
Болалигимни эсласам кўз олдимда ҳокисор ва камтарин, бир зум тиним билмаган отам Нурмамат Аҳмедов гавдаланади. У киши Денов туманининг Қароқчи тоғ ён бағрида жойлашган Лўкка қишлоғида истиқомат қилган.
Ота-онасидан эрта етим қолган отамнинг ёшлиги жуда оғир кечган. Исмоил раис доим уларни алламаҳалгача ишлатар, ҳали ер чоптирар, ҳали буғдой ўрдирар экан. Ўқишни астойдил истаган отам раисга ўқийман, деб ҳар қанча айтмасин, рухсат бермаган. Қарори қатъий отам эса Термизга қочиб кетади ва ветеринарликка ҳужжат топширади. Ўқишни тамомлаб қайтгач, Денов туманига қарашли фермада фелдшер бўлиб ишлай бошлайди. Ўша пайт- ларда онам Улжаной билан тақдирлари қўшилиб турмуш қуришади ва олти фарзандни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказишади.
Ўша пайтларда энг яхши улов от бўлган. Отам отга миниб Сина, Куёвсой, Тўхтамиш, Хўжасой, Вахшивор қишлоқларидаги чорва фермаларига қарашли отар-отар қўй-эчкилар, сигирларни даволаган. Совуқни совуқ, иссиқни иссиқ демай тоғу адирлар, сойлар кечиб юраверган. Оиламиз тотувлигига иқтисодий танг- лик раҳна сололмаган. Акам ва мендан кейин онам эгиз фарзанд — Ҳасан Зуҳрани дунёга келтирган. Афсуски, Зуҳрани асраб қолиша олмаган. Бир неча йилдан сўнг қайғу устига қайғу бўлиб, укам Асад касалга чалиниб оламдан ўтгани ота-онамга зарба бўлди. Шунга қарамай улар ўзларини иш билан овутишган. Отам қишлоқда катта боғ яратади. Улар эккан олма-узумлар, мева-чевалардан бутун қишлоқ аҳли баҳраманд. Ҳали ҳануз отам яратган боғнинг меваларини тановул қилган борки, уларни дуо қилишади.
24 невара, 16 чеварали бўлган ота-онам бирор марта бетоб бўлиб ётиб қолган эмас. Аммо бир сафар трактор уриб касалхонага тушиб қолганимда онам сўроқлаб келиб, узоқ дуо қилгандилар. Шу кетишда онам уйга бориб, бизни бир умрга тарк этганди. Отам онамдан кейин ўн йилдан ортиқ умр кўрган бўлсаларда, онам хотираси, соғинчи билан яшадилар. 87 ёшида бизни тарк этган бўлсаларда, улар бизга сингган меҳнатларида, берган тарбия ва ўгитларида яшаётгандек бўлади.
Абдурайим АҲМЕДОВ