Бош саҳифа / Ҳуқуқ / Боқувчисини йўқотганлик нафақаси кимларга берилади?

Боқувчисини йўқотганлик нафақаси кимларга берилади?

БиЎзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунининг 19-моддасида вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлади, деб кўрсатилган.

Қуйидагилар оиланинг меҳнатга қобилиятсиз аъзолари ҳисобланадилар:

а) болалар, ака-укалар, опа-сингиллар ва набиралар 16 ёшга тўлмаган бўлса ёки 16 ёшдан катта бўлса ҳам 16 ёшга тўлмасдан ногирон бўлиб қолган бўлсалар. Бунда ака-укалар, опа-сингиллар ва набираларнинг меҳнатга қобилиятли ота-онаси бўлмаса;

б) ота, она, ўгай ота, ўгай она, хотин, эр, башарти, улар 7-моддада назарда тутилган пенсия ёшига тўлган ёки ногирон бўлсалар;

в) ёшидан ва меҳнат қобилиятидан қатъи назар, ота ва онадан бири ёки эр (хотин) ёхуд бува, буви, ака-ука ёки опа-сингил, агар у вафот этган боқувчининг болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набираларини, ишловчиларга болага қараш учун иш ҳақи сақланмаган таътилда бўлиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлгунга қадар боқиш билан машғул бўлса ва ишламаса;

г) бува ва буви — агар қонунга мувофиқ уларни боқиши шарт бўлган кишилар бўлмаса.

Ўқувчилар 18 ёшга тўлгунга қадар боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эгадирлар.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сонли қарори билан тасдиқланган «Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 1681-хат бошисида ўқувчиларга боқувчисини йўқотганлик пенсияси улар 18 ёшга тўлгунга қадар тўланади. Бунда Пенсия жамғармаси бўлими ҳар йили таълим муассасасига ташриф буюрган ҳолда таълим олинаётганлиги ҳолатини белгилаш юзасидан мониторингни амалга ошириши белгиланган.

Юқоридагиларга асосан, боқувчисини йўқотганлик пенсияси болалар 16 ёшга тўлгунига қадар агарда бола ўқувчи бўлса 18 ёшгача тўланиши мумкин.

Саволга Термиз шаҳар адлия бўлими масъул ходими Ҳабиб Абдураҳмонов жавоб берди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan