Бош саҳифа / Сиёсат / Бош қомусимиз – инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси

Бош қомусимиз – инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси

Комил ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси бугун барчамиз учун мўътабар ижтимоий-ҳуқуқий қадриятга айланди.

Ўзбекистон Конституцияси мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаёти, шунингдек, ташқи сиёсати билан боғлиқ барча масалаларни ҳуқуқий тартибга солувчи принциплар ва нормаларни белгилаб беради. Лекин, энг асосийси, Бош қонунимизда давлат халқ иродасини ифодалар экан, унинг манфаатларига хизмат қилиши мустаҳкамлаб қўйилган.

Барча фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари таъминланишига эришиш ҳар қандай демократик давлат олдидаги энг устувор вазифадир. Шу сабабли ҳар бир давлат тараққиёт сари қадам ташлар экан, энг аввало, ўз фуқаролари ҳуқуқлари вa қонуний манфаатларини амалда таъминлаш йўлида ислоҳотлар олиб боради. Буни ривожланган мамлакатлар тажрибаси мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Чунки тараққий этган давлатлар ислоҳотларни миллат манфаатлари доирасида амалга ошириш орқали энг юксак натижаларни қўлга киритган.

Сўнгги 25 йилда ўз матнларида Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро биллда қайд этилган принципларни инобатга олган ҳолда, шахс- ни ҳуқуқий ҳимоялаш чораларини аниқ ифодалаган конституциялар ва қонун ҳужжатларининг сони сезиларли даражада ошди. Улар жумласига Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини ҳам киритишга тўла ҳақлимиз.

Инсон ҳуқуқлари ичида энг асосийси, албатта, инсоннинг ҳаётга бўлган ҳуқуқидир. Инсон ҳукуқлари умумжаҳон декларациясининг ушбу муҳим қоидаси Конституциямизнинг Vll бобида акс этган. Бу билан давлат ва жамиятнинг барча воситалар орқали яшаш ҳуқуқини кафолатлашдек муҳим мажбурияти ифода этилган. Бу ҳуқуқнинг амалга оширилиши давлат ва жамият демократик ривожланишининг асосий омилларидан бири ҳисобланади.

Мамлакатимизда изчил олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида ўлим жазосининг бекор қилиниши билан боғлиқ ислоҳотларни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Чунки ҳуқуқий демократик давлат сифатида тез-тез тилга олинадиган, инсон ҳуқуқларининг энг намунали ҳимоячиси сифатида эътироф этиладиган мамлакатларнинг ҳаммасида ҳам ҳозирги кунга қадар ўлим жазоси тўлиқ бекор қилинмаган. Шу сабабли Ўзбекистонда ўлим жазосининг умрбод озодлиқдан маҳрум этиш жазоси билан алмаштирилиши халқаро ҳамжамият эътиборига сазовор бўлган эди.

Шу ўринда Бош қонунимиздаги яна бир жиҳатга эътибор қаратсак. Конституциянинг 45-моддасига кўра вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир. Бу норма орқали аҳолининг бошқаларга қараганда ижтимоий ҳимоя ва ёрдамга кўпроқ муҳтож бўлган қатлами ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратилиши қатъий белгилаб қўйилган. Албатта, бундай мазмундаги модданинг Конституциямизда ўз ифодасини топиши ҳам бежиз эмас. Чунки ўзбек халқининг асрлар давомида шаклланган қадриятлари орасида ҳам муҳтожларга ёрдам бериш, ногиронлар, кам таъминланганлар ҳолидан хабар олиш, етимлар бошини силаш азалдан жамоа масъулиятидаги вазифа ҳисобланган.

Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг энг асосий омили ҳам халқимизнинг миллий ва умум- инсоний қадриятларга содиқлиги десак, асло янглишмаймиз. Шу сабабли инсонпарварлик, бағрикенглик, биродарлик тамойилларининг фақат Бош қонунимиз ва унинг асосида қабул қилинган қонун ҳужжатларидагина эмас, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ҳам ўз ифодасини топиши кўпгина халқлар учун ибрат бўлишга арзигуликдир.

Д. ХУШНАЗАРОВ,
Термиз ҳарбий прокурорининг
ёрдамчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Хатосини тан олди

Дин инсонни гуноҳдан, ёмон ишлардан сақловчи, виждон поклигини таъминловчи кучдир. Диний билимларни яхши ўзлаштирган инсон …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan