Бош саҳифа / Жамият / Бовамнинг сурати

Бовамнинг сурати

ёки кечаги кун ҳақида ўйлар

Кейинги пайтларда одамлар насл-насаби, бобою бобокалонларининг мансаб-мартабалари билан кўп мақтанадиган бўлиб қолишди: “Менинг бобом дуохон ўтган, у ўқиб дарёни тескари оқизган…” — “Менинг авлодларим эшон, бутун халқ уларга мурид бўлиб, ҳурматига етган”. — “Менинг отам раис…” ва ҳ.к.

Табиийки, эшонлар ҳам, раислар ҳам, феъли-хўйига қараб, ҳар хил ўтган. Ҳазрат Нақшбанд ҳам эшон бўлган, аммо у киши “дил ба ёр, даст ба кор”, дея ўз ризқини меҳнат билан ҳалол топган. Дукчи эшон бобомиз бутун бир миллатнинг ғаму қайғуси билан яшаган, миллий озодлик ҳаракатига раҳнамолик қилган. Мана шундай улуғларларимизни ҳар қанча эсласак, уларнинг илмини ўргансак ва уни ҳаётимизда қўлласак арзийди.

Ҳар қадамда аждодининг эшон бўлганию ўзининг эшонзода эканлиги билан мақтаниб, ҳаётида бирор яхшиликка ярамаган, умрида илинжсиз, ғаразсиз бирор иш қилмаган ва сизга қараб, тап тортмай, “менинг аждодим эшон ўтган, дуоси билан дарёни қуритган, сен ким бўпсан!”, дея эчкемарникидай кўзларини лўқ қилиб турган кишига нима ҳам дердингиз? — “Худо инсофингни берсин” дейсиз. Ичингизда эса “уриб бўлмас хўжани, сўкиб бўлмас хўжани — худо урсин хўжани” жумлалари беихтиёр такрорланади. Иш қилиб, сен оқиб турган дарёларни қуритмасанг, бўлгани!

Азайимхонлик билан дарё ни тескари оқизадиган кишини ким кўрибди? Ахир нафаси шундай илоҳий қувватга эга зотлар ҳақиқатдан мажуд бўлса, уларни кўз қорачиғидай асраб, улар ёрдамида бекордан-бекор оқиб ётган дарёларни чўлу биёбонларга бошқариб, у ерларни боғу роғларга айлантирсак, беҳад савобларга қолмасмидик? Қанчадан-қанча техника, ишчи кучи, вақт тежаларди… Ҳай-ҳай. Ўшандай эшонларнинг умри бекордан бекор иссиқ-совуқ қилиш билан ўтиб кетибди-я. Афсус, минг афсус.

Ҳозирги эркин замонда кишилар насл-насаби ҳақида фахр, ғурур билан гапирадилар. Бу ҳам эркинлик, озодлик неъмати. Бутун бир халқ, миллат озоду мустақил бўлиб, сўз эркинлигига эришгандан кейин, аввалгидек ҳадиксирамай, кўнглида бору йўғини гапирадиган бўлиб қолди. Бундай замонга тасаннолар бўлсин… Бунгача эса….

— Бобою бобокалонларинг ким ўтган?

— Деҳқон бўлганлар, чорикорлик қилганлар…

— Бойларнинг қўлида ишлаганлар…

Саводи бўлганми уларнинг?

— Йўқ, ҳарф танимаганлар… Бармоқларини сиёҳдонга ботириб, қўл қўйганлар…

Агар архивлардаги, ўтган асрнинг 30-40 йилларини қўятуриб, 50-йилларида ҳам баъзи давлат идораларида тузилган баённомаларни кўздан кечирсак, уларда ёзиб қолдирилган худди шундай савол-жавобларга дуч келамиз. Бинобарин, ўша пайтларда аждодларида саводли, араб алифбосини билган, ҳеч бўлмаса “ҳафтияк”ни ўқиган бўлса, бас. Масъулиятлироқ вазифадан умид қилмай қўяверсин. Саводи, иқтидори ҳеч қандай “роль” ўйнамайди. Аравакашлигини қилиб юраверсин, вассалом — Якуний хулоса шундай бўлган. Натижада қатағон қилинган мулла, хатиб, эшонларнинг болалари, ҳатто неваралари ҳам уларни саводсиз эди дея, арвоҳларига туҳмат қилганлар. Бошқа иложи ҳам йўқ эди-да, уларнинг!

Бу қарийб мустақиллик йилларигача давом этиб келди. “Оиласида қатағон қилинганлар бўлганми?” — бу савол ва жавоби шўролар мамлакатининг ҳар бир фуқароси ҳақида махсус идоралар ғаладонларида сақланадиган маълумотларларнинг энг муҳими бўлган. Тасдиқ жавоб уни эгасининг бундан кейинги ҳаёт йўлларида ғов бўлиб қолаверган.

Қуруқ қошиқ оғиз йиртар, дейдилар.

Юз гапдан бир далил афзал. Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари. Ёш олимни вазирликка чақириб қолдилар. Хорижда унинг мутахассислиги бўйича малака оширишга битта ўрин бор. Агар номзоди ўтса, боради, ўқиб келади. У ишлаётган муассасадан бошқа талабгор бўлмагани туфайли у танловсиз ўтиши мумкин. Фақат “объективка” — маълумотномани аниқ, хатосиз тўлдириш талаб қилинади. Ундаги барча саволларга аниқ ва тўлиқ жавоб бериш лозим бўлади.

Ҳужжатлар тўлдирилди, тузилиб топширилди. Ўша “оилангизда репрессияга учраганлар бўлганми” сўроғига ҳам аниқ жавоб берилди: “Ҳа, бобомиз фалончи фалончиев қирқинчи йил уйи да “Қуръони Карим”ни, араб алифбосида битилган “Шоҳнома”ни сақлаганлари ва “Сайид-Оталиқ” мадрасасида ўқиганлари сабаб қамоққа олинган ва ноаниқ маълумотларга кўра, қирқ биринчи йил Тошкентнинг Грек шаҳарчасида отилиб, Яланғоч қабристонида дафн этилган”.

Ёш олим уйига қайтди. Бир ҳафтадан кейин унинг тўртинчи қаватдаги хонадонига биров бошяланг, сариқ сочлари ўсган, малла костюм-шимда, қўлида эски “Ленинское знамя” газетасига ўралган ниманидир кўтариб келди. Дам олиш куни. Бошқа вақт тополмаслигини билган.

       — Ихлосов шу ерда яшайдими?

— Ҳа, келинг?

Меҳмон эшикдан кириб, туфлисини ечди. Уйни кўздан кечирди. Оддийгина, арзон палослар тўшалган. Қаршисида, коридорда эски қўнғир шифонер деворга суяниб турибди. Пойабзал қўядиган токча кириш жойида, бурчакда. Меҳмонхонада китоб жавонлари, битта эски стол ва стул.

— Келинг, меҳмон, — дейди уй эгаси. Уни кўк ранг га бўялган эшиги очиқ турган китобхонасида тўшалган кўрпачага ўтирғизади, дастурхон ёзади, чой—пой…

Меҳмон ўзини танитишни лозим топмади. У ер-бу ердан гурунглашиб ўтирди. Сиёғидан ўзимизнинг шу ерли уруғларимиздан эканлиги сезилиб турибди.

— Мен шу домда яшайдиган дўсингизни сўраб келгандим. У кишини уйларидан тополмадим. Менга сизни билади, дейишди.

— Кўрсам, дўстимга нима дей, ким сўради, деб айтай?

Мезбон ўзини эшитмаганга солдими ёки ростданам эшитмадими. Саволни жавобсиз қолдирди.

— Китаб мўл экан сизда.

— Меҳмон, касбимиз китоб билан-да…

— Жаваннинг устидағи кимнинг сурати, соқоллари зап узун экан? Бовангизникими?

— Қайси бобомни сўраяпсиз?

— Ҳа, ўша қамалған бовангизни-да…

— Бобомни эслаганингиз учун раҳмат. Афсуски, у кишидан расм қолмаган. У киши суратга тушмаганлар. — “Тавба, бу одам бобомни қаердан биларкин?”…

— Бу сурат ким эса?

— Бу киши буюк ёзувчи Лев Толтой бўладилар.

— Жазучи денг, — бошини қашиди меҳмон. — У киши кимнинг устидан жазиб буюк бўлган?

Мезбон нима деб жавоб беришни билмай, кулгисини ичига ютиб, очиқ эшикка қараб сўради:

— Энаси, яна чой дамлаб келинг…

— Йўқ. Керакмас. Раҳмат, — деди меҳмон, — эмди менга рухсат. Мана, сиз билан ҳам танишдиқ. Дўсингиз уйига келгандир. У кишиникага ўтай.

Мезбон бу ажабтовир, чақирилмаган меҳмонни кузатар экан, газетага ўралган нарсасини унинг қўлига тутқазишни унутмади:

— Бошқа уйга меҳмонга келгансиз. Буни ўша уйга олиб боринг.

— Бемалол. Олмасангиз, хафа бўламан.

Уй эгаси меҳмон билан пастгача бирга тушди. Аммо у бирор подъездга бурилмай, “совға”сини қўлтиғига қисиб, катта асфальтга чиқиб кетди. Мезбон яна ҳайрон. Бу ким бўлди? Нега “дўстингизникига келгандим”, деб ёлғон гапирди?

Яна бирор ҳафталар ўтгач Ихлосов ўша “меҳмон”ни ўз подъездида учратиб қолди.

— Сиздан бир нарсани илтимос қилмоқчи эдим, — деди у ҳол-аҳвол сўрашгач.— Менга бир аппарат керак. Уни сизлар кўп ишлатасизлар. Дарсда, расмларни катта қилиб ўқувчиларга кўрсатиш учун керак экан…Шундан битта топиб берсангиз.

— Эпидиаскопми?

— Ҳа, шунга ўхшаган.

— Бундай аппарат мактаб лабораторияларида бўлади. Менинг уйимда у нима қарайди?

— Уйингизда бўлмаса, бошқа таниш-билишларингиздан…

— Шошманг-шошманг. Нега мен сизга аппарат топиб беришим керак, айтингчи?

— Ишингиз битади-да! Ахир, хорижга бориш ўзидан ўзи бўлармиди?

— Гап бу ёқда денг. Энди, меҳмон, бундай қиламиз. Менинг ишим сизга қолган бўлса, шу иш битмасин. Мен сизни танимайман, сиз-мени. Келишдикми?

Шу-шу сариқ одам даф бўлди. Чехословакия ҳам тугади. Биров сўрамади ҳам, чет элда ёш олимнинг малака ошириши нима бўлди, деб.

Эҳ, бечора бобом…

Насл-насабини пеш қилиб, ҳар жойда мақтаниб юрган замондошлардан гоҳида сўрагим келади: “Қани, ўзингиз нима қилиб юрибсиз? Эртага авлодлар сизнинг номингизни фахрланиб тилга оладиган бирор савобли ишнинг бошини тутдингизми? Улар ҳам вақти келиб, мана бу боғни отам яратган, мана бу қасрни бобом қурган (қурдирган), мана бу чинорни… дея мақтана оладиларми?”

Бозор Илёс ал-Амин

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Uchovlonning to’rtinchisi

Ommaviy axborot vositalari odatda to‘rtinchi hokimiyat sifatida tilga olinadi. Jurnalistlar esa bevosita jamiyatda mavjud uch …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan