Бош саҳифа / Жамият / Буғдой сўзли онахон

Буғдой сўзли онахон

Адашмасам, миллий қадриятимиз сифатида ардоқланиб, эъзозланиб келинаётган меҳр-оқибат, мурувват, муҳаббат, шафқат, ҳурмат ва ҳиммат, вафо, садоқат, неъматга шукрона айтиш каби тушунчалар ўзимизни ўраб турган муҳит билан ҳамоҳанг тарзда тушунилади. Эсимда, отажоним ҳамиша “Буғдой нонинг бўлмаса ҳам, буғдой сўзинг бўлсин”, деган нақлни қайта-қайта такрорлардилар.

Дарҳақиқат, яхши гап замирида меҳр, эзгулик, шукроналик  нур сочиб туради. Зеро, ушбу тушунчалар азал-азалдан эзгу ғоя ва мафкуралар учун ёрқин чироқ вазифасини ўтаб келмоқда.

Хизмат тақозоси билан энг чекка туманлардан бирига бориб қайтаётганимда йўл четида турган нуроний бир кампирга кўзим тушди. Машинада ёлғиз ўзим бўлганим ва манзилимга анча масофа борлигини ўйлаб, суҳбат иштиёқида кампирни олиб кетишга қарор қилдим.

Авваламбор, онахон машинамга ўтириши билан узундан узун дуо қилиб кетди: молу бошим, тому тошим, қайнона-қайнотаму, фарзандларим, аёлнинг пири деб эътироф этиладиган турмуш ўртоғимдан тортиб, қаерда ишлашимдан қатъий назар касбдошларимни ҳам бирма-бир дуо қилди. Негадир кайфиятим кўтарилди. Кампир билан дилдан суҳбатлашгим келди.

— Холажон, айни туш пайтида қаерга отландингиз, нега ёлғиз йўлга чиқдингиз? дедим хушчақчақ оҳангда.

— Ҳа, энажоним, шу иккинчи ўғилникига бораётгандим. Ўзи, болалари кўзимга кўриниб кетаверди.

Очиғи, кўп йиллардан бери машина бошқараман. Баъзида савоб учун, баъзида тасодифан йўловчиларни машинамга олиб, хўп қизиқ воқеаларга гувоҳ бўлганман-у, лекин кап-катта ўғлини соғиниб, унинг уйига отланган кекса аёлга илк бора рўпара келишим эди. Қаранг-а, фарзанд неча ёшга кирса ҳам, она учун болалигича қолавераркан-да, ахир улар сизни кўришга келишлари керак эмасми, дейман қитмирлик қилиб.

— Йўғей қизимжоним, уларни овора қилмай, дедимда. Ҳаммалари тирикчилик билан банд.

— Нечта фарзандингиз бор, холажон?

— Икки қиз, уч ўғлим бор, айланай. Худога шукур ҳаммасини ўқимишли, уйли жойли қилиб тинчиганмиз.

Кампир бирин-кетин фарзандларининг касби-кори, ҳатто набираларининг қизиқишлари ҳақида сўзлай кетди. Ва ора-орада Оллоҳимга беҳисоб шукр, шугиналаримни берганига шукур, деб қўярди.

— Сир бўлмаса катта ўғлингиз нима иш қилади, адашмасам фақат шу ўғлингиз ҳақида гапирмадингиз, холажон.

— Катта ўғлим Тошкентда яшайди. Жуда катта ишда ишлайди. Лекин ука-сингилларига қараганда меҳр-оқибатли чиқди болажоним. Менга ҳар ой пул жўнатиб йўқлаб туради. Ўзи келолмаса ҳам ҳолимдан хабар олиши учун раҳбарларни уйимга бирров жўнатиб туради, айланай.

— Тўнғичингиз ё вазирликда, ёки Президент девонида ишлайдими дейманда?

— Мен сизга айтсам, катта ўғлим ҳамма вазирларнинг ҳам, Президент девонидагиларнинг ҳам каттаси.

— Ие, буёғи қандай бўлди, ўғлингизнинг қаерда ишлаши шунчалик сирми?— дейман соддагина онахонни саволга кўмиб.

— Э, қизимжоним, ўғлим арбоб. Яқиндагина Америкадан туриб нутқ сўзлади. Нафақат мамлакатимизга бутун дунёга фойдаси тегадиган маънили гапларни, катта минбардан туриб, айтганини наҳотки эшитмадингиз? Эҳ-ҳа,  Афғонистондаги вазиятни бар- қарорлаштириш масаласи бутун дунё хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим шарти эканини айтганиничи? Ўзингиз айтинг, ер юзида озмунча арбоб борми? Биронтаси юрак ютиб айтолмаган гапларни дадиллик билан айтолган менинг ўғлим бўлади.

Мен бу маърузани  бир она сифатида кўзимда ёш билан эшитдим. Арбоб ўғлим дунёда терроризмга, айниқса, экс- тремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш учун биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялашнинг  самарали усулларидан фойдаланишни таклиф этди. Ўзим кўп йиллар ёшларга дарс берганман. Ўғлим маърузасида шундай таклифларни билдирдики, улар амалга оширилса, дунё бўйича эзгулик эшиклари  ланг очилади. Ёшлар тарбиясига эътиборли бўлишлик тақозо қилиниб турган бугунги шароитда бу таклифлар саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беради. Бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаб, ҳуқуқларимизнинг  камситилишига йўл қўймаслик каби эзгу мақсадларни илгари суради.

Бу орада онахон тушадиган манзилга яқинлашиб қолган эканмиз.

Шу ерга тушаман болам,— деб қолдилар. Тушарканлар яна узундан узун дуо қилиб хайрлашадилар.

Она деган шарафли ном эгасининг давлатимиз раҳбари ва унинг олиб бораётган сиёсатига бўлган бундай холис ва самимий сўзлари  мени ҳайратга солади. Негаки, мен ҳақиқий БУЮКЛИККА рўпара келган эдим. Дарҳақиқат, кампирнинг шукронасию давлат раҳбарини ўз фарзандларидан устун санаши том маънода бебаҳо БУЮКЛИКДИР. Ўзбекистондек бетакрор ва қадим мамлакат раҳбарига муносиб МУҲАББАТДИР.  Бу муҳаббат, шуб- ҳасиз ҳар бир ўзбек ва ўзбекистонлик қалбида мислсиз фахр-ифтихор, ғурур туйғуси билан ҳамоҳанг эканлигининг исботидир.

Р. РАҲИМОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan