Бош саҳифа / Жамият / Бу касбнинг нони қаттиқ

Бу касбнинг нони қаттиқ

25 ОКТЯБРЬ — ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР
ИДОРАЛАРИ ХОДИМЛАРИ КУНИ

Қайси хонадонга кирманг, аввало осойишталик, ҳузур-ҳаловат, хотиржамлик тилаб дуога қўл очамиз. Ҳақиқатдан ҳам хонадонингизда, жамиятда тинчлик бўлсагина, ширин орзуларингиз, бахтиёр кунларингиз татийди. Шу боис ҳам тинчликдек азиз неъматни асраб-авайлашда муносиб ҳисса қўшиб келаётган, ички ишлар идоралари ходимларининг ҳам заҳматли хизматларини алоҳида эътироф этамиз.

Халқимизнинг тинч ва фаровон турмушига таҳдид солувчи турли ноқонуний хатти-ҳаракатлар ва жиноятчиликка қарши кураш, жамоат тартибини сақлашда осойишталик посбонларидан метиндек ирода, сабру қаноат, шижоат талаб этилса, ўз ўрнида уларда дўст-биродарларига садоқатдек улуғ фазилатлар зоҳир бўлади. Наздимизда бу соҳа фақат эр йигитларга хос касбдек туюлади. Сабаби шу мавзуда гап кетса, кўз ўнгингизда алп йигитлар гавдаланади.

Аммо орзуга айб йўқ экан. Ёшлигидан ички ишлар органи ходимларининг либосига ҳавас қилган, чанг кўчаларни ўғил болалар билан чангитиб ўйнаган қизалоқ — Турсунойнинг йиллар ўтиб орзулари ушалди.

— Қишлоғимизда кимнинг мотоцикли, машинаси, трактори бўлса, бир мартага бўлса ҳам ҳайдаб кўрганман. Бир сафар уйимизга юмуш билан келган фермернинг ўт олиб турган тракторини ҳайдаб кетиб, тормозига оёғим етмай уйимизнинг деворини бузиб ташлаганман. Шу-шу уйимизга ким келса уловини ўчириб, қулфлаб кирарди, — дейди суҳбатдошимиз, айни кунда вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими катта инспектори, капитан Турсуной Хўшбақова. — 2001 йилдан буён ички ишлар соҳасида ишлаб келаман. Ҳамманинг орзулари ва армонлари бўлганидек менинг ҳам ойдин, гоҳида маҳзун кечмишларим бор.

Ёшлигимдан орзум ички ишлар ходими бўлиш эди. Тўғри, хотин-қизлар учун бу соҳанинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Аммо бу қийинчиликларни касбга бўлган муҳаббатингиз ювиб кетади. Бахтим ҳам шу севган касбим ва икки нафар шириндан-ширин фарзандларим борлигида. Хизмат юзасидан гоҳида уйга жуда кеч қайтаман, болаларим ранжишмайди. Аксинча, мен билан фахрланишади. Сабаби уларнинг тарбияси билан шуғулланишга ва ўқишини назорат қилишга ҳам вақт топаман. Армоним эса хизмат либосида халқ хизматида юрганимни, отажоним кўролмадилар.

Энг қувонарлиси, мамлакатимиз халқаро экспертлар томонидан дунёдаги энг тинч-осойишта, қонун устуворлиги таъминланган мамлакат сифатида алоҳида эътироф этилмоқда. Бу мамлакатимизда қонун устуворлигини, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасидир.

Юртбошимиз Ш.Мирзиёевнинг «Одамлар ички ишлар органининг ҳар бир ходимида ўз ҳимоячисини кўриши керак”, деган сўзларини қалбимга жо қилиб олганман. Бир йилдан буён вилоят ҳокимлиги секторида ва вилоят “Жамоатчилик кенгаши”да гуруҳ аъзоси сифатида фаолият ҳам олиб бораяпман. Фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиб, муаммоларини ҳал қилишда фойдам тегаётганидан фахрланаман.

Дарҳақиқат, тинч-осойишта кунларимизнинг қадр-қимматини ҳар биримиз чуқур англаймиз. Ана шундай улуғ неъматнинг бар- қарорлиги, бизнинг хотиржам ва фаровон турмуш кечиришимиз йўлида меҳнат қилаётган Турсуной Хўшбақова сингари хотин-қизларимиз ва алп йигитларимиз билан ҳақли равишда ғурурлансак арзийди. Фурсатдан фойдаланиб, барча осойишталик посбонларини касб байрамлари билан муборакбод этамиз!

Алиёр PАЖАБОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ғолиблик кубоги ва миллионлар кимларга насиб этди?

Ватанимиз мудофаа қобилиятининг мустаҳкамланиши тинч ва осуда ҳаётимизни таъминлашга хизмат қилади. Бунинг учун эса ҳуқуқ-тартибот …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan