Болалик

0
77

Инсоннинг асл қиёфаси беғубор болалик онларида зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қолинади. Инсон улғайгач, бу хотиралар ўтмиш қаърига ғарқ бўлади. Аммо, унинг ҳар лаҳзаси хотира аталмиш музейда, юрагимизнинг бир четида бир умрга сақланади.

Болалик подшо-да. У ўзи учун ҳукм чиқаради, қарор қабул қилади. Ўйинқароқ кулгуси билан оламни эгаллайди. Осмонларга туташ қалби билан худди эркин қуш мисоли кўкда парвоз этади, яйрайди. Вақт — олий ҳакам қўнғироғини чалганида эса беихтиёр маюсланади, секингина кўкдан ерга тушади. У яна кўтарилишга, тўйиб-тўйиб парвоз қилиб, ҳадсизликни-да қучишга уринади, бироқ… Энди бу онларга қайта олмасилигига амин бўлади. Чунки у улғайди.

Бир эслаб кўринг-а, кўча тўлдириб ўйин-кулгу қилишлар, ота-онамизга эркаланишларимиз, лунжимизни тўлдирганча мириқиб  ширинлик ейишимиз, анҳорда чўмилганлармиз… Бугун  ҳеч қачон қайтиб келмас бу дақиқалар билан бирга қалбимиздаги соф туйғуларни ҳам йўқотгандекмиз, назаримда. Чунки болаликда ҳар биримиз пок ниятли, оқ кўнгилли, анчайин меҳрибонроқ бўлганмиз. Ғийбат, ёмонлик, ҳасад ва ғаразгўйликдан йироқ юрганмиз. Аммо баъзан қани ўша кўнгилчалар, қани ўша соф туйғулар, ўша меҳр, дегим келади.

Лек яна биргина илинж қалбимга юпанч беради. Биз энтикиб, завқланиб хотирлайдиган болалик энди фарзанларимиз қиёфасида намоён бўлади. Эзгуликлар уларнинг қалбида куртак ёзади. Шуларни ўйлар эканман, жилла қурса, улардаги соф ва беғубор туйғуларни авайлашимиз, болаларимиз қалбига инсоний туйғулар уруғини экиш имконимиз борлигидан қувонаман.

Дурдона ЎРОҚОВА

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг