Бош саҳифа / Жамият / Бола подшо…ми?

Бола подшо…ми?

Газетанинг 2018 йил 14 апрель сонида чоп этилган Хуршид  Қаршиевнинг “Бемеҳрликнинг илдизи қаерда?” мақоласида кўп яхши фикрлар келтирилган.

Ҳаётда неъматлар кўп. Неъматлар ичида энг ширини, жонга малҳами — фарзанддир. Халқимиз “Бола — подшо”, дейди. Ҳа, ота-она фарзандининг маълум бир ёшгача ҳамма истакларини рўёбга чиқариб, айтганини айтгандек бажаришга ҳаракат қилади. Подшо — гўдакнинг соғлиги, бахти учун барча қийинчиликларга дош беради. Лекин бу иборанинг давоми ҳам бор. “У подшоҳ, у қул, у дўст”. Каттароқ бўлиб, “қўллик, оёқлик” бўлиб, уй юмушларини бажариб, даст- ёрга айланган фарзанд қулга айланади. Кун келиб, сирларингизни бўлишганда, дардларингизга дармон бўлганда эса, фарзандингиз дўст бўлиб ёнингизда туради.

Ўрни келганда, иборага қўшимча киритиб айтмоқчиман: йиллар ўтиб, кексайиб, белдан қувват, кўздан нур кетганда фарзанд ота-онангга айланади. Меҳр беради, парвариш қилади, маслаҳат солади. Неъмат аталмиш фарзанд ана шу босқичларда ўз вақтида,  ўз мақомида туриши керак. Афсуски,  ҳаётга назар ташлайдиган бўлсак, кўп ҳолларда бола тахтдан тушмай қолаяпти. Назаримда, подшоҳлик мақоми умрбод қолаётгандек.

Хўш, бунинг сабаби нима? Илдизи қаерда? Мақолага қайтамиз. Муаллиф “Маша ва айиқполвон” мультфильми орқали бола психологиясини ўринли  хулосалар билан очиб беришга ҳаракат қилган. Мультфильмни кўрган болада ачиниш, раҳмдиллик туйғусидан кўра, ғолиблик, тантана қилиш, бузғунчилик, масхаралаш каби иллатли туйғулар шаклланади. Оқибатда улар ҳаётда ҳаммага, ҳатто ота-онага ҳам баланд келиб, хоҳлагандай муносабат қилиш мумкин, деган фикрга келадилар.

Муаллиф Хуршид Қаршиев бир ўринда “болалар жуда ақлли, улар юрагига ва ҳақиқатга яқинлиги боис ҳам ушбу мультфильмни мароқ билан кўрадилар”, дейди. Дарҳақиқат, улар жуда ақлли. Болача ақли билан, айёрона усулда ҳаммани Маша каби ишбилармонлик, гапбилармонлик тарзда бошқара оладилар. Болани, хўп бола-да, деймиз. Улғайиб, вояга етган фарзандларнинг ҳам ҳукми, хархаша-ю инжиқликлари тугамаса нима қилиш керак?! Бунинг асосий сабаби, ота-оналаримизнинг фарзанд тарбиясида мумкин ва мумкин эмас чегарасини билмаслигидадир.

Болалар ҳозирда бобо-момолари, ота-оналари эътибори ва тарбиясидан кўра, кўпроқ телевизор билан ошно бўлиб қолмоқда. Ҳатто мульт- фильмларда ҳам, севишиш, севги картиналари бўлгандан сўнг, албатта, боғчадаги бола “севиб” келади. Эрталаб боғчага кетаётган бола онасига ширинликларни мўлроқ солишни буюраяпти. “Севганига” берар экан. Оила даврасида боладан “шу қизни олиб берайликми?!” деб сўрашса илжайиб “ҳа” деяпти. Ота-она чунон хурсанд. “Мумкин эмас” деган чегара эса бузилган.

Ёинки зўравонлик, шафқатсизлик мавзусидаги мультфильмлардан сўнг, бола, албатта, қўлига қурол ушлагиси келади. Ғолиб бўлишни истайди. Боғча ёшидаги неварамнинг истаги билан қилич олиб бердим. Ҳужумга ўтди, “ўлиб берганимдан” сўнг, суюнишини кўрсангиз…

Халқимизда  жуда топиб айтилган гап бор: “Бўлса — бола, бўлмаса — бало”, деб. Аллоҳ берган неъмат — фарзандларимизни меҳримиз, меҳнатимиз, эътибор ва эъзозимиз билан тарбиялайликки, болажон бўлиб ўссин. Акс ҳолда, у ”подшо”, сиз эса қул бўлиб “БОЛАЖОН”га айланиб қолманг.

Гулнора АЛИМАТОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тавсиялар берилди

Саноат хавфсизлигини таъминлаш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан “Сурхондарёдонмаҳсулотлари” акционерлик жамияти тасарруфидаги корхоналарда навбатдаги …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE