Бош саҳифа / Жамият / Бу кунларга етганлар бор…

Бу кунларга етганлар бор…

Ҳар йили байрам арафасида катта авлод қон-қонига сингиб кетган тинчлик, ватанпар-варлик, фашизмга, урушга нафрат билан йўғрилган қўшиқлар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар нафақат унинг иштирокчи-ларини, балки ҳар қандай томошабинни ҳам ўша мудҳиш давр руҳияти, азоб-уқубатлари, Ватан учун, севган инсонлари учун жон олиб, жон берган навқирон жангчилар тақдири кимнинг ҳам юрагини титроққа солмайди дейсиз. Уларниниг бемисл жасорати бугунги ёшлар учун ҳаёт дорилфунуни бўлиб хизмат қилади.

— Дунёнинг бирор мамлакатида уруш ва меҳнат фахрийлари биздагидек давлат ва ҳукумат миқёсида эъзозланмайди. Кексаларини улуғлаган, ҳурмат қилган юрт ҳамиша Аллоҳнинг назарида бўларкан. Бу донишмандларимизнинг гапи. Биз, нуронийлар элимиздан, Президентимиздан миннатдормиз. Туну кун дуодамиз, — дейди 100 ёшни қаршилаган II Жаҳон уруши қатнашчиси, бойсунлик Муҳаммади Алимов.

Бугун жонажон Сурхон воҳасида II Жаҳон уруши қанташчилари 63 нафарни ташкил этади. Дарҳақиқат, юртбошимиз айтганидек, ўткинчи дунёда биз уларни қанчалик қадрласак, эъзозласак, хотирласак, шунчалик камдир.

Арафада вилоят ҳокими Тўра Боболов Президентимиз номидан пул мукофоти ва байрам совғаларини топшириш учун Олтинсой ҳамда Қумқўрғон туманларида истиқомат қилаётган 8 нафар Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиси хонадонига ташриф буюрди. Вилоят ҳокимига жамоатчилик вакиллари, ёшлар, маҳалла фаоллари, ҳарбий хизматчилар ҳамроҳлик қилишиб, уруш қатнашчиларининг кўнглини кўтардилар. Уларнинг ҳар бирига Президентимиз номидан 7,5 миллион сўмдан пул мукофоти ва байрам совғалари топширилди.

Шу куни вилоят ҳокими Тўра Боболов Денов туманида эъзоз ва эътирофда бўлган 7 нафар уруш қатнашчиси хонадонида ҳам бўлиб, уларни самимий табриклади. Жамоатчилик томонидан фахрийларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилиб, ўша давр руҳи билан суғорилган куй ва қўшиқлар ижро этилганда, уруш фахрийларининг табаррук кўзларида ёш халқаланди. Улар ёш авлод вакилларига ўзларининг умр йўлларини, ҳаёт сабоқларини ва урушнинг даҳшатли хотираларини сўзлаб беришди.

Айниқса, Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Термиз туманидаги “Отчопар” майдонида бўлиб ўтган тадбирда Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчилари, фронт ортида ҳизмат қилган нуроний отахон ва онахонларга бир пиёла чой баҳонасида алоҳида иззат-икром кўрсатилди. Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими Тўра Боболов отахон ва онахонларни самимий табриклади.

— Дунёда энг катта бахт — шундай гўзал ва тинч Ватанда фарзандлар, набиралар, эваралар камолини кўриб юриш, бу Аллоҳнинг энг катта иноятидир, — дея дил сўзларини айтар экан, турли соҳаларда самарали ва ҳалол меҳнат қилган 51 нафар нуронийга 1-, 2-,3-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини тадбир иштирокчиларнинг гулдурос қарсаклари остида топширди.

Фахрийларга бағишланган концерт дастури тадбир иштирокчиларида бир олам қувонч бахш этди. Шундан сўнг, Иккинчи Жаҳон уруши даври ва шароитидаги окоп, блиндаж, қурол-аслаҳалар, ҳарбий техникалар кўргазмаси кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.

Бир сўз билан айтганда, байрам арафасида воҳамиздаги барча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат қилган отахон ва онахонлар ҳолидан хабар олиниб, совға-саломлар улашилди. Уларнинг турар-жойлари ҳашар йўли билан тоза-озода қилиниб, ободонлаштирилди.

Биз фурсатдан фойдаланиб, юртимиздаги барча Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиларини байрам билан самимий табриклаб, мустаҳкам соғлик, узоқ умр, хонадонларига қут-барака ва хотиржамлик тилаб қоламиз.

Сафар ОМОН

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan