Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Бойсун – ҳамиша эътиборда

Бойсун – ҳамиша эътиборда

Тоғлар бағридаги сўлим Бойсун воҳамизнинг маданий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга ҳудуд саналади. Айниқса, кейинги йилларда туманда саноатни, ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш учун зарур шарт-шароит яратилаётгани барчамизни қувонтирмоқда. Президентимизнинг ҳар гал Сурхондарёга амалга оширадиган ташрифидан сўнг Бойсунда ҳам ижобий ўзгаришларни кузатмоқдамиз.

Ўтган йилги ташрифдан кейин шифобахш Хўжамайхона булоғи суви туманимиз марказига етиб келди. Яқингача бойсунликларнинг фақат орзуси бўлиб келаётган тоза ичимлик суви, у билан боғлиқ муаммолар бартараф бўлди. Келгусида мазкур лойиҳанинг иккинчи босқичи амалга оширилиши билан Сариқамиш, Пудина, Пулҳоким, Инкобод, Омонхона, Ўртабўз, Даштиғоз, Работ қишлоқлари марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланиши кўзда тутилаяпти. Албатта, бу ишлар туманимиз аҳлининг узоқ йиллик орзулари ушалаётганидан дарак бермоқда. Бетакрор табиати, шифобахш ўсимликлари билан маш ҳур бўлган Бойсунимизда янги соҳа — фармацевтика саноатини ривожлантириш мақсадида “Бойсун-фарм” эркин иқтисодий зонаси ташкил қилинди. Бу ерда доривор гиёҳлар табиий шароитда кўпайтирилиб, соҳага кўпроқ маҳаллий мутахассислар жалб қилинди.

Муҳтарам Президентимизнинг яқинда вилоятимизга қилган ташрифи давомида туманимиздаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ конида бўлиб, амалга оширилаётган йирик лойиҳа билан яқиндан танишди. Айтиш лозимки, Юртбошимиз 2017 йил Россия Федерациясига ташрифи чоғида россиялик инвесторлар билан мазкур конда дастлабки қидирув, уни ишлатиш ва газ-кимё мажмуаси қуриш бўйича маҳсулот тақдимотига оид битим имзоланган эди. Умумий қиймати 5,2 миллиард АҚШ доллари бўлган лойиҳа икки босқичда амалга оширилади. Айтиш жоизки, биринчи босқичда 5 миллиард куб метр газни қайта ишлаш қувватига эга завод қурилиши режалаштирилган. “Эрта газ” дастури доирасида 2020 йилдан бошлаб йилига 1 миллиард куб метргача табиий газ қазиб олинса, 2023 йилда яна 15 та қудуқ фойдаланишга топширилиши билан заводнинг иккинчи линияси ишга туширилади. Унда йилига 5 миллиард куб метр газ қазиб олинади. Иккинчи босқичда 1,5 миллиард куб метр газни қайта ишлаш ҳисобидан йилига 500 минг тонна полимер маҳсулотлари ишлаб чиқариладиган газ-кимё мажмуаси барпо этилади ва лойиҳа амалга оширилиши билан 2 минг 200 та иш ўрни яратилади. Бу туман аҳолиси бандлигини таъминлашда яхши имкониятдир.                                     

Битим доирасидаги ишларнинг бориши билан танишган Президентимиз лойиҳа ҳамкори, “Altmax Holding LTD” компанияси таъсисчиси, россиялик инвестор Андрей Филатов билан дас тлабки геологик-қидирув ишлари натижалари, лойиҳалаштириш ва қурилиш ишлари ҳақида суҳбатлашди. Таъкидлаш лозимки, Бойсунда бошланган навбатдаги лойиҳа Устюрт газ-кимё ва Қандим газни қайта ишлаш мажмуалари сингари вилоятимизни комплекс ривожлантириш, ёнилғи-энергетика, кимё, қурилиш саноати ҳамда транспорт инфратузилмаси корхоналари қувватларини ошириш имконини беради.

Юртбошимиз Ш.Мирзиёев ушбу лойиҳа Сурхондарё заминидаги углеводород захираларини ўзлаштириш ва қайта ишлашда оламшумул воқеа бўлаётганини таъкидлар эканлар, бу сўзлар мени ва барча бойсуникларнинг қалбини фахр ва ифтихорга тўлдирди. Негаки, Бойсун мисолида янги ўзгаришларга юз тутаётган вилоятимизнинг яқин истиқболдаги ютуқлари Ватанимиз тараққиётига ҳам муносиб ҳисса бўлиб қўшилаётир.

Назар ТУРДИБОЕВ,
халқ депутатлари Бойсун туман Кенгаши депутати

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Воҳа пилллакорлари ютуғи

Вилоят пиллакорлари зафар қучишди. Она Ватан сурхондарёликлардан 1500 тоннадан зиёд “кумуш тола” қабул қилди. Бирин-кетин …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan