Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Буғдойнинг янги нави афзалликлари

Буғдойнинг янги нави афзалликлари

Омилкор деҳқонлар “Сара уруғ — ҳосил бўлиқ” деган мақолга мудом амал қилишади. Чунки сара уруғни даласига эккан деҳқон юқори ҳосил кўтаради. Ўтган асрнинг қирқинчи-эллигинчи йилларида маҳаллий деҳқонлардан бири — бойсунлик Муслима опа яратган оқ буғдойнинг “Муслимка” нави то эллигинчи йилларнинг охиригача далаларимизда экилган ва юқори ҳосил олинган.

Орада пахта яккаҳокимлиги ҳукм суриб буғдойнинг бошқа навлар қатори “Муслимка” нави ҳам секин-аста ишлаб чиқаришдан олиб ташланди. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб халқимизни ўз еримизда етиштирилган буғдой уни билан таъминлаш масаласи долзарб қилиб қўйилганда айрим деҳқонлар бошоқли дон экинларининг қайси уруғини экишни билмай анча овора бўлишди. Яхши ва серҳосил буғдой уруғлари йўқлиги туфайли ҳар ердан уруғлик буғдой келтирилди. Аммо олиб келинган уруғликлар тупроқ иқлим шароитимизга мос келмаслиги туфайли кўзланган даражада ҳосил олинмаяпти ёки уч-тўрт йил орасида яна янги навлар уруғини экишга мажбур бўлинмоқда. Бугунги кунда ҳукуматимиз олимлардан, селекционер мутахассисларга маҳаллий буғдой навларини кўпайтириш талабини қўймоқда. Ана шу талабдан келиб чиқиб, маҳаллий мутахассислар узоқ изланишдан сўнг кўп коллекцияли буғдой навларини якка танлов асосида танлаб кузги буғдойнинг истиқболли “Термиз-5” навини яратишди.

Ушбу нав республикамизнинг қишлоқ хўжалик экинлари навларини синаш шахобчаларида 2014 йилдан буён ҳар хил тупроқ-иқлим шароитларда тажрибадан ўтказилаяпти. Олиб борилган кузатишлар натижасига кўра, ушбу буғдой нави тезпишар, серҳосил, сувсизликка чидамли, шўрга бардошли, бошоқдаги дони тез тўкилиб кетмайди. Ундан тайёрланган уннинг таркибига Қозоғистон ёки Россия буғдойи унларини қўшмаса ҳам тандирда оқиб тушиб кетмайди. Энг муҳими, нони бўрсилдоқ бўлиб пишади, сифати яхши ва таъми мазали эканлиги исботланган.

Деҳқонлар таъбири билан айтганда, оқ буғдойнинг “Термиз-5” навли уруғи униб чиқиши юқори. Бу буғдой уруғи кечроқ экилса ҳам яхши ривожланиб, мўл ҳосил беради. Уруғ кўпайтириш майдонларида 2017 йилда 3 гектар майдонга экилиб, 70 центнердан ҳосил олинди. Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз давлат нав синаш станцияси ерларида тўрт йилдан бери 73 центнердан, Миришкор тумани давлат нав синаш шахобчаси ерларида 55 центнергача, Вобкент туманида жойлашган давлат нав синаш шахобчаси заминида 56 центнергача, Хатирчи тумани давлат нав синаш участкасида 60 центнергача, Шеробод тумани қишлоқ хўжалик экинлари навларини синаш тажриба шахобчасида 2018 йили 60 центнердан дон ҳосили етиштирилган. Ўтган йилнинг кузида 2018 йил ҳосили учун Термиз туманидаги “Қорахон-Янгиариқ”, “Шерзод”, “Зуҳриддин-Намуна” фермер хўжаликлари далаларида ушбу нав уруғи экилиб, 45-55 центнергача хирмон кўтарилди. Вилоят тажриба станцияси даласидан эса 55 центнердан ҳосил олинган. Энг муҳими, Сурхондарё шароитида тез-тез бўлиб турадиган шамолга бардошли, пояси ётиб қолмайди. Мингта донининг вазни 48 грамм бўлиб, буғдойи йирик, занг ва бошқа касалликлар билан зарарланиши 5,0 балл. Республика нав синаш участ каларида олиб борилган тажрибалар хулосасига кўра, донидан сифатли нон тайёрланади, хамири яхши кўпчийди, нон қилинганда тандирда оқиб кетмайди.

2019 йил ҳосили учун вилоятимизнинг фермер хўжаликлари далаларида ушбу нав уруғини кўпайтириш мақсадида 600-700 гектар майдонга экиш режалаштирилган. Ҳар гектар майдонга 250 килограмгача уруғ сарфлаш кифоя. Эгатлар оралиғи 90 ёки 70 сантиметр кенгликда олинса ва тез суғорилса, узоғи билан тўрт-беш кун орасида уруғ униб чиқади. Майсалар бўй кўрсатгач, 15 кундан кейин ўсимликда туплаш жараёни бошланади. Айнан шу пайтда майсанинг озуқа ва сувга бўлган талаби ортади. Буғдой яхши туплаши учун зудлик билан суғориш тавсия этилади. Даладаги майсалар сарғая бошласа, ҳар гектар майдон ҳисобига 35-45 килограмгача азотли ўғитлар, айниқса, аммоний сульфат билан озиқлантирилса, майсаларнинг ҳолати яхшиланиб, ўсимлик тўқ-яшил тусга кириб, жадал ривожланади. Буғдойнинг ҳосили то пишиб етилгунча азотли ўғитлар билан уч марта озиқлантириш тавсия этилади. Бунинг учун ўсимликни туплаш, найчалаш ҳамда бошоқлаш даврида озиқлантириш лозим. Бегона ўтларга қарши февраль-март ойларида гербицид сепишни тавсия этамиз. Зарарли хасвага қарши март-апрель ойида кимёвий препарат билан ишлов бериш ғалланинг ҳосилини 25 фоизгача оширади. Ўсимлик то бошоқлагунча уч марта суспензия бериш лозим. Ушбу буғдой сувсизликка чидамли бўлиб, суғориш сонини бошқа навлардан 1-2 марта кам талаб қилади. Суғориш даврида эгатларни олапушта қилиб суғориш тавсия этилади. Буғдойнинг бўйи баланд ва бошоғи йирик-йирик бўлади. Деҳқонлардан талаб шуки, айни шамол кучайган пайтда иложи борича буғдойни суғормаслик лозим. Қисқаси, маҳаллий мутахассислар томонидан яратилган янги буғдой нави агротехника талаблари асосида парваришланса, мўл ва сифатли ҳосил олинади.

М. ТОЖИЕВ,
нав муаллифи, қишлоқ
хўжалик фанлари номзоди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Қумқўрғонлик пахтакорлар зафари

Туман деҳқонлари пахта тайёрлаш режасини бажаришди. Пахта саноати иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидан бири. Дастурхонларимизнинг тўкин-сочинлиги далалардаги …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan