Бош саҳифа / Таълим / Болаликнинг ширин ҳарорати

Болаликнинг ширин ҳарорати

Сиз уммонсиз, мен билган устоз,
Сиз онасиз, онамдек азиз.
Сиз отамсиз, отамдек қўрғон,
Шу боисдан машаққат билмам,
Баҳор янглиғ ўтаман чўлдан.

Ҳа, ёшликнинг жўшқин, бетакрор давридан хотира бўлиб қолган бу мисралар ҳаётим давомида шу касб эгаларига бўлган ҳурматим ва эъзозим тимсоли бўлиб келади. Термиз шаҳридаги муҳташам Санъат саройига йиғилган, болаликнинг бетакрор ҳароратидан, бахтдан масрур, мамнун ўқувчиларни кузатар экансиз, таассуротлар беихтиёр ширин болалик хотирларига жон бахш этади.

Бу ўқувчилар бугун мактабда эгаллаган билимлари сарҳисоби сифатида кўксига олтин, кумуш медалларни тақиб, бир олам орзулар билан мустақил ҳаёт остонасига чоғланаётган қалдирғочлардир. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 февралдаги «Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини олтин ва кумуш медаллар билан такдирлаш тартиби тўғрисида»ги 154-сонли қарорига мувофиқ вилоятимизда 11-синф битирувчилари орасидан энг иқтидорли бўлган 220 нафар ўқувчи олтин ва 181 нафар ўқувчи кумуш медаль соҳиби бўлишди.

Вилоят ҳокимлиги ва халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан умумтаълим мактаблари битирувчиларини олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш мақсадида тантанали тадбир ташкил этилди. Тадбир улуғ аллома Имом Термизий мажмуасига зиёрат билан бошланди. Сўнгра иштирокчиларнинг Термиз шаҳридаги ахборот кутубхона маркази ва археология музейига саёҳати уюштирилди.

Тантанали тадбирнинг асосий қисми Термиз шаҳар Санъат саройида бўлиб ўтди ва унда умумтаълим мактабларининг иқтидорли битирувчилари олтин ва кумуш медаллар билан тантанали равишда тақдирландилар.

Тадбирни вилоят ҳокимининг ўринбосари Рўзимурод Чориев очиб берар экан, ёш иқтидорларнинг бу муваффақиятида фидойи, ўз касбининг моҳир жонкуярлари бўлган ўқитувчиларнинг алоҳида ўрни борлигига урғу бериб ўтди. Уларнинг ўқитувчилари ва ота-оналарига миннатдорчилик билдирар экан, таълим соҳасида бевосита Президентимизнинг саъй-ҳаракати билан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида тўхталди. Шунингдек, жорий йилнинг 6-11 июнь кунлари Тошкент шаҳрида умумтаълим фанлари бўйича 11-синф ўқувчилари ўртасида республика фан олимпиадасининг якуний босқичида давлат ва ҳуқуқ асослари фанидан Қумқўрғон туманидаги 60-мактаб ўқувчиси Ҳилола Ҳакимова, тожик тили фанидан Сариосиё туманидаги 7-мактаб ўқувчиси Шукрона Ғофуровалар 1-ўринни ва Узун туманидаги 13-мактаб ўқувчиси Зурафо Файзуллаева 2-ўринни эгаллаб, олий таълим муассасаларига имтиёзли қабул қилинганлари билан табриклаб ўтди.

Тадбирда «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси – 2019» танловининг вилоят босқичида ғолиб бўлиб, танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган ўқитувчилар ҳам қимматбаҳо совғалар билан муносиб мукофотландилар.

Тадбир сўнггида театр жамоаси томонидан намойиш этилган саҳна асари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Шундан сўнг шаҳримиз марказидаги “Гранд алмаз” тўйхонасида устозлар ва иқтидорли ёшларимиз шарафига дастурхон ёзилди.

Ҳилола Ҳакимова Фазлиддин қизи

Қумқўрғон туманидаги 60-мактаб битирувчиси. Давлат ва ҳуқуқ асослари фанидан республика фан олимпиадаси ғолиби.

— Ўқитувчимнинг, ота-онамнинг қувончига сабаб, шерик бўлиш бахтига муяссар бўлганимга ҳали ҳам ишонмайман. Янаям, фанларни чуқур ўрганишимизга шарт-шароит, имконият яратиб берган давлатимиздан миннатдорман. Тошкент давлат юридик университетида имтиёзли ўқиш бахтига муяссар бўлдим. Ҳеч кимга айтмасам-да, роса ҳаракат қилдим, фанларни қунт билан ўзлаштирдим. Интилганга толе ёр, деганларидек юртимизда биз, ёшлар нимага астойдил интилсак, албатта, эришамиз, сабаби, бунинг учун барча имкониятлар етарли. Давлат ва ҳуқуқ асослари фани ўқитувчиси, устозим Рустам Бобохоновга алоҳида миннатдорчилик билдираман.

Шукрона Ғафурова Маҳкамовна

Сариосиё туманидаги 7-мактабнинг 11-синф битирувчиси. Тожик тили ва адабиёти фанидан республика фан олимпиадаси ғолиби.

—Улуғ алломамиз Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир”, дея таъкидлаганларини устозим бизга бот-бот эслатарди. Термиз давлат университетига кириб, ўқитувчим Ситораи Азиз каби ўз касбининг устаси бўлмоқчиман. Айтишади-ку, муҳаббат берсанг, муҳаббат оласан, деб. Ёшларга меҳр билан таълим бераётган барча ўқитувчиларга чин юракдан раҳмат айтмоқчиман. Менинг эришган ютуқларим, аввало, уларниг меҳнати мевасидир, десам, муболаға бўлмайди.

Зурафо Файзуллаева Лутфулло қизи

Узун туманидаги 13-мактаб битирувчиси. Тожик тили ва адабиёти фанидан республика фан олимпиадаси 2-ўрин соҳиби.

— Тўғрисини айтсам, бу ҳаяжонли дақиқалар бутун ҳаётим давомида ёдимда қолишига шубҳа қилмайман. Аввало, бизнинг таълим ва тарбия олишимизга имконият яратиб берган давлатимизга, шу соҳанинг фидойи инсонларига ва устозларимизга чуқур таъзим қиламан. Термиз давлат университетига имтиёзли кириш ҳуқуқига эга бўлдим. Тожик тили ва адабиёти фани ўқитувчиси, устозим Мусаллам Гадоева тимсолида шогирдларига бутун борлиғини берадиган ўқитувчиларимиз гавдаланади. Биз — бахтиёр ёшлар бу имкониятлар масъулиятини чуқур англаймиз ва шунга яраша она юртимиз довруғини оламга танитадиган муносиб фарзандлар бўламиз.

Маҳмуд АЛИ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Билимлилар синовларда сараланмоқда

Йилдан йилга севган соҳалари бўйича таҳсил олиб, олий маълумотли бўлиш илинжида бўлган ёшларимиз сафи тобора …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE