Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Бошланиши бошқача

Бошланиши бошқача

ЁКИ “ПАХТАЗОРДАН 80 ЦЕНТНЕРДАН ҲОСИЛ ЙИҒИБ ОЛАМИЗ, БУ ЛОФ
ЭМАС, РЕАЛ ҲАҚИҚАТ”, — ДЕЙИШМОҚДА ТУМАНДА ИШ БОШЛАГАН
“АНГОР СУРХОН ҒУРУРИ” МЧЖ ТАДБИРКОРЛАРИ

(Давоми. Боши ўтган
сонда)

— Туркиядан келтирилган омоч билан шудгорлаш ернинг 40-50 сантиметр юқоридаги унумдор қисмини пастга ташлаб юбормайди, аксинча, 80 сантиметргача ботиб, ернинг анча вақтдан буён омоч ботмаган қуйи қисмини ҳам юмшатади. Натижада, ғўза ва бошқа экинлар илдизи ерга чуқурроқ кетади, — дейди биз билан суҳбатда МЧЖ раҳбари Фарҳод Адизов. — Биз омочларни шудгор тугагач, тозалаб, мойлаб бостирмаларга жойлаб қўйдик. Сабаби — жуда қиммат нархларга олиб келинган бу омочларни қўшниларга берсак, тошдек қотиб ётган ерни ағдаришадида, икки куннинг ичида пичоқни ҳам, омочни ҳам яроқсиз ҳолга келтириб, қайтариб беришади…

Тадбиркорлар шудгорланган заминда битта ҳам кесак кўринмасада, барибир ерни длинабазалар  билан кафтдек текислашаяпти. Чунки ерга чигит шу пайтгача қўлланиб келинган оддий сеялкалар билан экилмайди. Ҳозирда қўлланиладиган экиш сеялкалари эса ҳар ўн гектар экин майдони ҳисобига бир гектарини деҳ- қон зиёнига бой берарди. Рақамли тарзда ишлатиладиган сеялкалар ўша ерни фермер фойдасига олиб беради.

КАНАЛ, АРИҚ ТОЗА БЎЛСА

Тугатилган фермер хўжалиги раҳбари, иш бошқарувчиси, энг муҳими, аъзолари ишсиз қолгани йўқ. Масалан, “Раҳмон издошлари” фермер хўжалиги раҳбари Акмал Эшмуродов ўн йилдан ортиқ 37 гектар майдонда деҳқончилик қилиб келган бўлса, энди у агробўлим бошлиғи, 468 гектар заминда экин ўстиради. Тадбиркорлар ишлайман, деган қишлоқ аҳлини кўкрагидан итаришмади. Собиқ саксонта фермер хўжалигида нари борса, 300-320 нафар аъзо ишлаган бўлса, МЧЖ тадбиркорлари бугун 900 нафар кишини иш билан таъминлашган. Ташкил этилган 11 та агробўлим, 51 агробригадаларга кечаги кунда фермер бўлиб турган Рустам Жўллиев, Акмал Эшмуродов, Тўра Алиев, Хайрулла Аллаёров, Ўғилой Маматова ва бошқалар раҳбарлик қилишаяпти. Улар ўтган йилнинг ноябрь ойидан бери тиним нималигини билишмайди. МЧЖ раҳбарлари таклифи, тавсияси ва аниқ режасига асосан экин майдонларига сув келадиган барча канал ва ариқ-зовурларни тозалашмоқда.

Айтиш керакки, фермерлар умуман эътибор бермай қўйганлиги туфайли сув йўллари лойқага тўлиб, қамишзорга айланиб қолганди. МЧЖнинг тўртта экскаватори ва 900 нафар ишчи саъй-ҳаракати билан каналлар тозаланаяпти. Айни пайтда собиқ “Қорасув”, “Новшаҳар” ва Ш. Рашидов номли ширкат хўжаликларига борган киши ўз даврида эл худди Фар- ғона каналини қазишда қандай ҳамжиҳатлик билан иштирок этган бўлса, 15 километр узунликдаги “7-К” каналини “Қорасув” СИУ ҳудудидаги аҳоли, 23 километрлик “Новшаҳар” каналини “Новшаҳар” ҳудудидаги фуқаролар, 26 километр узунликдаги “Автобат” каналини Ш. Рашидов номли СИУ ҳудудидаги деҳқонлар қазишмоқда. “Новшаҳар” СИУ ҳудудида бўлганимизда  собиқ “Октябрь” каналини тозалаётганлар билан суҳбатлашдик. —Шу пайтгача фермер хўжалигида иш бошқарувчи эдим, — дея ўзини таништирди Сайфулла Ўтанов. — Ҳозир МЧЖдагилар мени агробригада бошлиқлигига тайинлашди. Уч юз кишига бош бўлиб, каналу ариқларни лойқадан, қамишдан тозалаяпмиз. Бу ишда иштирок этаётганлар учун ҳар куни иссиқ овқат тайёрланаяпти. Яна ҳар бир ишчига кунига 30 минг сўмдан пул беришаяпти. Рағбат кўрган одамлар ўз хоҳишлари билан каналу ариқларни тозалашмоқда.

— Ҳозирда қишлоқда бекорчи кишининг ўзи йўқ, — дейди ишчи Рўзимурод Қодиров. — Шу пайтгача қишлоқнинг ёшу қариси ишсизликдан бир пана жойга ўтиб йиғилишардида, кун бўйи қартабозлик қилишарди. — Бугун Тожимурод Ўтанов, Раҳмон Кўрпаев, Нурмаҳмат Ялқапов каби ўнлаб қишлоқдошларим билан тонг саҳардан бел, кетмонни кўтариб, канал қазишда фаол иштирок этаяпмиз. Чунки тушликда иссиқ овқат тайёр ва кечга бориб ҳар биримиз 30 минг сўмдан  олаяпмиз…

“Қорасув” қишлоғида бўлганимизда 200 нафардан зиёд киши “7-К” каналини тозалашаётган экан. Тушликка яқин ошпаз катта дошқозонда қайнатма тайёр бўлганини эълон қилиб, ҳаммани чорлади. Одамлар бир жойга тўпланишди, дастурхонлар ёзилди. Овқатланиб бўлишгач, яна канал тозалашга киришдилар.

— Мен узоқ йил хўжаликда ҳар хил вазифаларда ишладим, — дейди 70 ёшли Барот  Абдураҳмонов. — “7-К” каналининг бугунгидек тозаланмаганига 30 йилдан ошдиёв. МЧЖ тадбиркорларига раҳмат, ҳар бир кишига кунига 30 минг сўм бериб, канални тозалатишаяпти. Элимиз ҳам қараб тургани йўқ, канални тозалаётганларга кимдир уйидан иссиқ чой, бошқаси кескан ош тайёрлаб чиқишаяпти. Ноябрь ойидан бери шу тарзда иш ташкил этилганлиги туфайли ҳудудимиздаги 124 километр узунликдаги ариқ-зовур лойқадан тозаланибди. Яқингача қамишу лойқа босиб ётган сув йўллари чиннидай тозаланганини кўриб, кишининг баҳри дили очилади.

Биласиз, орада автобазаларнинг тракторию “ЗИЛ”, “КамАЗ” автомашиналари талабгорларга хусусий мулк қилиб берилди. Ёзда бу техника эгаларига иш кўп. Кимгадир қум керак, бошқаси ғишт ташитади. Қиш бўлгани учун техникаларга бироз иш камайган. МЧЖ тадбиркорлари ана шу техникаю ҳайдовчиларни ҳам ишли қилишди. Тракторчига, “ЗИЛ” ҳайдовчисига солярка ажратиб, хизмат ҳақини бериб, ҳар бир қишлоққа юклагич трактори қўйиб, ариқ-зовур, канал чеккасида тозалаш жараёнида тўпланиб қолган чиқиндиларни машинага, тракторга юклаб далаларнинг паст жойига, ўйдим-чуқур бўлиб ётган қишлоқ кўчаларига тўктиришаяпти. Икки ой илгари ариқ-зовур, каналларнинг қамишу лойқа босиб ётганини кўриб ачинардингиз. Энди ариқлар, зовурлар топ-тоза. Бу ишга миллион-миллион сўм сарфланмоқда.

— Бежизга ишни сув йўлларини тозалашдан бошламадик, — дейди Абдуманнон Тўраев. — Чунки айни суғориш пайти муаммо чиқмаслиги керак. Ҳар қатра сувдан унумли фойдаланишимиз зарур. Тозалаш ишлари поёнига етгач, каналу ариқлар бетонлаштирилади ва ҳар-ҳар жойда гидропостлар, дараклар ўрнатилади. Бу эса сувни тақсимлашни осонлаштириш баробарида тежаб фойдаланиш   имконини яратади.

ЕРГА ЕР ҚЎШИЛАЯПТИ

Касбимиз тақозоси туфайли ҳар мавсум фермерлар билан учрашганимизда “дала маданиятига эътибор бераяпмиз, ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш чорасини кўраяпмиз” дейишарди. Аслида-чи? Кўпгина фермерларнинг даласи четини ўт босган бўларди, тут дарахтлари ёки симёғочлар тагидаги бир-икки метр ерга йил бўйи ҳеч бир экин экилмасди. МЧЖ тадбиркорлари ҳар бир карта четларида ҳайдалмай ётган жойларни шудгорлашаяпти. Ариқлар четига ташланган уюм-уюм лойқаларни бешта бульдозер билан текислаб, ерга ер қўшишаяпти.

— Эътибор берган бўлсангиз, ҳар бир далага сув келадиган ариқлар ҳар мавсум фермерлар томонидан озми-кўпми тозалангану чиққан лойқа дала четига ташланаверган. Оқибатда далалар четидаги камида икки-уч метр жой банд бўлиб, қамишу бегона ўт босиб ётаверган, — дейди Абдуманнон Тўраев сўзида давом этиб. — Биласиз, зараркунанда ҳашаротларнинг кўпи шу жойларда қишлайди. Биз ҳозир дўнгликларни бульдозер билан текислаб, ерга қўшаяпмиз, қамишу бегона ўтларни ёқиб юбориб, зараркунанда ҳашаротлар уруғига қирон келтираяпмиз…

ЭСКИ ИМОРАТДА
БИОЛАБОРАТОРИЯ

Хусусийлаштириш жараёнида “Новшаҳар” ширкат хўжалигида фақат битта бино эгалланмай қолган, у ҳам қаровсизликдан нураш арафасида эди. МЧЖ тадбиркорлари шу иморатни анча маблағ эвазига капитал таъмирлашди ва биолабораторияга айлантиришди.

— Биз бу мавсум қарийб беш минг гектар майдонда деҳқончилик қиламиз. Бошқа жойдан биомаҳсулотлар харид қилмоқчи бўлсак, ўз вақтда етказиб бера олмайди. Шуни ҳисобга олиб, эски иморатни биолабораторияга мослаштирдик, — дейди МЧЖ раҳбари Фарҳод Адизов. — Айни пайтда 20 нафар ходим биолабаротия бокс- ларида “Хабрабракон”, “Олтинкўз”, “Трихограма” сингари фойдали ҳашаротларни кўпайтиришаяпти.

— Шу пайтгача ишсизликдан уйда бекорчи эдик, — дейди Охунбобоев номли маҳаллада яшовчи Зоҳида Пайғамова. — Қишлоғимизда лаборатория очилганидан ғоят хурсандмиз. Бугун дугоналарим Нилуфар Қиличева, Бибинисо Жумаева, Раъно Маматова, Моҳира Жалолиддиновалар билан биолаборатория мудири Умиджон Қаюмовнинг кўрсатмалари асосида фойдали ҳашаротларни кўпайтираяпмиз…

Айтиш керакаки, биолабораторияда кечаю кундуз иш тўхтамаяпти. Ходимларга дам олиш, ювиниш учун ҳамма шароитлар муҳайё. Душ, сауна ишлаб турибди. Биолабораторияни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 8 километр олисдан линия тортилмоқда. Электр энергияси бўлмай қолган тақдирда, иккита “Kipor” аппарати ишлатилиб, хоналар энергия билан таъминланади.

САБЗАВОТЛАР ЭКСПОРТГА ЧИҚАРИЛАДИ

“Қорасув” қишлоғида бўлганимизда Рамзиддин Холиқов бошлиқ бир гуруҳ деҳқонлар эртачи карам парвариши билан шуғулланишаётганининг устидан чиқдик. Плёнка остида 20 гектар майдонда карам ўстирилмоқда. 5 гектар майдонда паваришланаётган қизил лавлаги плёнка остида яшнаб турибди. Тадбиркорлар яна 150 гектар майдонга картошка экиш учун ер ҳозирлашаяпти.  Бу майдонларда қишлоқнинг икки юз нафардан кўпроқ аҳолиси меҳнат қилаётир.

— Умумий  ер майдонининг учдан икки қисмига ғўза парваришланади. Қолганига сабзавот ва дуккакли экинлар ўстирилади, — дейди МЧЖ иш бошқарувчиси Ўткир Мирзаев. — Бу йил шартнома тузган Россия ва қозоғистонлик ҳамкорларимизга сифатли маҳсулотлар жўнатамиз. Келгуси йил эса ғўза майдонларининг бир қисмига сабзавот экинлари жойлаштирилади. Шу тарзда йилма-йил алмашлаб экишни кенг жорий этиб, барча турдаги қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ҳосил олинишига эришилади…

Хулоса сифатида шуни айтиш керакки, “Ангор Сурхон ғурури” МЧЖ таркибида пахтани қайта ишлаш, йигириш, тўқиш, бўяш ва тикишни ўз ичига олган ишлаб чиқариш мажмуаси барпо этилади. Сабзавот ва полиз маҳсулотларини хорижга экспорт қилиш имкониятлари кенгайтирилади. Айни пайтда пахта тозалаш ва ёғ-мой корхонаси барпо этиш юзасидан ташкилий ишлар бошланган.

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

СОТИХИДАН БИР ТОННАГАЧА

Уй-жойи, томорқаси бор, тоғни урса толқон қиладиган йигитларнинг оиламни  боқаман, деган баҳона билан  хорижий мамлакатларда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan