Божхона ходимлари тадбиркорлар билан учрашди

0
33

Бугунги кунда республикамизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уни янада ривожлантириш борасида барча зарур ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган.

Эндиликда бу каби меъёрий ҳужжатлар, Президент фармон ва қарорлари мазмуни, улар асосида тадбиркорларга яратилган имтиёзлар моҳиятини аҳолининг кенг қатламига, айниқса, кичик бизнес вакиллари, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига етказишимиз лозим.

Бу борада вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳам жойларда сайёр учрашувлар ўтказилмоқда. Уларда бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари М. Набиев тадбиркорлар билан суҳбат олиб бориб, уларни қийнаётган муаммоларни ечишга ёрдам берди.

“Марҳамат Тоҳир” масъулияти чекланган жамиятида ўтказилган учрашувда корхона вакили А.Абдухолиқов чет давлатдан импорт қилишни режалаштирган айрим товар турлари учун божхона тўловларидан имтиёз олиш бўйича савол билан мурожаат қилди. Шундан сўнг, бош қарма масъул ходимлари, мутахассислар ҳамда фирма вакиллари билан биргаликда товар келиб тушган жойга бориб, олиб келинган товарлар кўздан кечирилди. Ўша ернинг ўзида корхона ходимига “Roll Rolling Machine” ва “Power Press Machine” товарларининг техник паспортида кўрсатилганлиги, ускуна электр мотор қисмида “Сделано в СССР 1983 г.” ёзуви борлиги, ушбу ускуналар олиб келинган технологик асбоб-ускуналар ишлаб чиқарилган йили 3 йилдан ошмаган тақдирда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилиниши белгилаб ўтилганлигидан келиб чиқиб, ушбу олиб келинган товарларга божхона тўловларидан имтиёз қўллаб бўлмаслиги тушунтириб ўтилди.

“Сурхон Цемент Инвест” масъулияти чекланган жамиятида ўтказилган учрашувда ҳам корхонанинг ишончли вакили У.Нуриддинов бугунги кунда фирма номига Хитой Халқ Республикаси билан тузилган 2 миллион АҚШ доллари қийматидаги “цемент ишлаб чиқариш” корхонасини ташкил этиш учун замонавий технологик асбоб-ускуналар олиб келиниб, ўрнатилаётганлигини айтди. Шу ернинг ўзида энди божхона ходимлари томонидан ўз вақтида божхона кўриги ва расмийлаштирувида амалий ёрдам кўрсатилиши маълум қилинди.

Худди шундай учрашув яна бир йирик корхона — ип-калава ишлаб чиқарувчи “Сурхон текстиль” масъулияти чекланган жамиятида ҳам кўтаринки руҳда ўтди.

Турли расмиятчиликлардан холи тарзда уюштирилган сайёр учрашувлар иштирокчилар учун амалий жиҳатдан фойдали бўлди.

Азизжон АБДУЛФАИЗОВ,
вилоят божхона бошқармаси
ахборот хизмати

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг