Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Бошланиши бошқача

Бошланиши бошқача

ЁКИ ПАХТАЗОРДАН 80 ЦЕНТНЕРДАН ҲОСИЛ ЙИҒИБ ОЛАМИЗ, БУ ЛОФ ЭМАС, РЕАЛ ҲАҚИҚАТ, ДЕЙИШМОҚДА ТУМАНДА ИШ БОШЛАГАН “АНГОР СУРХОН ҒУРУРИ” МЧЖ ТАДБИРКОРЛАРИ

— Боболаримиз омоч билан ер ҳайдаб,  20-22 центнердан ҳосил олишган. Оталаримиз плуг билан заминни шудгорлаб, 45-55 центнердан хирмон кўтаришди.

— Биз энди Туркия давлатидан келтирилган қудратли техникалар ёрдамида заминни 75-80 сантиметр чуқурликда юмшатдик ва албатта, ҳар гектар пахтазордан 80 центнердан ҳосил йиғиб оламиз, деган улуғ мақсад билан меҳнат қилаяпмиз, — деди МЧЖ бош ҳосилоти Абдуманнон Тўраев. — Менинг бу сўзим лоф эмас, реал ҳақиқатга айланади. Бугун ёши эллик беш-олтмишга кирган одамлар яхши эслайдики, ўтган асрнинг саксон бешинчи йилларида қумқўрғонлик тажрибали деҳқон Ҳасан Мухторов ғўза ўстирилган ҳар гектар ерга 8-10 тоннадан гўнг солиб, 60 центнердан ҳосил йиғиб олгани кечагидек эсимизда. Заминимиз унумдор, фақат ҳалол ишласак, ерни тўйғазсак замин биз кутгандан ҳам зиёд ҳосил беради…

МЧЖ тадбиркорлари ҳукумат қарорига асосан ўтган йилнинг ноябрь ойида Ангор туманига ташриф буюришди. Улар туманнинг кунботар томонида жойлашган далаларни деҳқончиликка танлашди. “Қорасув”, “Новшаҳар”, Ш. Рашидов номли сув истеъмолчилар уюшмалари таркибидаги саксондан зиёд фермер хўжалиги тугатилиб, 4793 гектар ер  МЧЖ тасарруфига берилди. Юқорида номлари зикр этилган учта СИУ ҳудудидаги боғдорчилик, паррандачилик, чорвачилик билан машғул фермер хўжаликларининг ери ҳам, мол-мулки ҳам ўзларида қолдирилди. Чунки халққа гўшт, сут, тухум ҳам, мева-чева ҳам керак.

Мўл ҳосилга пойдевор сифатли шудгор орқали яратилади. МЧЖ тадбиркорлари ишни заминни сифатли шудгорлашдан бошлашди. Халқ ғўзапояни йиғиштириб олиб ерни бўшатгач,  экин майдонлари суғориб чиқилди. Ҳар гектар майдонга 300 килограммдан аммофос, 30 килограммдан калий сочилди. Шу пайтгача фермер хўжаликлари фойдаланган бирорта ҳам “Алтай”, “Арион” ва “Т-150” ҳайдов тракторлари далага қўйилмади. Аввал туман МТПсида ишлаган Камол Ўтанов, Эркин Жўраев, Баҳодир Раҳмонқулов  каби ўнлаб механизаторлар яп-янги тўрт ғилдиракли “Т-70-60 NEW Holland” русумли тракторларни бошқаришаяпти. Юқори унумли тракторларга Туркия давлатидан келтирилган  “Nercistepc” русумли омочлар тақиб, йигирма кун ичида барча майдонда шудгорлашни якунлашди.

Тадбиркорлар ишлатган омочларнинг афзаллиги шундаки, бир йўла икки ишни бажаради. Омоч рамасининг олд қисмига  чуқур юмшатгичлар ва орқа қисмига айлана пичоқлар ўрнатилган. Трактор омочни тортгач, чуқур юмшатгичлар ерга 80 сантиметргача ботади, кўчган кесакни эса орқа пичоқлар майдалаб кетаверади. Биринчидан, ёнилғи иқтисод қилинади, тракторчига бир марта ҳақ тўланади. Икки жараён бир йўла бажарилиши туфайли трактор баллонлари тупроқни зичлаштирмайди. Омоч ўтган ерни кўрсангиз, теп-текис, “Алтай”, “Арион” ҳайдов тракторларига тақилган плугларга ўхшаб, ерни паст-баланд қилиб ташламаган.

(Давоми кейинги сонда)

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Қизириқлик ғаллакорлар ютуғи

Вилоятдаги энг кўп ғалла етиштирувчи туманлардан бири — Қизириқ тумани меҳнаткашларининг ўтган йил кузидан буён …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE