Бош саҳифа / Жамият / Бола тарбияни кимдан ўрганади?

Бола тарбияни кимдан ўрганади?

Бу ҳар куни эшитадиган, сийқаси чиқиб кетган саволдек туюлар, тўғрими? Жавоблар эса ҳар хил …Кимдир ҳеч иккиланмай бола тарбияни ота-онадан, кимдир мактабдан ўрганади, дейишади.

Келинг мушоҳада қилайлик … Бу саволга жавоб сўралганда ҳар иккала томон бир хил жавобни беришади; қуш уясида кўрганини қиладида. Илоҳо, қушларимизнинг уялари бекаму-кўст бўлсин, деймиз. Лекин, полапонларимиз кўзлари билан кўриб, уяларидаги ҳаракатларини назорат қиладиган қушларимиз соғ-омон бўлишсин. Тарбияли, билимли, ақлли, интизомли бола ҳақида гап кетса, ўша ўқувчи яхши натижага эришса, дарров “Ота-онаси тушунадиган, илмли, одамлар-да” деймиз. Лекин бирон бебошлик қилса, тарбия ўчоғи бўлган мактаб зиммасига масъулият ёғилади. Ота-она томошабин. Жавоблари битта …Мен билмай қолдим, мен сезганим йўқ…

Ҳолатни вақтида нега сезмадинг, нега психолог ишламади, хотин-қизлар қўмитасининг раиси қаерга қаради? Нега индивидуал суҳбат олиб борилмади. Ўқитувчи ҳам ҳайрон, нима қилсин, ташқи томондан қараганда ўша бебош қушчанинг «уяси» жуда ҳашаматли эди-да. Ота-онаси ҳам туппа-тузук одамлар… Демак «уянинг» мустаҳкамлигига ҳам қарамас эканда, қушчанинг ҳаракати. Бу ҳолатда яна мактаб айбдор, сабаб ҳам тайёр… Ота-она ишда бўлишган, эрта кетиб, кеч келинган, мактабга ишониб топширишгандан сўнг, қараш керакда, жуда чигал, тўғрими? Ўқитувчилар ҳар иккала ҳолатда ҳам айбдор…Нега ўқувчи тартибсиз? У нега тартибсизлик қилади, нега катта йўлни кесиб ўтади? Нега тунги барга боради? Нега форма қиймасдан келади? Нега ўқувчи дарсга кечикиб келади? Хуллас, барчасига жавобни ўқитувчи ва мактаб раҳбарияти беради.

 Агарда шу саволларни таълим соҳаси ходимлари ота-оналарга беришса борми… Эҳ, уларнинг баъзиларини жавобларини эшитсангиз, мактабга келмаган ўқувчининг уйига борган ўқитувчи қандай ҳақоратлар эшитишини кўрсангиз эди. “Нега ҳа деб келаверасиз, бола меники, чиқиб кетинг, вақтим йўқ гаплашишга, шуни деб ишга кеч қолайми”?…

Ёки “Ўқитувчи кеча боламни хафа қилган, энди умуман юбормайман? Юбкаси калта бўлса нима, ўзим олиб берганман, ҳамма шундай кияди”…

Қисқаси айрим ота-оналарга учрашиб, уларнинг уйини, ўзини тутишини кўриб, ўйланиб қоламан. …Баъзи ота-оналарнинг ўзлари тарбияга муҳтож…Шу боисдан ўтказилган ота-оналар йиғилишларидан бирини «Устоз ва ота-она фарзандини комилликка етакловчи қўш қанотдир”, деб номладик. Ўқувчига қоғоздан қанотлар ясаб, ота-оналар олдига қўйдик ва ўртага “Мана шу қуш юксакка парвоз қилиши учун қайси қанотини кўпроқ силкитиши, ҳаракатга келтириши зарур?”, деган савол ташладик.

та-оналар ҳеч иккиланмай ҳар иккаласини, деган жавоб қайтаришди.

— Агар ҳар иккала қанот бир хил силкиниши зарур бўлса, нега сиз ҳаракат қилмайсиз, нега устоз томон қанотга тош отасиз. Устоз томон қанотни қайириб ташлаб, болангизни бир қанот билан қаергача парвоз қилдира олмоқчисиз, — деган саволлар ўртага ташланади. Ушбу саволлар берилгандан сўнг барча ота-оналар билан ҳамжиҳатлик ва қўлни-қўлга беришга келишдик.

Нима бўлганда ҳам бола тарбиясига барчамиз масъулмиз. Мактаб нафақат таълим, балки тарбия ўчоғи ҳамдир. Чунки тарбияли болага таълим бериш осонроқ. Бугун таълимнинг сифати сўралаётган пайтда, ҳеч қайси ўқитувчи ўқувчиларим тарбияси йўқлиги учун натижа кўрсата олмадим, дея олмайди. Ўқитувчининг меҳнати ўқувчи эришган ютуқ билан, унинг самараси билан баҳоланади.

Демак, биз таълим соҳаси ходимлари натижамизни кўрсатишимиз учун таълимни тарбиядан, тарбияни таълимдан ажратмаслигимиз, ота-оналар билан ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашимиз керак.

М. ХАЛЛИЕВА,

Термиз шаҳар халқ таълими бўлими мудири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Япониялик журналистлар воҳамизда

Япониялик журналистлар Сурхондарё вилоятидаги ижодий сафарини Термиз туманидаги Султон Саодат меъморий мажмуаси ва Қирққиз тарихий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE