Бош саҳифа / Жамият / Болалар гигиенаси

Болалар гигиенаси

Малика 2 ёшли ўғлининг ҳархашаларига чидай олмай, нуқул ўйинчоқлар билан овутишни яхши эплайди. Ўйнаса шундай ўйинчоқларни ўйнайди-да. Ахир ойиси биттагина набираси учун чет элдан энг яхши, қимматбаҳо ўйинчоқларни олиб келган.

Бола ўйинчоқлар билан машғул пайтида Малика мириқиб телевизор кўради, дугоналари билан телефонда чақчақлашади. “Уйда бола парвариш қилишнинг ўзи бўладими, чалғиб туриш ҳам керакку”, ўйлайди ўзича. Аммо шундай хаёллар билан юрган кезларида ўғлининг тез-тез бетоб бўлаётгани онанинг таъбини хира қилди. Текширувлар натижасида болада жиддий касаллик борлиги аниқланди. Бола парвариши у ўйлагандек осон иш эмаслигини тушуниб етганида жуда кеч эди. Чунки болакай ўйинчоқлари таркибидаги кимёвий моддалардан заҳарланган эди.

Бундай ҳолат такрорланмаслиги учун ҳар бир она эҳтиёткорлик билан ўйинчоқ танлаши лозим. Негаки, фарзанднинг болалик даври ўйинчоқлар ёнида ўтади. Ўйинчоқлар билан ўйнаш давомида бола у билан суҳбатлашади. Дўстлашади. Ҳатто уйқуга кетишдан олдин ҳам севимли ўйинчоғини қучоқлаб ётишни хуш кўради. Ўйинчоқ ўйнаш нафақат вақтни мароқли ўтказади, балки бола дунёқарашини кенгайтиришда, тасаввурларини жамлашда ҳам ёрдам беради. Айниқса, ёшига тўлиб тиш чиқараётган болалар ўйнаётган ўйинчоғини тишлашни, сўришни одат қилади. Шундай экан ўйинчоқларнинг айнан болаларга мўлжалланганини, зарарсиз ва хавфсиз бўлганини танлаган мақбул. Ишлаб чиқарувчилар ҳар қанча харидоргир маҳсулот ишлаб чиқармасин, уни сотиб олиш ёки олмаслик ота-она ихтиёрида. Ҳаттоки пластик эшик, ойналар, пол ва мебеллар ҳам бола соғлигига акс таъсир қилиши ҳеч гап эмас. Айниқса, пластмассадан ясалган ўйинчоқлардан эҳтиёт бўлган яхши. Ўйинчоқ танлаётиб, уларнинг ўткир ҳидли ва хавфли қисмларга эга эмаслигига эътибор қаратганингиз маъқул. Пластик ўйинчоқ харид қилаётганда ҳам албатта улар “болалар учун хавфсиз” деган белгига эга бўлиши шарт. Янада ишончингиз комил бўлиши учун маҳсулот учун сертификат талаб этишни унутманг!

Хонадонингизда мавжуд ўйинчоқларни кўздан кечиринг. Сиз учун шубҳали ва зарарли туйилган ўйинчоқ бўлса, ундан дарҳол воз кечган маъқул. Доимий равишда ўйнаётган ўйинчоқларини эса маълум муддатда қайнатиб ёки бошқача усулда тозалаб хавфсизлантириб турганингиз яхши. Бордию тез-тез ўйинчоқлар олиб беришга имкониятингиз бўлмаса, баъзи ўйинчоқларини яшириб қўйиб, вақт ўтиб тутқазсангиз фарзандингиз худди янги ўйинчоқ олгандек қувонади ва олдинги зерикишлар арийди.

Фарзандингиз учун ҳамма нарсанинг энг яхшисини раво кўрар экансиз, маҳсулотнинг нархига эмас, унинг сифати ва стандартларга жавоб бера олиши ҳақидаги ёрлиққа эътибор қаратинг. Нархи сизни ўйлантираётган бўлса, яхшиси харидни бошқа сафарга қолдирганингиз маъқул. Арзон ўйинчоқлар билан бирга касаллик ҳам сотиб олаётганингизни унутманг! Бола бир неча йил давомида шу заҳарли ўйинчоқлар чангини ютади, ҳидлайди, татийди, организмида йиғади. Уларнинг асорати ҳозир эмас, келажакда ўта ёмон касалликларда намоён бўлиб чиқади. Баъзи ўйинчоқлар ичидаги кимёвий воситалар, ҳатто саратон касаллигини келтириб чиқаришга сабабчи бўлиши мумкин.

Турли бўягич, фломастер ва қаламлар чанги эса ўткир жигар касалликларининг орттирилишига олиб келиши ҳеч гап эмас. Пластик ўйинчоқлар таркибидаги кимёвий моддалар келажакда болада эндокрин, буйрак, жигар касалликларини юзага чиқаради.

— Чақалоқлар одатда олти ойдан бошлаб тиш чиқаришни бошлайди, — дейди болалар шифокори Зулайҳо Ибрагимова. — Бу муддатда болалар қўлига илинган нарсани оғзига олиб бориб, тишлашга, сўришга тушади. Бунда тиши чиқиши учун ёрдам берувчи «чайнагич» ўйинчоқлардан фойдаланиш яхши натижа беради. Фақат бу воситаларни дорихона ёки махсус болалар дўконларидан сотиб олиш керак. Бола бу ўйинчоқларни асосан оғзига солиб ўйнайди. Агар у токсик (заҳарли) бўлса, боланинг саломатлигига тузатиб бўлмайдиган зарар келтириши мумкин. Қолаверса, сутни бутилка орқали ичаётган бола учун имкон борича махсус шиша ёки заҳарсиз тайёрланган пластик бутилкалардан фойдаланиш лозим. Умуман олганда, кичик ёшдаги болаларга ўйнаш учун, истеъмол ва бошқа мақсадларда олинадиган маҳсулотлар соғликка хавф туғдирмаслиги керак. Бунинг учун ота-оналардан эҳтиёткорлик ва синчковлик талаб этилади.

Тасаввур қилиб кўринг. Билиб туриб фарзандингизга муддати ўтган бўтқа ёки айниган мевани раво кўрасизми? Асло бундай қилмаслигингиз аниқ. Аммо зарарли ўйинчоқларни болангизнинг жажжи қўлларига тутқазганингизни айниган мева берганингиздан нима фарқи бор. Шундай экан ҳушёр бўлинг! Келажак авлод соғлиги нафақат ота-она учун, балки бутун бир жамият ва давлат учун ҳам муҳим масала саналади. Унутманг, фарзандингизнинг соғлиги ва бекаму кўст вояга етишида сиз — ота-оналар масъулсиз. Болангизга вақтингиз ва меҳрингизни ажрата олсангиз, бозордаги эътиборни тортувчи ялтироқ, заҳарли ўйинчоқларнинг кераги ҳам бўлмай қолади.

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Битирувчилар МИБда ишлаши мумкинми?

Бу саволга талабалар Термиз давлат университетида Маж-бурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси вакиллари билан ўтказилган …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan