Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Божхона хизмати: изчил ислоҳотлар ва устувор вазифалар сари

Божхона хизмати: изчил ислоҳотлар ва устувор вазифалар сари

Ўзбекистон Республикасида божхона хизмати тизими мустақиллик йилларида маълум ютуқларга эришган бўлса-да, лекин соҳа олдида ўз ечимини кутаётган устувор вазифалар ҳам  талайгина. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони  божхона тизими ижобий ислоҳотларга юз тутишига хизмат қилади. 

Хусусан, мазкур фармонда белгилаб берилган топшириқлар ижроси божхона назорати ва расмийлаштирувинин мураккаб тартиб-таомиллари ва узоқ муддатларини қисқартириб, божхона органлари ходимлари ўртасидаги коррупциявий  ҳуқуқбузарлик ва хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиниши, ташқи савдо операцияларини мониторинг қилиш соҳасида идоралараро ва халқаро ҳамкорликнинг жонланиши,  контрабанда ва контрафакт маҳсулотларни олиб киришнинг олдини олиш вазифаларини самарали бажариш, божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш схемаларини аниқлаш имконини беради. Мазкур ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси божхона органларини ислоҳ қилишнинг муҳим 8 йўналиши белгилаб берилди. Бунда божхона органларининг барча даражадаги тузилмалари вазифа ва функцияларини аниқ белгилаш ва тақсимлашдан тортиб, коррупцияга барҳам бериб, халқ ишончини мустаҳкамлаш, ахборот алмашинуви, хал- қаро ташкилотлар билан ҳамкорлик борасида илғор тажрибаларни қўллаш, профессионал кўникмага эга кадрларни тайёрлаш ва бошқа масалалар назарда тутилган.

Мазкур ҳужжатнинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, 2018 йил 1 июлдан бошлаб, товарларни божхона режимларига жойлаштирилишида, шунингдек, хорижий автоташувчиларнинг  мамлакатимиз ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиш маршрутларини ўзгартирилишида божхона органлари томонидан бериладиган рухсатномалар бекор қилинди. Шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари божхона брокерларига мурожаат қилмасдан божхона юк декларацияларини интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлди.

Аҳамиятлиси, божхона омборларида уч йилдан ортиқ сақланиб келинаётган мол-мулклар эса божхона органлари томонидан ушлаб қолинади ва улар уч ой давомида талаб қилиб олинмаган ҳолларда суд қарори асосида давлат фойдасига ундирилади.

Мазкур фармон божхона органларининг зиммасига яна бир масъулиятни, яъни тадбиркорлик субъектлари томонидан божхонага тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилиги ва уларнинг ташқи савдо фаолияти қонунийлигини текшириш мақсадида товарлар ва транспорт воситалари эркин муомалага чиқарилгандан сўнг ҳам уларнинг божхона назоратини амалга оширишдек фаолиятни белгилаб берди.

Ушбу ҳужжат асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси тузилмасида яна 3 та янги бошқармалар: божхона маъмурчилигининг илғор ва инновацион усулларини жорий этиш, хавфларни мониторинг қилиш ва баҳолаш, ташқи савдо операциялари ва божхона статистикаси мониторинги бошқармалари ташкил этилди. Уларнинг асосий вазифалари этиб Бутунжаҳон савдо ташкилоти, божхона ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотларнинг стандартлари ҳамда тавсияларини таҳлил қилган ҳолда божхона ишини ривожлантириш, соҳавий қонун ҳужжатлар бузилиши хавфи юқори бўлган товар ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини назорат қилиш ҳамда ташқи савдо операцияларининг мониторингини ташкил этиш ҳисобланади.

Фармонда божхона хизматларини кўрсатиш ҳамда назорат пунктларини ривожлантириш ҳам кўзда тутилган. Импорт операциялари билан шуғулланувчи субъектларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида давлат-хусусий шерикчилик асосида замонавий логистик марказлари ташкил этилади. Ушбу марказларда логистика, банк, тезкор-лаборатория, фитосанитар, ветеринар, санитар-эпидемиолог, экологлар ҳамда сертификатлаштириш органлари томонидан «ягона дарча» тамойили асосида хизматлар кўрсатилади.

Ушбу ҳужжат 26 январни Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати ходимларининг куни этиб белгиланишига ҳам асос яратди. Яъни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда «Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси белгиланган тартибда ишлаб чиқилиши ва Олий Мажлис  Қонунчилик палатасига киритилишини таъминлайди. Шунингдек, давлат раҳбари томонидан алоқадор вазирлик ва идораларга жорий йилнинг 1 ноябригача Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексини янги таҳрирда ишлаб чиқиш вазифаси топширилди. Янги Кодекс халқаро талаблар ва нормалар билан уйғунлашган ҳолда яратилади.

Фармонда белгиланган топшириқларнинг тўлақонли ижросини таъминлаш мақсадида Президент «Ўзбекистон Республикаси божхона хизмати органлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорни ҳам имзолади. Унга кўра, божхона қўмитасида таркибий-ташкилий ўзгаришлар назарда тутилган. Шу билан бирга, божхона органлари фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш бўйича «Йўл харитаси» қабул қилинди. Унга асосан, хорижий давлатлар билан савдо-сотиқ операциялари соддалаштирилган божхона йўлаги тизими орқали амалга оширилади.

Қонунчилиқдаги ушбу ўзгаришларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида ташқи иқтисодий фаолият ривожланиши, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширилишида турли бюрократик ғовларнинг бартараф этилиши ҳамда божхона тизимининг очиқлиги ва шаффофлиги таъминланишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Толибжон Саидов,
вилоят божхона бошқармаси бошлиғи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Талабага имтиёзли кредит

Ҳар ҳафта кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан ўтказилаётган мулоқотларда вилоят ҳокими Тўра …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE