Бош саҳифа / Таълим / Болажон боғча опа

Болажон боғча опа

Бугун боғча ёшидаги болаларнинг билимли ва зукко бўлиб вояга етишида улар олаётган сабоқларнинг аҳамияти катта. Болани комил инсон қилиб тарбиялаш учун эса мактабгача таълим муассасаларида фаолият юритаётган тарбиячиларнинг салоҳиятли бўлиши, тарбияланувчилар билан бирга турли машғулотлар олиб бориши талаб этилади.

Термиз шаҳридаги 19-мактабгача таълим муассасасида фаолият юритаётган Феруза Саидова ҳам ана шундай болажон ва жонкуяр тарбиячилардан.

У ҳозирда боғчадаги энг кичик тарбияланувчилардан 27 нафарига “Болажон” таянч дастури асосида машғулотлар олиб бормоқда. Меҳнатлари ижобий самарасини бериб, жорий йил “Энг фаол ёш тарбиячи” кўрик-танловининг шаҳар босқичида ғолибликни қўлга киритиб, танловнинг вилоят босқичига йўлланма олди.

— Болажонлар билан ишлаш менинг жону дилим, — дейди Феруза Саидова. — Ҳар бир бола руҳияти ўзга бир олам. Улар билан кўплаб машғулотларни ўтказамиз.  Уларнинг бийрон тилда айтаётган шеърларини, эртакларини эшитиб, завқланаман. Айниқса, болалар билан эртак қаҳрамонлари қиёфасини гавдалантириш орқали уларнинг нутқини ўстиришга ҳаракат қиламан. Баъзи бир тарбияланувчиларим тенгдошларига қараганда, машқларни, машғулотларни ўзлаштиришда бироз қийналади. Шунинг учун улар билан алоҳида шуғулланаётганда нутқни ўстиришга қаратилган технологияларни қўллайман. Болажонлар билан ишлаш жараёнида қандай қилиб кун кеч бўлганини сезмай ҳам қоламан.

Бундан ташқари, гуруҳдаги болаларни бадантарбия қилдириш, уларда мусиқа тинглаш маданиятини шакллантириш, шахсий гигиенага риоя қилиш кўникмаларини ўстириш борасидаги, шунингдек, лой иши, расм чизиш маш- ғулотлари болажонларнинг соғлом бўлиб ўсишига, ижодий қобилиятини, қўл моторикасини ривожлантиришга хизмат қилаётир.

Адолат
МЎМИНОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Қалбни ёритувчи маёқ

Онам қишлоқдаги мўъжаз кутубхонада ишлардилар. Бутун ҳаётим давомида китобни севишни, уларга меҳр қуйишни онамдан ва …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE