Бешинчидан, беда экилган майдонларда хонқизи, олтинкўз каби фойдали ҳашаротлар кўпаяди.

Бугун Сурхон деҳқонини ташвишга солаётган муаммолардан бири тупроқнинг шўрланиш ҳолати ортаётганлигидир. Вилоятимиздаги суғориладиган шўрланган ерларнинг умумий майдони 130 минг гектардан ортиқ бўлиб, асосан, Музработ, Шеробод, Ангор, Қизириқ туманларига тўғри келади.

Хулоса қилиб айтганда, тупроқ унумдорлигини ошириш учун маҳаллий органик ўғит сифатида чорва, парранда, ўсимлик чиқитларини, эски девор, аланг, ариқ, ҳовуз лойқаларидан компостлар тайёрлаш мақсадга мувофиқдир. Алмашлаб экишни қатъий йўлга қўйиш, пахта, беда, ғалла, макка тизимида ишни ташкил этиш. Беданинг салмоғини пахтага нисбатан камида 20-25 фоизга етказиш лозим.

Чарлз Дарвин «Чувалчанг — ернинг омочидир», деган эди. Табиий жиҳатдан соғлом бир гектар тупроқда 1-1,5 миллионтагача чувалчанг бўлиб, улар ҳар йили 40 тоннагача тупроқни ўз ичакларидан ўтказиб, биогумусга айлантириб бериш имкониятига эга. Демоқчимизки, уларни кўпайтириш вақти етди.

Шўрланишнинг олдини олиш мақсадида очиқ ва ёпиқ зовурларни таъмирлаш ҳисобидан ер ости сизот сувлари сатҳини пасайтириш, тупроқнинг юза қатламларида йиғилган, сувда эрийдиган сульфат ва хлорид тузларини камида икки марта (декабрь, февраль) ювиш фойдали бўлар эди.

Ер, тупроқ барчамиз учун азиздир. Тупроқнинг қадрини баланд тутсак заминда биз истаган, кўнглимиз тусаган энг яхши неъматлар етишади. Шундай экан, ҳар биримиз тупроқ унумдорлиги учун курашайлик.

Х. ЗОКИРОВ,

ТерДУ профессори

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE