Бош саҳифа / Жамият / Бу Ватан барчамизники

Бу Ватан барчамизники

ёки “Обод қишлоқ” дастури бўйича Музработ туман “Сарҳад” массивида амалга оширилаётган ишлар хусусида

Бугун қуруқ баландпарвоз сўзлар, қоғозбозлик, ваъдабозлик, кўзбўямачилик, бюрократик тўсиқлар даври ўтиб, ҳақиқий ватанпарварлик, бунёдкорлик, фидойилик, халқ ва юрт келажаги учун амалий ишлар асри бошланганлигига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.

Мамлакат иқтисодиётини, туризмни жадал ривожлантириш, жаҳон сайёҳларини Ўзбекистонга жалб этиш учун нима қилмоқ керак? Бу савол ва муаммога муҳтарам Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан ҳуқуқий асос яратилиб, аниқ ҳамда амалий жавоб ва кўрсатмалар берилди. Президентимиз таклифи ва ташаббуслари билан Жиззах вилояти “Дўстлик” туманининг “Манас”, Қашқадарё вилояти Чироқчи туманининг “Обод маҳалла”, Самарқанд вилояти  Жом туманининг “Жом” маҳаллаларида тажриба сифатида “Обод қишлоқ” дастури бўйича кенг кўламда ишлар бошлаб юборилганидан кўпчилик хабардор бўлса керак. Айни пайтда ана шу дастур пухта ишлаб чиқилиб, қабул қилиниш арафасида турибди. Айтиш керакки, бу дастур бир ойлик ёки бир йиллик эмас, бир неча ўн йилликларга мўлжаллангандир.

Биз Музработ туманидаги  “Сарҳад” массивига эрталаб соат саккизда етиб борганимизда хонадонлар, кўчалар, кўп қаватли уйлар, йўл ва йўлакларда ишлар қизғин бошлаб юборилган экан. Аввало, шуни айтмоқчимизки, бу дастур бўйича ҳар бир тумандан битта маҳалла мўлжалланган бўлсада, бу тумандан 3 та — “Юртим жамоли”,  Ат Термизий, “Янги диёр” маҳаллалари киритилган. Бу ерда штаб ташкил этилиб, 11 та чодир тикилган, тумандан ташқари вилоятдаги 25 та  ташкилот раҳбар ва ходимлари сафарбар этилган. Бундан ташқари, вилоятдаги 3 та жамоатчилик назорати гуруҳи ҳам ана шу ҳудудда фаолият олиб бормоқда.

Биз ишлар билан танишишни “Юртим жамоли” маҳалла (раиси Муқаддас Нуралиева) сидан бошладик. У ерда 689 хонадон, 878 оила, 4 минг 164  нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада 14 нафар кам таъминланган оила мавжуд. Бир пайтлар Гагарин посёлкаси деб юритилган бу ҳудудда турли миллат вакиллари яшашган. Одамлар пиёдалар йўлакчаси устида дўкон, молхона, уй қуришган. Бутун бошли кўчалар беркитиб олинган. Агар қўрғонни айлансангиз, қинғир-қийшиқ  девор ва иморатларни кўриб икки аср ортга қайтиб келгандай бўласиз. Маҳалланинг собиқ “промзона” ҳудудида тўртта икки қаватли турар жой мавжуд. Бу бинолар шу пайтгача на маҳалланинг, на туман ҳокимиятининг ҳисобида бўлмаган. Ўз даврида бу ерда туманнинг “ОРС” ва “Общепит” ташкилотлари жойлашган. Чорак асрдан буён атрофи турли бостирма ва молхоналар билан ўраб олинган кўп қаватли уйлар одамларнинг эътиборидан четда бўлган. Бу ерда учта қурилиш ташкилоти томидан ёмғир ва қор сизиб ўтиб, кўримсиз ҳолга келган биноларнинг томини ёпиш учун страпила ва рейкаларни қоқиб бўлишиб, энди шиферлаш арафасида туришган экан. Шунингдек, сувоқлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Энг муҳими, кўзга қўй тикандек қадалиб турган увада деворлар ва қўшимча иморатлар олиб ташланганлиги туфайли ажойиб манзара касб этган. Ундан сал нарироқда Жартепа қишлоғида ҳам иккита икки қаватли уйда таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган экан.

Ҳазрат Навоийнинг “Эл нетиб топгай мениким, Мен ўзимни топмасам”, деган ҳикматлари асрлар давомида ўз қийматини йўқотмаганига амин бўлдик. Бугун зако халқимиз ўзини, ўзлигини англаб етган, оқ-қорани яхши ажрата олади. Жартепа қишлоғи марказига борганимизда 3-4 нафар йигит катта йўл кўринишига  соя солиб турган деворни бузишаётган экан. Саломлашгач, “Ҳа йигитлар тинчликми?” дедик.

— Маҳалла раиси, жамоатчилик гуруҳи аъзолари келиб, бу деворларинг нотўғри қурилган. қишлоқ кўринишини бузиб турибди, дейишди. Ўйлаб қарасак, улар ҳақ экан. Шунинг учун бутунлай олиб ташлашга қарор қилдик, — дейди фуқаро Ойбек Жумаев.

Маҳалланинг қоқ марказидаги Ш. Рашидов кўчасида бузилган деворлар, дўкон ва тўсиқларни олиб ташлаш, ортиш, тозалаш ишлари билан ўнлаб кишилар шуғулланишмоқда. Кимдир сим- ёғоч ўрнига темир-бетон устунлар ўрнатаяпти, кимдир уларга изоляцияланган сим тортмоқда. Кўчанинг охирида жойлашган икки қаватли иккита бинода 40 оила истиқомат қиларкан. Кўп қаватли уйлар атрофи ва ўртасидаги ноқонуний қурилган иморатлар бузиб ташланган. Қурувчилар таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари билан банд.

— Илгари хонадонимизда туриб бўлмас эди. Қишда ҳам, ёзда ҳам шамол тегмасди. Ортиқча даҳмазаларни олиб ташлашгач, “дом”имиз баҳаво бўлиб қолди, — дейди ўзини А. Темиров деб таништирган отахон.

Биз маҳалладаги ўндан ортиқ кўчаларни айландик. Ҳаммасида бир хил манзара. Қўшимча иморатлар олиб ташланиб, қинғир-қийшиқ пахса деворлари бузилган қўрғон анчайин замонавий кўриниш касб этиб қолган.

Ат Термизий маҳалла (раиси Сайидали Нурмаҳматов) сидаги кўриниш бундан қолишмайди. Бу маҳаллада 491 хонадон, 710 оила, 3 минг 17 нафар аҳоли истиқомат қиларкан. 19 та кам таъминланган оила мавжуд бўлиб, уларга ҳам маҳалла, ҳокимият томонидан қонун доирасида моддий ва маънавий кўмак берилиб келинмоқда.

Шоли курмаксиз бўлмайди. Тўғри, айримлар пашшадан фил ясаб, қаршилик ҳам қилмоқчи бўлишаяпти. Лекин аҳолининг 95 фоизи  ноқонуний қурилган уйлар, девор ва дўконларни бузишга ўзлари кўмаклашишмоқда. Бу иш эл ободлиги, юрт равнақи, болалар келажаги учун қилинаётганлигини англаб етишган фуқаролар ҳашарга чиққандек ишлашмоқда.

“Янги диёр” маҳалласи (раис Юсуф Шойматов) анча катта ҳудудни ўз ичига олган. Собиқ қишлоқ шўроси идорасидан Хўшмон қишлоғигача бўлган масофа ана шу маҳаллага қарашли. Маҳалланинг у бошидан бу бошигача деярли 60 километрдан ортиқ. Маҳаллада 725 хонадон, 1098 оила, 4 минг 315 нафар аҳоли яшайди. 14 нафар кам таъминланган оила аниқланган. Битта 356 ўринли мактаб, иккита болалар боғчаси мавжуд. Боғчалардан бири айни пайтда замон талаблари даражасида таъмирланмоқда. Яна бир қизиқ жиҳати шундаки, шундай катта ҳудуддаги кўчаларнинг ҳаммасининг номи “Намунали” деб аталаркан. Агар бирор киши излаб келса, ёки “тез ёрдам” чақирсангиз кун узоғи хонадонингизни тополмаслиги аниқ. Минглаб кишилар яшайдиган маҳалла кўчаларини битта ном билан аташ, машмашасини ҳам жиддий ўйлаб кўришга тўғри келади.

Ўтган асрнинг 80-90-йилларида ҳозирги маҳалла ҳудудида  ёғоч савдоси базаси (Лесторгбаза) бўлган. Бу ташкилотга қарашли иккита икки қаватли уйда салкам 30 йилдан буён одамлар ноқонуний яшаб келишган. Энг қизиғи, бу турар жой қайси ташкилот ёки вазирлик ҳисобида эканлигини ҳеч ким билмайди. Ҳозир ҳудудда тола базаси жойлашган.

— Хуллас, бу ерда маҳалла раиси ва фаолларининг бор-йўқлиги билинмас экан. Учинчи жамоатчилик назорати гуруҳи аъзолари маҳалла билан танишганимизда кўпгина камчиликлар мавжуд эканлиги аниқланди, — дейди гуруҳ аъзоси Парда Холматов. — Бу кўп қаватли уйларда 38 оила яшаб келган, улар ўтган асрнинг 90-йилидан буён на мулк, на ер солиғи тўлашган. Кадастр ҳужжатлари йўқ, ҳатто ҳисобда ҳам туришмаган. Биз бу борада туман ҳокимлигига хат киритдик. Бу бино ҳокимлик ҳисобига ўтказилиб, хонадон соҳиблари рўйхатга олиниб, уйларни хусусийлаштириш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, хонадон аъзоларини рўйхатдан (прописка) ўтказиш ишлари олиб борилади. Хўш, маҳалла, солиқ, ҳокимият, ички ишлар 30 йилдан буён қаёққа қарашган?

Маҳаллада 75 нафар киши ишсиз экан. Биз туман бандликка кўмаклашиш маркази билан биргаликда улардан 25 нафарини 1 апрелдан бошлаб жамоатчилик асосида ишга қабул қилишга келишиб олдик. Бундан ташқари, маҳаллада 20 нафар кишининг паспорти йўқлигини қандай изоҳлаш мумкин?

Дарҳақиқат, айрим воҳадошларимиз фуқаролик паспортини олиш ёки алмаштиришга, уй-жойини кадастр қилдиришга ҳам ҳафсаласизлигини қандай тушуниш керак? Ангор туманида ҳам 3-жамоатчилик гуруҳи 170 нафар фуқаронинг паспорти йўқлигини аниқлашганди. Шундан 50 таси тўлов қобилиятига эга эканлиги маълум бўлгач, 120 нафарига паспорт олиши учун таҳририятимиз томонидан 12 миллион 831 минг 880 сўм маблағ  Ангор туман ИИБ ҳисоб рақамига ўтказиб берилганди. Бу рақамни келтиришимиздан мақсад, айрим одамлардаги боқибеғамлик, ўзибўларчилик кайфиятининг устунлигини таъкидлаш, холос.

Шу ҳудудда “Шеробод” темир йўл станцияси жойлашган. Йўлнинг ўнг томонида эса бозор, ҳар хил савдо дўконлари, маиший хизмат нуқталари сўзанага ёпишган ямоқдек ғалати кўринарди. Бу объектлар ҳам олиб ташланган. Яқин кунларда янги қурилиш ишлари бошлаб юборилади.

Биз “Сарҳад” массивида бўлган кунда Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан аҳоли учун яратилган шароит, берилган имтиёзларни кўриб қувондик. Собиқ сув қурилиши бошқармаси (СМУ) ёнида бошқарув штаби ташкил қилинган.

— Бу ерда тикилган 11 та чодирда масъул ташкилотлар вакиллари жойлашган. Худди шу штабда кўчма тиббиёт, газ таъминоти, энергетика, сув таъминоти, давлат хизматлари агентлиги, халқ қабулхонаси, кадастр ва архитектура хизматлари ташкил этилган. Туну кун навбатчилик асосида фуқароларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилмоқда, — дейди  вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими Абдумурод Аллашев.

Ҳудудни мунтазам қурилиш материаллари, зарур техникалар билан таъминлаш, кунлик белгиланган иш ҳажмининг ўз вақтида бажарилишига эришиш, ташкилий ишларни мувофиқлаштиришда штаб бошлиғи, қурилиш бўйича вилоят ҳокими ўринбосари Алишер Амировнинг саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлаб ўтишни истардик.

Аҳолининг уй-жойини таъмирлаш, бузилган иморат ва деворларни қайта тиклаш учун имтиёзли нархда  50 тонна цемент, 1000 дона шифер, 10 тонна кўмир ва етарлича турли хил бўёқ келтирилган. Бундан таш- қари, аҳолига блок ғиштлар, 200 кубдан кўпроқ шағал, қум бепул тарзда берилмоқда. Махсус техникалар етарлича жалб қилинган. Биз борган куни штабда ташкил этилган тиббиёт пунктида 286 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Шундан 210 нафар катта ёшда, 105 нафар бола, 8 нафар ҳомиладор аёл.

— Бугун 91 нафар фуқаро УЗИ, 36 нафари ЭКГ, 45 нафари флюрография, 99 нафари лаборатория текширувидан ўтказилди. Уларга тегишли ташхислар қўйилиб, йўлланма ва зарурий маслаҳатлар берилди. 6 нафар беморга бепул дори-дармон тарқатилди, — дейди Музработ туман тиббиёт бирлашмаси шифокор-жарроҳи Шуҳрат Худойназаров. — Ҳар куни бу ерда 14 нафар олий маълумотли шифокор ва 30 нафар ҳамшира халқ хизматида.

Шу куни “Юртим жамоли”, “Янги диёр” маҳалласидаги 110 хонадон билан қайта шартнома ва хатлов ишлари амалга оширилди. 8 та газ баллони тарқатилиб, 66 хонадонда профилактика ишлари олиб борилди. “Юртим жамоли” маҳалласидаги 1-, 2-сув минораси иншооти тўлиқ таъмирланиб, бўёқ ишлари бажарилди. “Янги диёр” маҳалласида тўртта кўп қаватли уйга янги кабель монтаж қилиниб, 8 метр сув қувури янгиланди. “Шеробод” темир йўл станциясига 165 та темир-бетон устунлар келтирилиб, “Юртим жамоли” ва ат Термизий маҳаллаларидаги сим ёғочларни алмаштириш учун 50 тадан бетон устунлар олиб кетилди. 1,2 километрга бетон устунлар ўрнатилиб, очиқ симлар ўрнига  ёпиқ кабеллар тортилди.

Кун давомида 434 хонадонда ноқонуний қурилган иморат ва ташқи деворларни бузиш ишлари олиб борилган бўлса, 195 та хонадон томонидан пиёдалар йўлагини тўсиб қўйилган деворлар тўлиқ бузиб бўлинди.  26 хонадонда эса дастлабки тамирлаш, ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Айниқса, “Сарҳад” массивида жойлашган 12 та кўп қаватли уйнинг том қисмини ёпиш, сувоқ ишларини олиб бориш, ободонлаштириш ишлари қизғин бормоқда.

— Уч кун ичида 7 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг бештаси тегишлилиги бўйича ўрганиб чиқиш учун туман ташкилотларига юборилди. Бири эса шу ернинг ўзида ҳал этилди. Яна бирига ҳуқуқий маслаҳат берилди, — дейди Ўзбекистон Президентининг Музработ туман халқ қабулхонаси иш юритувчиси Хуршиджон Алиев. — Қурилиш штабида ташкил этилган кўчма халқ қабулхонаси кун бўйи фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш учун ишламоқда.

Бир сўз билан айтганда, “Обод қишлоқ” дастури бўйича “Сарҳад” массивида жойлашган 3 та маҳаллада 32 километр ички йўллар, 25 километр ичимлик сув қувури, 55 километр очиқ симлар ва сим ёғочлар алмаштирилиши, 300 дона темир устун ўрнатилиши, 4 та мактаб, 1 та касб-ҳунар коллежи, 4 та мактабгача таълим муассасаси, 1 та қишлоқ оилавий поликлиникаси, савдо дўконлари, маиший хизмат кўрсатиш нуқталари ва бозор қурилиши режалаштирилган. Бу дегани, яқин ойлар ичида “Сарҳад” массивида жойлашган маҳаллалардаги аҳоли турмуш шароити, ободонлаштириш, замонавий қурилишлар, кенг ва равон кўчалар бунёд этилиши ҳудудни таниб бўлмас даражада замонавий кўринишга олиб келади. Бунинг учун Ватанини, халқини, маҳалласини, фарзандлари ва невараларини чин дилдан севган, уларнинг бугуни ва келажаги ҳақида қайғурган 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган барча фуқаро ибрат намунасини кўрсатиб, амалий ёрдам қўлини чўзмоғи лозим.

Бу ердаги бўлаётган қайта қуриш, ободонлаштириш ишлари нафақат вилоятдан масъул этилган ташкилот раҳбарлари ва ходимлари, жамоатчилик гуруҳи аъзолари, туман ҳокимлиги ва тегишли идораларга   тааллуқли бўлмай, балки шу ҳудуд, шу маҳалла, шу қишлоқларда яшаётган барча юртдошларимизга бирдек масъулият юклайди. Бизнинг касбимиз, хонадонимиз, маҳалламиз, туманимиз бошқа-бошқа бўлсада, Ватанимиз, мақсадимиз битта. Буни унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Биз шундагина Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан қатъий ишонч, эзгу ният билан қабул қилинажак “Обод қишлоқ” давлат дастурининг жорий йилдаги ижросини ёруғ юз билан таъминлаймиз.

Бунинг учун бизда қурилиш материаллари, ишчи кучи, техника, маблағ ва имкониятлар етарлича.

Икром АМИРҚУЛОВ
олган суратлар

Сафар ОМОН,
“Сурхон тонги”нинг
махсус мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan