Бош саҳифа / Маданият / Бу дунёда ўлмайсиз ўлолмайсиз!

Бу дунёда ўлмайсиз ўлолмайсиз!

Ай дўстларим, Мен Ойдинда юрган бир одамни кўрдим. У Тоғай Муроднинг аёли Маъсума чеча бўлди. Маъсума чеча Тошкентдан Сурхонга келди. Хўжасоатда Тоғай Муроднинг туғилган куни бўлди.

Тоғай Муроднинг туғилган кунига казо-казолар келди. Тоғай Муроднинг туғилган кунига хўжасоатликлар дарё бўлиб оқиб келди. Тоғай Муроднинг туғилган кунида унинг хотирасига бағишлаб уй музейининг очилиш тўйи бўлди. Тўйга минглаб одамлар минглаб китобларни тўёна қилди. Бу тўй ҳақиқий китоб тўйи бўлди. Маъсума чеча Хўжасоатга мен билан бирга борди. Маъсума чеча бу тўйга Тоғай Муроднинг китобларини олиб борди. Маъсума чеча мен Хўжасоатнинг келиниман, деб бошларига рўмол ўраб борди. Маъсума чечанинг юзига қараб, кўнглимдан бир гаплар ўтди. Бу гап Тоғай Муродга ўша пайтларда Сурхон ерларидан бир сочини тараган париқиз топилмаганмикин, деган гап бўлди. Бу гап агар Сурхондарёдан чеча топилганда, Тоғай Муроднинг чироғини ёқиб, шу ерларда ўтирармиди, деган гап бўлди. Бу гап менинг ичимдаги гап бўлди. Бу гап менинг ҳеч кимга айтолмаган дардим бўлди. Яхшиям бу гап ичимдаги гап бўлди. Маъсума чеча билан икки кун юриб, Оллоҳ ўқиган ҳукм нинг буюклигини билдим. Маъсума чечанинг Тоғай Мурод учун суюклигини билдим. Тоғай Муроднинг юлдузлари мангу ёнишига Маъсума чечанинг ҳам ҳиссаси бор эканлигини билдим. Маъсума чеча, мен Термизийлар қабрини зиёрат қиламан, деди. Шунда Тоғай Муроднинг руҳи шод бўлади, деди.

 Маъсума чеча билан юзлаб ёшлар орасида ижодий кечалар бўлиб ўтди. Бу кечаларда юзлаб болалар Тоғай Муродга ўғил бўлди. Бу кечаларда юзлаб қизлар Маъсума чечага қиз бўлди. Сурхоннинг неччи ўғил қизи бўлса, бари Тоғай Мурод ва Маъсума чечага ўғил-қиз бўлди.

Маъсума чеча кучли китобхон экан. Ойдин чечанинг ўз сўзи бор экан. Оймомо чечамнинг ўткир қалами бор экан. Бойбича чечам Тоғай Мурод ҳақидаги хотиралар китобини ёзаётган экан. Чечажоним Тоғай Муроднинг асарларини Сайланма қилиб чоп эттираётган экан. Шул сабаб минглаб китобхонларнинг уйларига Тоғай Мурод кириб бораётган экан. Мен Ойдин чечанинг қиёфасида Тоғай Муродни кўргандай бўлавердим. Оймомо чечага қараб, мен Тоғай Муроднинг ёзган асарларини эслайвердим, эслайвердим. Тоғай Муроднинг қиссаларини ўқиб чиққанимда, отам менга уч сўм берарди. Романини ўқиганимда, иккита уч сўмлик берарди. Менинг пулларим кўпайиб кетарди. Тоғай Муродни танимасам ҳам у мени бойитиб юборарди. Мен шу пулларни йиғиб-йиғиб кимсан, Райҳон бойбича бўлдим. Мен шу пуллар билан одамларга танилдим. Мен шу пуллар билан болаларимни ўқитдим.

Мен шу пулларга Маъсума чечага гулдаста сотиб олдим. Мен бу гулларни Маъсума чечага совға қилдим. Маъсума чеча гулларни кўриб, яшнаб кетди. Мен Маъсума чечага қиз бўлгим келди. Мен Маъсума чечани аяжон, деб чақиргим келди. Менинг Маъсума чечага ҳурматим юз чандон ошди. Яхшиям ўша пайтларда Тоғай Муродга Сурхонда сочини тараган қиз дуч келмаган экан, дедим. Фариштадек покиза, юзлари нурга йўғрилган Маъсума чечани Тоғай Муродга йўлиқтирган Оллоҳга ҳамдлар айтдим..

Аслида Тоғай Мурод менинг тоғам бўлади! Негаки, у менинг бобом ҳақида ёзди. Ёзганларининг қиёфаси бобомникига ўхшайди. Ёзганларининг дунёқараши бобомникига ўхшайди. Ёзганларининг қисмати бобомникига ўхшайди. Ёзганларининг тили бобомникидай. Тоғай Мурод менинг тоғамлиги аниқ. Чунки унинг отаси менинг бобом бўлади. Ҳа, ҳа, Тоғай Мурод бобомнинг залворли кетмони ҳақида ҳам ёзган. Бу кетмонни бобом даст кўтарарди. Ерга урганда, ерга ботиб кетарди. Бобом кетмонини яхши кўрарди. Кетмон ризқ-насиба рамзи, дердилар. Бобомнинг кетмон тутган қўллари пишиқ эди. Бобомнинг иймони бут эди, эътиқоди кетмонидек мустаҳкам эди. Бобом отаси ва боболари ҳақида ғурур билан гапирарди. Бобом ҳар доим далаларга умид билан боқарди. Кун келиб бу далаларда бахтли, саодатли яшашимизга ишонарди. Айтгандай, Тоғай Мурод менинг болалигим ҳақида ҳам ёзган. Мен тенги болалар, ўқувчилар илк қадамини мактабдан эмас, пахта далалаларидан бошлаганимиз, самолёт дори сепган далаларда пахта терганимизни, табелчининг, юзларингни ёпинглар, дейишига қарамай, “Самолёт, самолёт қанотингни ташлаб ўт” дея ирғишлаб ўйнаганларимизни кўриб тургандай ёзган. “Отамдан қолган далалар” мен яшаган, мен улғайган қишлоқ одамларининг кўнгил кечинмалари битилган дилномаси, дардномаси, чунки у қишлоғимиз ҳақида ёзилган.

Мен Маъсума чечани Тошкентга кузатиб қўйиб, Тоғай Муроднинг китобларини яна бир-бир варақлагим келди. “От кишнаган оқшом”да асарини олдин ҳам ўқиган бўлсам-да, уқмаганимни англаб қолдим. Адибнинг; “Мен фақат бир мақсадни кўзладим: ўттиз-ўттиз беш ёшларгача жаҳон адабиётини ўқиш. Фақат ўқиш, ўқиш, ўқиш, қўл қотиб қолмаслиги учун майда-майда ҳикоялар машқ қилиб туриш…” деган сўзларини ўқиб, мен қотиб қолганимни англаб қолдим. Мен китоб ўқиш масаласида гўрсўхта эканимни билиб қолдим. Мен Тоғай Муроднинг асарларини яна ўқишга тутиндим. Ўқишни бошлашим билан ойдинда юргандек бўлдим. Теграмни анвойи нурлар чулғаб олаверди, олаверди. Унинг асарлари эртакнома, ҳаёлнома, тушнома, хушномами, деб ўйлаб қолдим. Унинг ёзмишлари сўзномами, юзномами, ўзномами деб ўйлаб қолдим. Унинг асарларида гўзал нур бордек, ўша нур кўнглимни забт этиб олаверди, олаверди. Асар қаҳрамонларидаги орият мудраётган кўнгил торларимни чертаверди, туртаверди, уйғотаверди. Энг катта бойлигим ориятимни қучгандай бўлавердим, тўлавердим. Мен Тоғай Муродни ўқиб, чеҳрам чечак бўлди, кўнглим кўклам бўлди. Мен бу китобларни ўқиб, Сурхонга сиғмай қолдим. Бу китобларни ҳамма ота-оналар ўқиб чиқса эди, дедим. Ота-оналарга агар шу асарларни болангиз ўқиб чиқса, аслини англайди, дедим. Агар шу китобларни ўқиб чиқса, наслини англайди, дедим. Агар шу китобларни ўқиб чиқса, дунёқараши юксак-юксак бўлади, дедим. Руҳияти кенгиш-кенгиш бўлади, дедим. Агар Тоғай Мурод асарларини дўст тутса, оламни, одамни, миллатни қандай севиш сирини билади, дедим. Тушуниб-тушуниб ўқиб чиқса, ҳаётнинг баъзи жойлари кирлигини билади, дедим. Тоғай Муродни ўқиб, катта-катта ишлар қилмоққа чоғланади, дедим. Пасткаш, майда гаплар, ночор ҳайвоний туйғулар ундан чекинади, дедим. Бир қадар жасур, журъатли эзгу, одамохун, мунис бўлади, дедим. Тассаввурини кенгайтиради, тахай йулига олам-олам кенглик беради, дедим. Китобларидан олган таассуротларидан пайдо бўлган туйғулар болангизни меҳрлантиради, илитади, таскин ва умид беради, хушёрликка чақиради, дедим. Ғаламисликдан қутулиш йўлларини кўрсатади, дедим. Мен бу гапларни ҳамма даврада айтавердим, айтавердим. Бироқ бировлар парво қилди, бировлар бепарво-да бўлди.

Ахир болалигимда отам мени китоб ўқишга мажбур қиларди. Китоб ўқисанг, ўрнинг бўлади, дерди. Отам менга сеп қилиб бермади, ўрнига Тоғай Муроднинг китобларини берди. Мана шу келгусида сенинг сепинг бўлади, деди. Бу китоблар сеҳрли, бу китоблар сирли, деди. Бу китобларни асраб қўй, деди. Бу китобларни болаларинг ҳам ўқисин, деди. Менинг энсам қотди, эб-эй, ҳали болам бўмаса, қайтиб ўқийди, дедим. Ахир, мен ҳали қув қиз эдим. Мен ҳали орзуимдаги тенгимни топмаган эдим. Ҳали тўй бўлмаган шаддод қиз эдим. Отамнинг гаплари менга эриш туюлаверди. Лекин бу гаплар миямга қўрғошиндай қуюлаверди. 25 йил зувиллаб ўтиб кетди. Болаларим 25 га кирди. Тоғай Муроднинг китобларини ўқиб катта бўлди. Бу китобларни ўқиб, боболарини ҳурматлаб-ҳурматлаб ўсди. Тарихини, ўзлигини иззатлабиззатлаб ўсди. Мундай бўлишини отажоним қайдан билибди? Мундай бўлишини билмаганда, айтмаган бўларди. Донишманд отажоним айнан шуни орзулаганини ўша пайтда англамаганим армон. Мундай бўлишини энди мен билибда олдим. Тоғай Муроднинг китобларини қизимнингда сепига солдим. Қизимнинг сепидаги бир қучоқ китобни кўриб, яхши одамлар ҳавасланиб, менам шундай қиламан, деди. Мундайроқ одамлар бурнини жийирибжийириб қўйди. Менда кимнинг қандайлигини билиб-билиб олдим.

Мен шу кеча туш кўрдим. Тушимда Тоғай Муроднинг Тарлон оти кишнаётган эмиш. Отнинг кишнаган овозидан уйғониб кетдим. Ёстиғим олдида “От кишнаган оқшомда” китобини кўриб, ҳайратим ошди. Ахир, кеча бу китобни такрор-такрор ўқиб чиққан эдим. Тоғай тоғамнинг от ҳақидаги жонли, сержилва ёзмишлари мени ҳаяжонга солган эди. Наҳотки, от одамдай ақлли бўлса, деб ўйлаб қолган эдим. От ҳам дўстдай бўлар экан-да, деган эдим. Мен болалигимда ўқиган эртак китобларимда учқур отлар ҳақида ҳам ўқиган эдим. Лекин улар тушимгада кирмаган эди. Болаларимнинг отаси ҳовлига бир от боғлайин, деса, унамаганим ёдимга тушаверди, тушаверди. От олсангиз, мен кетаман, деганимга уялавердим-уялавердим. От болаларни тепиб юборса, нима қиламиз, дебман. От хунини еб қўяди, емишни қаердан топамиз, дебман. Мен от ейдиган емишга ачинибман, лекин отнинг одамга ачинишини билмаган эканман. Отнинг одамга ёрдамга шошилишини билмаган эканман. Болаларимнинг қабатида от бўлса, ҳаёт майдонида чавандоз бўлишини англамаганим яхши бўлмади, болаларимнинг қабатида от бўлса, мерган бўлишини англамаганим дуруст бўлмади. Болаларимнинг отаси от оламан, деганда, аразламаганимда, отдан қўрқмаганимда, болаларим юлдуздай чақнаб, даврага киргувчи бўлиб ўсар эди. Ғурури, сурури, шиддати отдан юқар эди. Яхшиям “От кишнаган оқшомда”ни такрор ўқибман. Бу китоб менга завқли азоб берди ,оғриқли ҳузур берди. Болаларимнинг отасига ҳовлига от бойласангиз, қарши эмасман, энди отдан қўрқмайман, дедим. Болаларимнинг қабатида от бўлса, ҳеч нарсадан қўрқмайман, дедим. Чунки от болаларимизга акадай бўлади, дедим. От олсангиз, отини Бўзтарлон қўямиз, дедим.

Аё, дўстлар! Сиздан биргина ўтинчим — Тоғай Муроднида ўқигич бўлинг, унинг ёзганларига тараф йўқ. Уни ўқимагичларга шараф йўқ. Агар уни ўқисангиз, ойдинларда юрасиз. Агар уни ўқисангиз, юлдузингиз мангу ёнади. Агар уни ўқисангиз, бу дунёда ўлмайсиз, ўлолмайсиз. Худди Тоғай тоғам каби мангу яшайсиз. Агар сўзларимга ишонмасангиз, уни, албатта, ўқиб кўринг, янаям ўзингизда биласиз. Мен бу гапларни бир дўст бўлибда айтдим.

Райҳон РАҲИМОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Бойсун баҳори”ни кенг ёритайлик!

Кечагина халқаро бахшичилик санъати фестивалига мезбонлик қилган Сурхон диёри шу ҳафтанинг шанба, якшанба кунлари яна …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan